🔴 Сербия Ўзбекистонга баллистик ракеталар бўйича ҳамкорлик таклиф қилди Аммо имзоланган ҳужжатларда мудофаа битими йўқ Сербия Ўзбекистон билан мудофаа саноати, жумладан, баллистик ракеталар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда Сербия президенти Александр Вучич Белградда ўтказилган Сербия–Ўзбекистон бизнес-форумида маълум қилди. Вучичнинг айтишича, Сербия ҳозирда қисқа масофали баллистик ракеталарни ишлаб чиқармоқда ва бир йилдан кейин узоқ масофага учувчи баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштирган. У форум вақтида Сербия мудофаа вазирининг моддий ресурслар бўйича ёрдамчиси Ненад Милорадовичдан узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни қачон бошлаш мумкинлигини сўради. Милорадович бунга бир йил кераклигини билдирди. Шундан сўнг Вучич Сербия бу йўналишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтди. «Бир йилдан кейин узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни бошлаймиз ва бу масалада ҳам сизлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — деди Сербия президенти. Вучич Сербия мудофаа саноати ривожланаётгани ва айрим давлатлардан технологиялар трансферини олаётганини ҳам таъкидлади. Ҳозирча Ўзбекистон томони Сербия президентининг баллистик ракеталар бўйича ҳамкорлик таклифига алоҳида муносабат билдиргани ҳақида расмий маълумот эълон қилинмади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X