🔴Россияда ишлаш қимматлашмоқда ✔️ Ўзбекистонлик мигрантлар сони камайяпти, патент нархи ошмоқда Россияда меҳнат мигрантлари учун талаблар кучайиб, ишлаш харажатлари ошиб бормоқда. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида 2027 йилдан меҳнат патенти нархи ойига 8 минг рублдан (1,16 млн сўм) 11 минг рублгача (1,59 млн сўм) ошади. Натижада мигрантлар йилига қўшимча 36 минг рубль, яъни 5,2 миллион сўм тўлашларига тўғри келади. Бу 37,5 фоизлик ўсиш дегани. Ленинград вилояти депутатлари тегишли ҳужжатни қабул қилган, Санкт-Петербургда эса қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Янги тариф кучга кирса, мигрантнинг бир йиллик патент харажати 96 минг рублдан 132 минг рублга етади. Ўзбекистон Миграция агентлиги маълумотларига кўра, 25 августдан 5 сентябргача Россиядан 96 415 нафар ўзбекистонлик қайтган. Уларнинг 54 885 нафари тўғридан-тўғри, 41 530 нафари Қозоғистон орқали қайтган. 2026 йилнинг биринчи ярмида ўзбекистонликларнинг ишлаш мақсадида Россияга кириш ҳолатлари ўтган йилга нисбатан 13,2 фоизга камайган. Қизиғи, Россияга ишлаш учун боришлар камайганига қарамай, Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ўсишда давом этмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида мамлакатга 15,17 миллиард доллар келиб тушган. Бу ўтган йилга нисбатан 8,9 фоиз кўп. Россия ҳали ҳам пул ўтказмаларининг асосий манбаи. Аммо унинг улуши 2025 йил биринчи чорагидаги 77,6 фоиздан 2026 йилнинг шу даврида 72,4 фоизга тушган. Демак, Россия меҳнат бозоридаги ўзгаришлар фонида ўзбекистонликлар учун ишлаш харажатлари ортиб, миграция йўналишларини диверсификация қилиш масаласи янада долзарблашмоқда. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X