🔴Ўқувчилари чолғуни яхши чалса, мусиқа ўқитувчисининг ойлиги ошади Ўзбекистонда мактабларнинг мусиқа фани ўқитувчиларига 20 фоизгача устама тўлаш тартиби жорий этилди. Энди қўшимча ҳақ ўқитувчининг ўқувчилари мусиқа асбобларини қанчалик яхши чалишига қараб белгиланади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 11 ноябрдаги қарорида назарда тутилган. Ҳужжат 12 ноябрдан кучга кирган. Янги тартибга кўра, ўқувчилар чолғу асбобларини чалиш бўйича махсус комиссия олдида имтиҳон топширади. Уларнинг маҳорати 100 баллик тизимда баҳоланади. Ўқувчиларнинг ўртача натижасига қараб ўқитувчига қуйидагича устама берилади: - 95–100 балл — 20 фоиз; - 90–94 балл — 18 фоиз; - 85–89 балл — 16 фоиз; - 80–84 балл — 14 фоиз; - 75–79 балл — 12 фоиз; - 70–74 балл — 10 фоиз; - 65–69 балл — 8 фоиз; - 60–64 балл — 5 фоиз. Агар ўқувчиларнинг ўртача натижаси 60 баллга етмаса, ўқитувчига ушбу устама тўланмайди. Болалар қандай баҳоланади? Комиссия ўқувчининг мусиқа асбобини чалиш техникаси, ритмни сақлаши, куйни ифодали ижро этиши, созни тўғри ушлаши, саҳнада ўзини тутиши ва асарни ёддан ижро этишини баҳолайди. Муҳими, устама битта иқтидорли ўқувчининг эмас, ўқитувчига бириктирилган баҳоланган ўқувчиларнинг ўртача натижаси асосида ҳисобланади. Қўшимча ҳақ ўқитувчининг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳисобланиб, мактаб директори жамғармасидан тўланади. Устама директор буйруғи билан тайинланади ва кейинги ой маошига қўшилади. Баҳолашдан норози бўлган ўқитувчилар беш иш куни ичида шикоят қилишлари мумкин. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X