Айрим йирик ОТМ ва тиббиёт марказларига хусусий инвесторлар жалб қилинади Ўзбекистонда айрим йирик олий таълим муассасалари ва республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини босқичма-босқич тижоратлаштириш режалаштирилмоқда. Президент фармонига кўра, бундай муассасалар хўжалик жамиятларига айлантирилади. Кейин уларнинг фаолиятига хусусий инвесторлар жалб этилади. Инвесторларни жалб қилиш механизмларидан бири сифатида муассасаларнинг устав капиталидаги акциялар пакетини оммавий савдоларга чиқариш кўзда тутилган. Бу амалда давлат муассасасининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш, корпоратив бошқарув тизимига ўтказиш ва хусусий капитал кириши учун шароит яратишни англатади. Ҳозирча қайси олийгоҳлар ва қайси республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари мазкур жараёнга биринчи босқичда киритилиши очиқланмаган. Шунингдек, хусусий инвесторларга акцияларнинг қанча қисми таклиф этилиши ва давлат назорат пакетини сақлаб қолиши ёки йўқлиги ҳақида ҳам аниқ маълумот йўқ. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X