🔴 Ўзбекистонда телефонни четдан олиб киришда импорт божи бекор бўлиши кутилмоқда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш арафасида мобил қурилмалар учун импорт божини нолга тушириши кутилмоқда. 11 ноябрь куни Божхона қўмитасининг матбуот анжуманида айтилишича, музокараларда бошқа давлатлар билан ноллик ставка бўйича келишувга эришилган. Анжуманда келтирилган ҳисобга кўра, бож бекор бўлгач, телефон харидорга 5 фоиздан сал камроққа арзон тушиши мумкин. Бу ҳозирча тахминий ҳисоб. Импорт божи нолга тушса ҳам, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўланади. Бюджетга таъсири ҳам баҳоланган. Божхона вакили ҳозирги тушумни қарийб 2 триллион сўм деб олиб, янги ставка қўлланса, бу сумма 300–400 миллиард сўмга камайишини айтди. Матбуот анжуманида ноллик ставка қайси санадан амал қилишига аниқлик киритилмади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
Uzdiplomat | Расмий канал
Янгиликлар, танқидий-таҳлилий мақолалар, журналистик суриштирувлар UzDiplomat.uz — Адолат очиқликдан бошланади •facebook.com/uzdiplomat •instagram.com/uzdiplomat.uz •youtube.com/@uzdiplomat Реклама: +99893 571 72 35 Таҳририятга мурожаат— @uzdiplomat_uz
-
edited -
edited 🔴Тошкент аэропортида телефонларни расмийлаштириш тикланди ✔️Бир неча юзта қурилма эгаларига қайтариляпти 11 ноябрдан Тошкент халқаро аэропортида йўловчилар четдан олиб келган телефонларни божхонада яна расмийлаштириши мумкин. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ва UZIMEI ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжуманида изоҳда маълум қилинди. Энди UZIMEI вакиллари аэропортда доимий ишлайди. Телефоннинг IMEI кодини аниқлаш учун қўшимча текширув керак бўлса, улар божхона ходимларига шу ернинг ўзида ёрдам беради. Расмийлаштириш тўхтатилган пайтда йўловчилардан вақтинча олиб қолинган бир неча юзта телефонни эгаларига қайтариш бошланган. Аввалроқ Тошкент аэропортида телефонларни божхонада расмийлаштириш вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берган эдик. 10 ноябрь куни Божхона қўмитаси буни айрим телефонларда сохта ёки бошқа қурилмага тегишли IMEI кодларидан фойдаланиш ҳолатлари кўпайгани билан изоҳлаган эди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
edited 🔴Ўзбекистонда iPhone импортидан ўтган йили 12 ойда тушган пул бу йил 5 ойдаёқ йиғилди Божхона қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга олиб кирилган iPhone телефонлари учун жами 326,8 миллиард сўм божхона тўлови тўланган. Бу йил эса май охиридаёқ бу сумма 329,5 миллиард сўмга, октябрь охирида 756,6 миллиард сўмга етган. Телефонлар сони ҳам кўпайган. Ўтган йил октябрда Ўзбекистонга 49,4 мингта iPhone олиб кирилган бўлса, бу йил октябрда 82,7 мингта олиб кирилган. Фарқ — бир ойда 33,3 мингта телефон. Ўтган йилги рақамларда бир жиҳат эътиборни тортади. Божхона ҳисобида январдан июнгача атиги 8,4 мингта iPhone қайд этилган. Июлдан декабргача эса 211,9 мингта. Яъни ўтган йили божхона ҳисобидан ўтган ҳар 100 та iPhone’нинг 96 таси йилнинг иккинчи ярмига тўғри келган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴Депутатлардан янгилик: Эндиликда молга яйловдан ўт ўриб келиш учун ҳам чипта сотиб олиш керак бўладими? Олий Мажлис Қонунчилик палатаси маълумотига кўра, депутатлар яйловлардан фойдаланишга оид қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Унда аҳоли ва тадбиркорлар яйловдан ижара шартномаси ёки чипта асосида фойдаланиши таклиф қилинган. Лойиҳага кўра, қишлоқ аҳолиси ўз чорвасини боқиши учун жамоат яйловларини ташкил этиш кўзда тутилган. Яйловларда мол боқиш билан бирга асалари боқиш, доривор ўсимликлар етиштириш ва сайёҳларни қабул қилишга ҳам рухсат бериш таклиф этилмоқда. Ҳозир фойдаланилмаётган яйловларни электрон аукцион, инвестор билан шартнома ёки давлат ва хусусий шериклик орқали фойдаланишга бериш режалаштирилган. Яйловларни асраш ва уларнинг ҳолати ёмонлашишининг олдини олишда рақамли технологиялардан фойдаланиш ҳам кўзда тутилган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴12 йилдан бери қидирувда бўлган амалдор АҚШдан Ўзбекистонга қайтарилди 2014 йилдан бери халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Ю. Н. АҚШда қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинди. Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасининг 10 ноябрдаги хабарига кўра, 1978 йилда туғилган фуқаро Жиззах шаҳар прокуратурасига топширилган. Ю. Н. Жиноят кодексининг 223-моддаси иккинчи қисми «г» банди бўйича айбланмоқда. Бу банд хорижга чиқиши учун махсус келишув талаб этиладиган мансабдор шахс чегарадан ўтиш тартибини бузган ҳолларга тааллуқли. Кодексда бундай қилмиш учун беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Ю. Н. ўша пайтда қайси лавозимда ишлагани, чегарани қачон ва қаердан кесиб ўтганликда айбланаётгани ҳақида ИИБ маълумот бермаган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴 Қашқадарё: Мактабга отасининг елкасида бораётган болалар ✔️Расмийлар елкасидаги масъулият-чи? Деҳқонободда ота-оналар болаларини мактабга олиб бориш учун дарёдан опичиб ўтмоқда. Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги Жингил қишлоғида олингани айтилаётган видео тарқалмоқда. Унда ота-оналар болаларини опичиб, дарёдан олиб ўтмоқда. Видео билан бирга тарқалган маълумотга кўра, болалар қишлоқдаги 84-мактабга кетаётган бўлган. Деҳқонобод тумани ҳокимлиги, Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигидан изоҳ кутамиз. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴 Фарзанди Россияда бўлган мигрант ҳар бир боласи учун патент тўловининг ярмини қўшимча тўлайди ✔️Бу қайси оилаларга тегишли? 2027 йил 1 январдан Россияда патент билан ишлаётган мигрант қарамоғидаги 18 ёшга тўлмаган ҳар бир фарзанди учун ойлик патент тўловининг ярмини қўшимча тўлайди. Бу қоида Россияда вақтинча турган ёки яшаётган болаларга тегишли. Масалан, ота ёки она Россияда ишласа, фарзанди эса Ўзбекистонда қолган бўлса, шу бола учун қўшимча тўлов ундирилмайди. Қўшимча сумма патент учун ҳар ой олдиндан тўланадиган даромад солиғига қўшилади. Москвада 2026 йилги ойлик тўлов 10 минг рубль. Шу миқдорда ҳисобласак, бир фарзандли оила ойига жами 15 минг рубль, икки фарзандли оила эса 20 минг рубль тўлаган бўлар эди. Бу мисол жорий йил нархи асосида келтирилди. Агар ота-онанинг иккаласи ҳам патент билан ишласа, фарзанд учун қўшимча суммани ўзаро келишиб, улардан бири тўлайди. Яна бир ўзгариш жисмоний шахслар хонадонида энага ёки қаровчи бўлиб ишлайдиганларга тегишли. Улар учун ойлик аванс тўловининг базавий миқдори 1 700 рубль этиб белгиланган. Патент бекор қилинса ёки муддати узайтирилмаса, мигрант ва унинг вояга етмаган фарзандлари Россияда қолиш учун бошқа қонуний асосга эга бўлмаса, 15 кун ичида мамлакатдан чиқиб кетиши керак. Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцев 10 ноябрь куни Федерация Кенгашида маълум қилишича, 2025 йилда хорижлик ишчилар патент учун Россия бюджетига 172 миллиард рубль тўлаган. Бу 2024 йилга нисбатан 39 фоиз кўп. Вазирнинг айтишича, 2025 йилдан буён Россияда ишламайдиган ва ўқимайдиган мигрант оила аъзолари сони 20 фоизга камайган. Эслатма, Ўзбекистон ва Россия 2007 йил 4 июлда икки давлат фуқароларининг меҳнат фаолияти ва меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида битим имзолаган. 2017 йил 5 апрелда эса Ўзбекистон фуқароларини Россияга вақтинча ишга ташкилий тартибда жалб қилиш бўйича алоҳида битим тузилган. Унга кўра, шу тартибда ишчи ёллаган иш берувчи ходимни санитария талабларига мос турар жой ва хавфсиз иш шароити билан таъминлаши, шунингдек, Россия қонунчилигида белгиланган энг кам миқдордан кам бўлмаган иш ҳақини кафолатлаши шарт. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴Суд қарори чиққанидан бери 4 йил ўтди. Давлат корхонаси тадбиркорга 540 миллион сўмдан ортиқ қарзини нега тўламаяпти? Навоийлик тадбиркор Самарқанд вилояти Нарпай туман йўллардан фойдаланиш корхонасидан бажарган ишлари учун пулини ололмаётганини билдирмоқда. 2022 йилда суд тадбиркор фойдасига қарор чиқарган. 2024 йилда эса давлат корхонасининг қарзи электрон далолатнома билан ҳам тасдиқланган. Эътиборлиси, бу корхона аввал ҳам қарздорлик билан боғлиқ ҳолатларда тилга олинган. 2021 йилда унинг ҳисобидан бошқа тадбиркорлар фойдасига 700 миллион сўм қарз ундирилган. ❓Нега бу сафар суд қарори ижроси йиллар давомида ҳал бўлмаяпти? Мажбурий ижро бюроси қандай чора кўрган? Uzdiplomat.uz таҳририятига келиб тушган мурожаат ва расмий ҳужжатлар асосида тайёрланган мақолада батафсил танишишингиз мумкин. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
-

🔴Божхонада телефонларни расмийлаштириш тўхтатилди, iPhone нархи бир кунда 400 долларгача ошди Тошкент халқаро аэропортида хориждан олиб кирилаётган мобил телефонларни божхонада расмийлаштириш вақтинча тўхтатилди. Бу орада пойтахт бозорларида айрим iPhone моделлари нархи бир кун ичида 50 доллардан 400 долларгача қимматлашди. Масалан «Малика» бозоридаги айрим дўконларда 9 ноябрь куни 1500 доллардан сотилган iPhone 18 Pro 256GB смартфони 10 ноябрда 1650 долларга чиққан. Унинг 512GB хотирали версияси эса 1800 доллардан 2000 долларгача қимматлашган. Қиймати 1000 доллардан юқори бўлган айрим смартфонлар IMEI кодининг ҳақиқийлигини текшириш учун 30 кунгача экспертизага олиб қолинмоқда. Божхона қўмитаси эса телефонларни расмийлаштириш вақтинча тўхтатилганини тасдиқлади. Идора буни IMEI кодларини сохталаштириш, бошқа қурилмаларга тегишли кодлардан фойдаланиш ва телефонларни ноқонуний расмийлаштириш ҳолатлари кўпайгани билан изоҳлади. Қўмита маълумотига кўра, 2026 йил бошидан буён Тошкент аэропортида 185 та ҳолатда умумий қиймати 8,8 млрд сўмлик 1185 дона телефоннинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилган. Кеча ижтимоий тармоқларда айрим iPhone смартфонларини бир кунда расмийлаштириш учун 400–1100 долларгача пул талаб қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Амалда IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш жисмоний шахслар учун 88 минг сўм, белгиланган 30 кунлик муддатдан кейин эса 110 минг сўмни ташкил этади. Божхона тўловлари бундан алоҳида ҳисобланади. Маълумот учун, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистонга 4 миллион дона мобил қурилма импорт қилинган ва улардан бюджетга 1,6 трлн сўм божхона тўловлари ундирилган. Фаоллар ноқонуний IMEI кодларига қарши кураш нега қонуний телефон олиб кираётган фуқаролар учун ҳам муаммога айланаётганини савол остига олишмоқда. Иқтисодчи Отабек Бакиров 30 кунлик экспертизанинг ҳуқуқий асоси ва уни ким ўтказишига ойдинлик киритишни талаб қилган. Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов эса импортдаги тўсиқлар охир-оқибат товарлар нархининг ошишига олиб келишини таъкидлаган. Божхона қўмитаси расмийлаштириш қисқа муддатларда қайта тикланишини билдирган, бироқ аниқ санани эълон қилмаган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
-
uzdiplomat иқтибоси: 🖍 “Электр узилди” деган гап одамларнинг эсидан чиқиб кетди” Шавкат Абдураззоқов, Наманган вилояти ҳокими Август, 2026 Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴2027 йилда банкларни хусусийлаштириш ва Тошкент халқаро молия марказини ишга тушириш режалаштирилмоқда Ўзбекистон 2027 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан ҳамкорликда банк соҳасида хусусийлаштиришни давом эттириш ва Тошкент халқаро молия марказини ишга туширишни режалаштирмоқда. Шунингдек, электр тармоқларини модернизация қилиш ва қишлоқ хўжалигига инвестиция жалб этиш устувор вазифалар қаторига киритилди. Бу масалалар бугун Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтаётган COP31 иқлим саммити доирасида Президент Шавкат Мирзиёев ва ЕТТБ раҳбари Одил Рено-Бассо ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди. Ўзбекистон ЕТТБдан энг кўп маблағ жалб қилаётган Марказий Осиё давлати бўлиб қолмоқда. Мамлакат олти йилдан буён минтақада банкнинг энг йирик молиявий ҳамкори ҳисобланади. Қўшма лойиҳалар портфели 7 миллиард доллардан ошган. Фақат 2025 йилнинг ўзида молиялаштириш ҳажми илк бор 1 миллиард доллардан юқори бўлган. ЕТТБ инвестицияларининг қарийб 60 фоизи «яшил иқтисодиёт» лойиҳаларига йўналтирилган. Жумладан, банк Қашқадарё вилоятида 300 мегаваттли қуёш электр станцияси ва энергия сақлаш тизимини барпо этиш учун 195,5 миллион долларгача молиялаштириш пакетини ташкил этган. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 июнида Тошкентда ўтган учрашувда ҳам ЕТТБ билан экологик транспорт, темир йўл инфратузилмасини рақамлаштириш, ипотека бозори ва стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги келишувлар имзолангани маълум қилинган эди. Навбатдаги музокараларда электр инфратузилмаси, аграр ва озиқ-овқат соҳаларидан ташқари, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кенгайтириш ҳамда 2027 йилда Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴 Энди кредит рекламалари қарзни тўлай олмаслик хатаридан огоҳлантириши шарт Кредит ва микроқарз рекламаларида энди қарзни тўламаслик қандай молиявий хатарларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш бўлиши керак. Қонунга кўра, бу огоҳлантириш рекламанинг асосий майдони ва вақтининг камида 10 фоизини ташкил этиши лозим. Яъни рекламада пул олишнинг осонлиги ва қулайлигини айтиш билан бирга, қарз мажбуриятини бажармаслик хавфи ҳам кўрсатилиши шарт. Марказий банк маълумотларига кўра,5 миллионга яқин фуқаро 8,5 миллиондан ортиқ кредит шартномаси бўйича қарз олган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴Таиланддаги қотиллик ишида тилга олинган Ўзбекистон фуқароси Нью-Йоркда ушланди АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) 2026 йил 14 октябрда 35 ёшли Собиржон Собиров Хусен ўғлини Бруклиндаги уйи яқинида ушлаганини маълум қилди. Идора матбуот хабарларига таяниб билдиришича, Собиров 2013 йилда Таиландда ўша пайтдаги севгилисини ўлдириш, жасадини чемоданга солиб, каналга ташлаш иши бўйича ҳибсга олинган ва қилмишини тан олган. Лекин қотиллик иши бўйича суд ҳукми келтирилмаган. Баёнотга кўра, Собиров 2020 йилда Ўзбекистонда ўғирлик учун беш йилга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, Нью-Йорк полицияси уни безовта қилувчи хабарлар юбориш билан боғлиқ ҳолат бўйича ҳам ҳибсга олган. 2024 йилда Кингс округи жиноят суди унга нисбатан чеклов ордери чиқарган. ICE маълумотига кўра, Собиров 2023 йил апрелда Аризона штатидаги Луквилл яқинидан АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. Унга кейинчалик Нью-Йоркдаги иммиграция судига келиш ҳақида билдиришнома берилиб, шахсий мажбурият асосида қўйиб юборилган. Идора унинг 2024 йил май ойида бир марта рўйхатдан ўтиш учун келгани, шундан сўнг эса келмаганини билдирган. Собиров АҚШдан чиқариб юбориш масаласи кўриб чиқилгунига қадар ICE ҳибсида сақланади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴Битта майдондан ҳам малина, ҳам электр энергияси: Ўзбекистонда агровольтаика синовдан ўтказилмоқда Сирдарё вилоятида «A Master Fruit» компанияси агровольтаикани синовдан ўтказмоқда –малина қуёш панеллари остида етиштирилмоқда. Бу панеллар ҳам электр энергияси ишлаб чиқаради, ҳам ўсимликка соя беради. Дастлабки тажриба лойиҳасидан сўнг компания мегаватт миқёсидаги йирик лойиҳага ўтмоқда. Ушбу мегаваттлик лойиҳа мазкур тизимнинг оддийроқ ва анча арзон усули — сояловчи тўр ва алоҳида майдонда одатий қуёш электр станцияси (ҚЭС) уйғунлиги билан иқтисодий жиҳатдан рақобатлаша олиши ёки йўқлигини кўрсатиб бериши керак. Батафсил… Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴Уй-жой қурилишида фуқаролар пулини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бугун кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисидаги қонунни иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат Сенатга юборилди. Қонунга кўра, фуқароларнинг қурилаётган уй учун тўлаган пуллари энди тўғридан-тўғри қурувчига берилмайди. Маблағлар банкдаги махсус эскроу ҳисобварағида сақланади. Қурувчи уларни фақат бино белгиланган талаблар асосида қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилгандан кейин олиши мумкин. Шунингдек, қурилиш компаниялари аҳолидан пул жалб қилишдан олдин ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтиши, ваколатли банк билан битим тузиши ва лойиҳа ҳақидаги маълумотларни эълон қилиши шарт бўлади. Квартира олди-сотдисига оид улушли иштирок шартномалари ва уларга киритиладиган ўзгартишлар нотариал тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу битта квартира бир неча кишига сотилишининг олдини олишга қаратилган. Қурувчи қонунни бузиб маблағ жалб қилса, фуқаролар пулларини фоизлари билан қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Янги қонун кучга киргандан кейин қурилишга рухсат олинган объектларга татбиқ этилиши назарда тутилган. Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг ўзида улушли уй-жой қурилишидаги ҳуқуқбузарликлар оқибатида қарийб 3 минг нафар фуқарога жами 668 миллиард сўмлик зарар етказилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари йил бошидан бери энг паст даражага тушди Ўзбекистоннинг халқаро захиралари кетма-кет иккинчи ой қисқариб, 63,6 млрд долларга тушди. Бу 2026 йил бошидан буён қайд этилган энг паст кўрсаткичдир. Айни пайтда захиралардаги олтиннинг жисмоний ҳажми тарихий максимумга етган. Марказий банкнинг 1 ноябрь ҳолатига оид маълумотларига кўра, октябрь ойида мамлакат халқаро захиралари 2,96 млрд долларга ёки 4,5 фоизга камайиб, 63,63 млрд долларни ташкил этган. Қисқаришнинг асосий сабаби жаҳон бозорида олтин нархининг арзонлашиши бўлди. Бир ой давомида қимматбаҳо металлнинг бир трой унцияси қиймати 4 188,8 доллардан 3 981,1 долларга тушган. Натижада захиралардаги олтиннинг доллардаги қиймати 2,04 млрд долларга камайиб, 58,04 млрд долларни ташкил этган. Қизиғи, олтин арзонлашган бўлса-да, Ўзбекистоннинг олтин захираси жисмоний жиҳатдан кўпайган. Октябрь давомида унинг ҳажми қарийб 7,3 тоннага ошиб, 454 тоннага етган. Бу тарихий рекорд ҳисобланади. Шу тариқа, мамлакат халқаро захираларининг 91 фоиздан ортиғи олтин ҳиссасига тўғри келмоқда. Бироқ валюта захираларида ҳам сезиларли пасайиш бор. Октябрда хорижий валютадаги активлар 921 млн долларга камайиб, 5,01 млрд долларга тушган. Бу йил бошидаги 10,64 млрд долларга нисбатан қарийб икки баравар кам. Хорижий қимматли қоғозлар портфели ҳам бир ойда 543,2 млн долларга қисқариб, 1,15 млрд долларни ташкил этган. Таққослаш учун, 2026 йил бошида мамлакат халқаро захиралари 66,31 млрд доллар эди. Февраль якунида улар 77,09 млрд долларгача кўтарилган. Ҳозирги кўрсаткич ўша даврга нисбатан 13,46 млрд долларга паст. Олтиннинг захиралардаги улуши юқорилиги сабабли жаҳон бозорида унинг нархи ўзгариши мамлакат халқаро захираларининг доллардаги қийматига кучли таъсир кўрсатмоқда. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴 Мирзиёев Анталияга боради ✔️Иқлим саммити ва Ўзбекистон мажбуриятлари. Президент Шавкат Мирзиёев 10–11 ноябрь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида COP31 иқлим конференцияси тадбирларида қатнашади. Мирзиёев саммитда нутқ сўзлайди ва икки томонлама музокаралар ўтказади. 9–20 ноябрда ўтадиган конференцияда иқлим ўзгаришига қарши чоралар, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва экологик лойиҳаларни молиялаштириш масалалари муҳокама қилинади. Ўзбекистон 2035 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 2010 йилга нисбатан 50 фоизга камайтириш мажбуриятини олган. Бу жами чиқиндиларни ярмига қисқартириш эмас, иқтисодий маҳсулот ишлаб чиқаришга нисбатан чиқинди миқдорини камайтиришни англатади. Мамлакат учун иқлим масаласи, аввало, сув танқислиги, қурғоқчилик ва кучли иссиқ билан боғлиқ. Жаҳон банкининг 2023 йилги ҳисоботига кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда камида 8 миллион киши иқлим хавфи жуда юқори ҳудудларда яшайди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
uzdiplomat иқтибоси:🖍 «Ўзини билмаган, ўзлигини танимаган — қаноти қирқилган қушга ўхшайди». Одил Ёқубов, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси (1926–2009) 11 ноябрь куни эрксевар адиб таваллудининг 100 йиллиги нишонланмоқда. Тадбир Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида соат 14:00 да бошланади. Унга барча адабиёт ихлосмандлари таклиф этилади. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
-



🔴Оролни қутқариш учун 3,3 миллиард долларлик 133 та лойиҳа амалга оширилади Ўзбекистон 2027–2029 йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилади. Бу даврда сув тақчиллиги, экологик муаммолар ва аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган 133 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бугун Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган лойиҳаларнинг умумий қиймати 3,3 миллиард доллар бўлиб, уларни Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар кўмагида молиялаштириш кўзда тутилган. Лойиҳалар доирасида сув иншоотлари модернизация қилинади, сув тақсимоти ва сарфини назорат қилиш рақамлаштирилади. Шунингдек, қурғоқчилик ва тошқинлар ҳақида эрта огоҳлантирувчи минтақавий тизим яратилади. Муҳим йўналишлардан бири — Афғонистон билан сув масаласида ҳамкорликни кучайтириш. Амударё ва Сирдарё ҳавзалари бўйича ягона маълумотлар базаси шакллантирилади. Тошкент ирригация университети жамғарманинг илмий-таҳлилий платформасига айлантирилади. Марказий Осиё ва Афғонистон учун сув хўжалиги соҳасида қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади. Президент келгуси йилги ишлар бўйича ойма-ой «йўл харитаси»ни тасдиқлаш ва қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кучайтиришни топширди. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
-
Давлат активларини бошқариш агентлиги ўз биносини 251,6 млрд сўмга сотди Тошкент марказидаги Давлат активларини бошқариш агентлиги биноси аукционда бошланғич нархидан 86,1 млрд сўм қимматга сотилди. Илгари мазкур бинода Тошкент шаҳар ҳокимлиги жойлашган. Бугун "E-auksion" платформасида Давлат активларини бошқариш агентлигининг Миробод тумани, Амир Темур шоҳкўчаси, 6-уйда жойлашган маъмурий биноси сотилди. Агентлик маълумотига кўра , объектнинг бошланғич нархи 165,5 млрд сўм бўлган. Савдолар якунида нарх 251,6 млрд сўмга етган. Бу дастлабки қийматдан 52 фоизга юқори. Бино илк бор 2025 йил август ойида сотувга чиқарилган. Кейинчалик бир неча бор аукцион эълон қилинган. Жумладан, 2026 йил июндаги савдолар талабгорлар бўлмагани сабабли ўтказилмаган деб топилган. Ушбу бинода аввал Тошкент шаҳар ҳокимлиги фаолият юритган. Объектнинг умумий майдони 11 минг квадрат метрдан ортиқ, унга туташ ер майдони эса 0,67 гектарни ташкил этади. Ер участкаси харидорга мулк сифатида эмас, ижара ҳуқуқи асосида берилади. Аввалги аукцион шартларига кўра, давлат идораси бинодан уч йил ичида кўчиб чиқиши, янги мулкдор эса объектдан шаҳарсозлик талабларига мувофиқ офис ва хизмат кўрсатиш мақсадларида фойдаланиши мумкин. Маълумот учун, савдолар вазирлик ва идораларни «Янги Тошкент»га кўчириш дастури доирасида амалга оширилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 мартдаги қарорига асосан, 150 та давлат органи ва давлат иштирокидаги ташкилотни янги ҳудудга жойлаштириш, пойтахтдаги 83 та кўчмас мулк объектини савдога чиқариш режалаштирилган. Агентликнинг 9 ноябрдаги ҳисоботига кўра, ҳозиргача 8 та маъмурий бино жами 1 трлн 120,4 млрд сўмга сотилган. Яна 11 та объект умумий бошланғич қиймати 1 трлн 20,5 млрд сўм бўлган нархда савдога қўйилган. Давлат активларини бошқариш агентлиги бўшатилган биноларни сотишдан тушган маблағлар «Янги Тошкент»да давлат идоралари учун янги маъмурий инфратузилма қурилишига йўналтирилишини билдирган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
- Older posts