🔴Қирғизистонда қоғоз дарсликлар ўрнига ўқувчиларга планшет берилади
Қирғизистонда келгуси 5–6 йил ичида мактаб ўқувчиларини қоғоз дарсликлар ўрнига планшетлар билан таъминлаш режалаштирилмоқда. Барча фанлар бўйича дарсликлар битта қурилмага жойлаштирилади. Планшетларни давлат ҳисобидан бериш кўзда тутилган.
Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров Олмўдүн тумани аҳолиси билан учрашувда маълум қилди, деб «Кабар» миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Мазкур ташаббус ота-оналарнинг болалар оғир мактаб сумкаларини кўтариб юриши, бу эса уларнинг соғлиғига салбий таъсир қилаётгани ҳақидаги шикоятларидан сўнг билдирилган.
«Беш йилдан кейин планшетларга ўтишга ҳаракат қиламиз. Бу катта маблағ талаб қилади, бироқ улардан кўп марта фойдаланиш мумкин. Барча дарсликлар битта планшетга жойлаштирилса, ўқувчи математика, тарих, она тили ва адабиёт китобларидан бир қурилма орқали фойдалана олади. Давлат буни ўзи таъминлайди», — деган Жапаров.
Қирғизистон маориф вазири Догдуркул Кендирбаева дарсликларнинг электрон шакллари ҳозир ҳам мавжудлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, ўқувчилар китобларни мактабда қолдириб, уй вазифаларини электрон нусхалар орқали бажариши мумкин.
Шунингдек, Жапаров мактабларни дарсликлар билан таъминлаш учун 8,5 миллиард сом (қарийб 1,16 триллион ўзбек сўми) ажратиш тўғрисида фармон чиқарганини айтган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴«Ҳали бирорта ректорни ишдан олмадим» — Турдимов беш ректор ҳақидаги хабарларни рад этди
Таълим ва фан вазири Эркинжон Турдимов беш нафар ректор лавозимидан озод этилгани ҳақида тарқалган хабарларни инкор қилди. Унинг айтишича, 6 ноябрдаги йиғилишда тўрт нафар ректорга қаттиқ огоҳлантириш берилган.
Вазир самарқандлик журналист Каримберди Тўрамуродга берган интервьюсида ректорлар фаолиятини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилганини айтди. Уларнинг лавозимда қолиш-қолмаслиги шу гуруҳ хулосаси асосида ҳал қилинади.
Аввалроқ, 6 ноябрь куни Qalampir.uz ўз манбасига таяниб, беш нафар ректор ишдан олингани ҳақида хабар берган эди. Хабарда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Илҳомжон Тўхтасинов ва Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори Баҳодир Ҳолиқовнинг номи келтирилган. Қолган уч ректорнинг исми очиқланмаган. Вазирнинг янги баёноти айнан шу хабарларни рад этмоқда.
ЎзДЖТУ ректори ҳақидаги хабарлар «Хавфсиз талаба» иловаси атрофидаги можаро билан ҳам боғланган эди. Ноябрь бошида талабалар иловани мажбуран ўрнатиш талаб қилинаётгани, айримлари шу сабаб дарсга кечикиб, давоматда йўқ деб белгиланганидан шикоят қилган. Бу воқеалар ортидан университетнинг Таржимонлик факультети декани Улуғбек Йўлдошев лавозимидан озод этилгани хабар қилинган. Бироқ деканнинг ишдан олиниши ректор ҳам лавозимидан озод этилганини англатмайди.
Вазирликнинг 6 ноябрдаги йиғилиш ҳақидаги расмий ахборотида ҳам ректорлар ишдан олингани айтилмаган. Унда айрим мансабдорларнинг лавозимига лойиқлигини ўрганиш ва хулоса киритиш учун ишчи гуруҳ тузилиши билдирилган.
Йиғилишда олий таълимдаги бир қатор муаммолар келтирилган. 2026 йилги битирувчиларнинг 13,8 минг нафари банд эмаслиги, ўрганилган 29,7 мингта ўқув адабиётининг 5,5 мингтаси 20 йилдан аввал чоп этилгани, ётоқхоналар қурилиши кечикаётгани қайд этилган. Ректорларга 15 кун ичида талабалар ва ўқитувчилар учун қабуллар ташкил этиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш топширилган.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Давлат харидларида энг арзон маҳсулотни танлаш амалиёти ўзгаради
Ўзбекистонда давлат харидларида маҳсулотнинг фақат нархи эмас, уни ишлатиш ва таъмирлаш харажатлари ҳам ҳисобга олинади. Давлат имтиёзларидан фойдаланаётган йирик инвестиция лойиҳаларида эса маҳаллий электротехника маҳсулотларини харид қилиш талаблари кучайтирилади.
Бу ҳақда бугун Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида электротехника саноати вакиллари ва инвесторлар билан ўткаётган мулоқотида маълум қилинди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, мамлакатда ҳар йили 10 триллион сўмлик электротехника маҳсулотлари давлат харидлари орқали сотиб олинади.
Эндиликда давлат буюртмалари ягона платформада жамланади. 2027 йил 1 январдан эса харидларнинг уч йиллик режалари олдиндан эълон қилинади.
Шунингдек, маҳсулотларни фақат арзон нархига қараб танлаш амалиёти қайта кўриб чиқилади.
Масалан, назорат хариди давомида импорт трансформатор маҳаллий маҳсулотдан 400 минг сўм арзонлиги, бироқ электр сарфи 10 фоизга, таъмирлаш харажати эса тўрт баравар юқорилиги аниқланган.
Шу сабаб давлат харидларида маҳсулотнинг бутун хизмат муддати давомидаги харажатларини баҳолаш — life-cycle cost тизими жорий этилади.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ҳам янги имкониятлар яратилмоқда.
Ҳозир энергетика соҳасидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида маҳаллий маҳсулотлар улуши камида 25 фоиз, кабель маҳсулотлари бўйича эса 70 фоиз бўлиши талаб этилади.
Эндиликда ушбу талаблар давлатдан солиқ ва бошқа имтиёзлар ёки арзон ресурслар олаётган, қиймати 10 миллион доллардан юқори инвестиция лойиҳаларига ҳам татбиқ этилади.
Йиғилишда ўзбекистонлик корхоналарнинг хорижий бозорларга чиқиши ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, NURA Electric Камбожада 2 миллион долларлик тендерда ғолиб бўлган.
Бироқ халқаро тендерларда иштирок этиш учун йирик банк кафолатларини олиш тадбиркорларга қийинчилик туғдирмоқда. Президент банкларга корхоналарнинг молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, кафолат беришнинг соддалаштирилган тартибини бир ойда ишлаб чиқишни топширди.
Бундан ташқари, «Шаффоф қурилиш» тизимида энергетика лойиҳалари пудратчилари учун алоҳида майдонча ташкил этилади. Бу соҳадаги корхоналарга қўйиладиган талабларни энергетика лойиҳаларининг хусусиятларига мослаштириш имконини беради.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴 Ислоҳотлар етиб бормаган жойларда...
Яккабоғ туманидан Uzdiplomat’га мурожаат келди
Қарши — Шаҳрисабз йўлининг Яккабоғ тумани Оқтош маҳалласидан ўтган қисмида пиёдалар учун хавфсиз йўлак зарур. Аҳоли мурожаатига кўра, чорраҳада пиёдалар, жумладан, болалар автомобиллар қатнов қисмига чиқиб юришга мажбур бўлмоқда.
«Болалар қийналяпти-да йўлдан ўтишга», — дейди шу ердан ҳар куни ўтадиган отахон.
Аҳоли ортиқча қулайлик сўрамаяпти. Одамлар, айниқса, болалар йўлдан хавфсиз ўтишини исташмоқда.
Яккабоғ тумани ҳокимлиги, йўл ва йўл ҳаракати хавфсизлигига масъуллардан мазкур чорраҳани ўрганиб, хавфсиз пиёдалар йўлаги ва ўтиш жойини ташкил этишни сўраймиз.
❗️«Реал Ўзбекистон» лойиҳасида иштирок этинг!
Ўз ҳудудингизга оид янгиликлар, сурат ва лавҳаларни телеграмдан @uzdiplomat_uz га жўнатинг!
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ҳамшира бўлиб ишлаш нархи 5 минг долларми?
✔️ Локомотив депосига ишга киритиш учун пул сўраган темирйўл ходими ушланди
Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида локомотив депосига ҳамшира қилиб ишга киритишни ваъда қилиб, 5 минг доллар талаб қилган шахс ушланди.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Қўнғирот минтақавий темир йўлида ишловчи, 2002 йилда туғилган фуқаро мансабдор танишлари орқали Қўнғирот локомотив депосидаги бўш ҳамшира лавозимига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган.
У бу хизмати эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилиб, пулнинг ярмини олдиндан беришни сўраган.
«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбири доирасида ўтказилган операцияда гумонланувчи келишилган пулнинг 2 500 долларини олаётган вақтида холислар иштирокида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўзбекистон ўнлаб давлатлар фуқароларига виза беришни чеклаганми?
✔️Хорижий нашрлар бу ўзгаришларни муҳокама қилмоқда
Афғонистон, Нигерия ва яна ўнлаб мамлакатлар фуқароларига Ўзбекистон визасини бериш ҳамда мамлакатга кириш вақтинча чеклангани ҳақидаги маълумотлар хорижий нашрларда муҳокама қилинмоқда. Бироқ бу Ташқи ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига мос эмас.
Нигериянинг "Peoples Gazette" нашри Ўзбекистон визаси учун мурожаат қилган нигериялик аёл рад жавобини олгани ҳақида ёзди. Нашрга кўра, ТИВга нисбат берилган жавобда Нигерия ва Жанубий Африка Республикаси фуқароларига вақтинчалик чекловлар жорий этилгани айтилган.
Кейинчалик Vanguard ва "Daily Post ҳам бу ҳақда хабар тарқатди.
Uzdiplomat.uz томонидан GETCA халқаро кўргазмаси сайти ўрганилганда, ҳақиқатдан ҳам Афғонистон, Нигерия, Гана, Кения, Миср, Бангладеш, Ироқ, Эфиопия, Камерун, Сенегал, Сомали, Сурия, Ливия, Яман ва бошқа ўнлаб давлатлар фуқаролари учун ҳам шундай огоҳлантиришлар жойлаштирилгани аниқланди.
Сайтда мазкур мамлакатлар фуқароларига виза бериш ва Ўзбекистонга кириш вақтинча чеклангани, истисно ҳолатларда элчихоналарнинг консуллик бўлимларига мурожаат қилиш мумкинлиги кўрсатилган.
Бироқ Ўзбекистон ТИВнинг расмий сайтида Миср, Бангладеш, Гана, Камерун ва Сенегал электрон виза олиши мумкин бўлган давлатлар рўйхатида турибди.
Қизиғи, GETCA сайтида Финляндия фуқаролари учун визасиз режим кўрсатилган бўлса-да, Финляндияга қарашли Аланд ороллари учун вақтинчалик чеклов ҳақида огоҳлантириш берилган.
Шунга ўхшаш маълумотлар TransLogistica Uzbekistan ва TIHE кўргазмалари сайтларида ҳам учрайди.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
uzdiplomat иқтибоси:
«Тадбиркор ҳасадгўй ниҳоятда хатарли. Асли қассоб жаллодга нисбатан олимдан чиққани хавфли, оддий одам билиб-билмай жиноятга қўл урса, ақлли киши мунофиқлик қилиши, баландпарвоз гаплар айтиб ўзгаларни чалғитиши муқаррар...»
ШУКРУЛЛО ЮСУПОВ,
Ўзбекистон халқ шоири, атоқли адиб ва драматург
(1921-2020)
Каналга уланиш:✏️ https://t.me/uzdiplomat
🔴Ўзбекистонда газ қазиб олиш 10 йилда 14 фоизга камайди, истеъмол эса 53 фоизга ошди — Eni
Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш ҳажми сўнгги ўн йилда сезиларли қисқарган. Шу вақт ичида газ истеъмоли эса аксинча, кескин ошган. Бу Италиянинг Eni энергетика компанияси эълон қилган World Energy Review 2026 ҳисоботида келтирилган.
Ҳисоботга кўра, 2015 йилда Ўзбекистонда 46,55 млрд куб метр табиий газ қазиб олинган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 40,16 млрд куб метрни ташкил этган. Яъни ўн йилда қазиб олиш ҳажми 6,39 млрд куб метрга ёки 13,7 фоизга камайган.
Айниқса, 2021 йилдан кейин пасайиш кучайган. Ўша йили мамлакатда 50,82 млрд куб метр газ қазиб олинган бўлса, 2024 йилга келиб кўрсаткич 39,22 млрд куб метргача тушган.
2025 йилда газ қазиб олиш 2,4 фоизга ўсганига қарамай, ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилги даражадан ҳамон 21 фоиз пастлигича қолмоқда.
Эътиборлиси, қазиб олиш камайган бир вақтда мамлакатда газ истеъмоли ўсиб борган. Eni маълумотларига кўра, 2015 йилда 35,4 млрд куб метрни ташкил этган истеъмол 2025 йилда 54,32 млрд куб метрга етган. Бу ўн йил ичида қарийб 53 фоизлик ўсиш демакдир.
Натижада 2025 йилда газ истеъмоли мамлакатда қазиб олинган ҳажмдан 14,16 млрд куб метрга кўп бўлган.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон газ қазиб олиш бўйича иккинчи ўринда қолмоқда. 2025 йилда Туркманистон 72,48 млрд куб метр, Қозоғистон эса 28,21 млрд куб метр газ қазиб олган.
Аввалроқ берилган Миллий статистика қўмитаси маълумотлари мамлакатнинг газ импортига қарамлиги ортиб бораётганини кўрсатган эди. Хусусан, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон 1 млрд 605,3 млн долларлик газ импорт қилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 49,9 фоизга кўп. Айни пайтда газ экспорти 34,5 фоизга камайиб, 357,9 млн долларни ташкил этган. Яъни Ўзбекистон газ сотишдан топган пулига нисбатан уни хориждан сотиб олишга қарийб 4,5 баравар кўп маблағ сарфлаган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴“Боғча ҳожатхонаси учун ҳам ота-оналардан пул йиғилмоқда”
«Ҳожатхонадаги сувда бир бола сирпаниб йиқилди. Яхшиямки, жароҳат олмади. Уч кундан буён сув оқяпти, лекин тузатишмаяпти».
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 171-сонли давлат боғчасига фарзандини берадиган ота-оналар Uzdiplomat’га шундай мурожаат йўллади.
Уларнинг айтишича, болалар фойдаланадиган ҳожатхонада сув оқяпти. Боғча мудираси эса тарбиячига «ота-оналар пул йиғиб, тузатиб берсин», деган.
Ота-оналар фарзандлари яна сирпаниб йиқилишидан хавотирда. Улар оддий бир носозликнинг кунлаб тузатилмаётганидан норози.
Бола йиқилиб, жароҳат олгунича кутиш керакми? Ота-оналар боласини боғчага ишониб топширади. Ҳожатхонадан бемалол ва хавфсиз фойдаланиш ҳам бола учун оддий зарурат.
Шайхонтоҳур тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан мурожаатни тезроқ ўрганиб, муаммони ҳал қилишда ёрдам беришини сўраймиз.
Боғча раҳбариятининг изоҳини ҳам беришга тайёрмиз.
❗️«Реал Ўзбекистон» лойиҳасида иштирок этинг!
Ўз ҳудудингизга оид янгиликлар, сурат ва лавҳаларни телеграмдан @uzdiplomat_uz га жўнатинг!
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Одамларни текин маҳсулот тарқатиш ёки жуда арзон нархда сотиш орқали тадбирларга жалб қилиш яна бир ҳужжат билан тақиқланмоқда
Ўзбекистонда реклама ва турли акциялар баҳонасида одамларни бепул озиқ-овқат, буюмлар ёки бошқа маҳсулотлар тарқатиш, шунингдек, товарларни ҳаддан ташқари арзон нархларда сотиш орқали оммавий тадбирларга жалб қилиш тақиқланиши назарда тутилмоқда.
Бу Ички ишлар вазирлиги жамоатчилик муҳокамасига қўйган «Оммавий тадбирларни ўтказиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасида назарда тутилган. Янги қоидаларда оммавий тадбирларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айтиш керакки, бундай чеклов аслида янгилик эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 июндаги 360-сон қарори билан ҳам одамларни бепул ёки ҳаддан ташқари арзон маҳсулотлар орқали оммавий тадбирларга жалб қилиш тақиқланган эди. Янги лойиҳада ушбу талаб оммавий тадбирларни ўтказишнинг янгиланган қоидалари доирасида назарда тутилмоқда.
Яна қандай ўзгаришлар таклиф қилинмоқда?
Лойиҳага кўра, 100 ва ундан ортиқ киши иштирок этадиган концертлар, фестиваллар, спорт мусобақалари ва бошқа оммавий тадбирларни ташкил этиш тартиби ҳам янгиланади.
Жумладан, концерт ва спорт тадбирларига чипталар электрон шаклда сотилади. Бу чипталарни белгиланган нархдан қимматга қайта сотиш, қалбакилаштириш ва бир чиптадан қайта-қайта фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилиши керак.
Ташкилотчилар тегишли рухсатномани олмасдан туриб тадбирни реклама қилиши, унинг санаси ва жойини эълон қилиши ёки чипта сотишига йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, оммавий тадбирлар ўтказиладиган жойларда ва улардан 500 метргача бўлган ҳудудда алкоголли маҳсулотлар савдосини чеклаш, очиқ майдонларда ҳар бир квадрат метрга биттадан ортиқ одам тўпланишига йўл қўймаслик таклиф этилмоқда.
Одамлар оқимини кузатиш, тиқилинчларни олдиндан аниқлаш ва хавфли вазиятларнинг олдини олиш учун дронлардан ҳам фойдаланиш режалаштирилган.
Қоидаларни бузган шахсларнинг оммавий тадбирларга кириши суд қарори билан вақтинча чекланиши мумкин. 2027 йилдан бошлаб бундай шахсларнинг электрон ҳисоби юритилиши кўзда тутилмоқда.
Янги тартиблар тўйлар, оилавий маросимлар, юбилейлар ва аза маросимларига татбиқ этилмайди.
Қарор лойиҳаси 20 ноябрга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлади.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
«Дўстлик тумани ҳокими президентга дўстми?» — ҳуқуқ фаоли ҳокимнинг ер ажратиш қарорларини текширишни сўрамоқда
Ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов Жиззах вилояти Дўстлик тумани ҳокими Шавкат Дарвишевни ер майдонларини ажратишда қонунбузарликларга йўл қўйганлигини айтиб, унинг фаолиятини текширишни сўрамоқда.
Ташановнинг ёзишича, 2021 йилдан буён туманга раҳбарлик қилиб келаётган ҳоким ер ажратиш бўйича бир қатор қонунга зид қарорлар қабул қилган.
Ҳуқуқ фаолининг таъкидлашича, унинг қўлида ҳокимнинг ер ажратишга оид фармойишлари бекор қилинганини тасдиқловчи ўнлаб суд қарорлари мавжуд.
Шунингдек, мазкур ишлар юзасидан ҳокимлик бир неча миллион сўм давлат божи тўлагани айтилмоқда.
«Давлатга ўзининг қонунбузарликлари билан шунча зарар етказган бу ҳоким кимга ишонмоқда? Унинг суянчиғи ким, нега унинг қонунбузарликларидан кўз юмилмоқда?» — дея савол қўяди Ташанов.
У Конституциянинг 68-моддасига таяниб, ер умуммиллий бойлик экани ва давлат муҳофазасида бўлиши шартлигини эслатган.
Ҳуқуқ фаоли ҳокимнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши, ер ажратиш қарорлари юзасидан шаффоф текширув ўтказилиши керак деб ҳисоблайди.
Маълумот учун, Шавкат Дарвишев 2021 йил 16 февралда Дўстлик тумани ҳокими этиб тайинланган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
Бугун ҳаво 27 даражагача исийди, эртадан эса совуқ кунлар бошланади
8 ноябрь куни Ўзбекистонда илиқ ва асосан қуруқ об-ҳаво сақланади. Бироқ эртадан ҳаво совий бошлайди, 10–11 ноябрь кунлари эса ҳарорат сезиларли пасаяди.
«Ўзгидромет» маълумотига кўра, бугун республиканинг аксарият ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятининг айрим жойларида ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 22–27 даража, Тошкентда 25–27 даража илиқ бўлади.
Айрим ҳудудларда шамол тезлиги 13–18 м/с гача кучайиб, чанг-тўзон кузатилиши мумкин.
9 ноябрдан ҳаво совиши бошланади.10–11 ноябрь кунлари кўплаб ҳудудларда ёмғир, шимолий ва тоғли ҳудудларда қор ёғиши кутилмоқда. Айрим жойларда тунги ҳарорат −1…−2 даражага, шимолда эса −7 даражагача тушиши мумкин.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
uzdiplomat иқтибоси: 🖍
"Биз эскиларни айблаймизки, аларға ислоҳдан сўзласак, чидай олмайдурлар. Аммо ўзимизнинг мақтаб, рисола, таҳрир ва маслакимизни бир киши танқид этдими, чидай олмаймиз, диққат ила мунаққид сўзини тингламаймиз, Мунаққид бизни тўғримизға минг сўз ила баёни муддао этар экан, биз они ичиндан ўн сўзини номаъқул топиб, юзиға урармиз. Ва ёинки важҳсиз онинг сўзини радду ўзиға эътироз этармиз».
1914 й.
МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ,
Маърифатпарвар, жадидчилик ҳаракатининг етакчиси, биринчи ўзбек драматурги ва жамоат арбоби
(1875-1919)
Каналга уланиш:✏️
https://t.me/uzdiplomat
Ўзбекистонда шифокорларнинг маоши, меҳнат шароити ва ижтимоий ҳимояси яхшиланади — Президент
Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимларини касб байрами билан табриклаб, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Бугун эълон қилинган табрикда давлат раҳбари тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар, шифокорлар учун яратилаётган шароитлар ва келгусидаги вазифаларга тўхталди.
Президент 27 октябрь куни соҳа вакиллари билан ўтказилган учрашувда тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, касбий ривожланиши ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалалари батафсил муҳокама қилинганини эслатди.
Хусусан, жорий йилда тиббиёт ходимлари учун қатор имтиёзлар жорий этилган. Улар орасида:
- Давлат тиббиёт муассасалари ходимларига касб байрами муносабати билан ҳар йили меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбат пули бериш;
- Камида 15 йиллик иш стажига эга ходимлар фарзандларининг олий таълим контрактидан 30 фоизини белгиланган лимит доирасида қоплаш;
- Ҳар йили 500 нафар тажрибали тиббиёт ходимининг ипотека бошланғич тўловидан 25 фоизини қоплаб бериш;
- Миллий аккредитациядан ўтган давлат тиббиёт муассасалари ходимларига лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида ойлик устама тўлаш;
- Тегишли иш стажига эга ходимларга бепул юқори технологик тиббий ёрдам ва санаторий йўлланмалари ажратиш каби чоралар бор.
Шунингдек, 27 октябрдаги учрашувда бакалавриатни тамомлаган ҳамшираларга 1,5 миллион сўм, магистратурани битирганларга 2,5 миллион сўм қўшимча устама тўлаш белгилангани маълум қилинган.
Президент табригида қайд этилишича, сўнгги йилларда соғлиқни сақлашга ажратилаётган маблағлар етти баравар кўпайиб, 2026 йилда 49 триллион сўмга етган.
Бундан ташқари, DMED тизими орқали 38 миллиондан ортиқ аҳолининг электрон тиббий картаси шакллантирилган. Йил охиригача давлат тиббий суғуртаси механизмларини барча ҳудудларда тўлиқ йўлга қўйиш режалаштирилган.
2027 йилдан тиббиёт ва фармацевтика ходимларини халқаро стандартларга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказиш тизими ҳам жорий этилади.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, асосий мақсад фуқаролар қаерда яшаши ва ижтимоий аҳволидан қатъи назар, ўз вақтида сифатли тиббий ёрдам олишини таъминлашдан иборат.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўзбекча статистика кўпайтириш усули: Марҳаматда 837 киши қоғозда ишли қилингани аниқланди
Андижон вилояти Марҳамат туманида 837 нафар фуқаро сохта ҳужжатлар асосида ишга жойлаштирилиб, камбағаллик реестридан чиқарилган. Оқибатда 78 киши моддий ёрдамдан маҳрум қолган. Ҳолат жамоатчиликда муҳокамаларга сабаб бўлгач, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги расмий муносабат билдирди.
«Аҳоли бандлиги ва камбағалликни қисқартириш кўрсаткичларини сунъий оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказилишига йўл қўйилмайди», дейилади муносабатда.
Kun.uz суд ҳужжатларига таяниб ёзишича, «Марҳамат агропилла» МЧЖ раҳбари ва туман бандлик бўлими бошлиғи ўринбосари тил бириктириб, 837 кишини қоғозда ишли қилиб кўрсатган. Электрон меҳнат тизимига улар 2025 йил май–октябрь ойларида корхонада ишлагани ва 6,3 миллион сўм иш ҳақи ҳисоблангани ҳақида сохта маълумот киритилган.
Вазирликнинг расмий муносабатида айтилишича, ҳолат Марҳамат туман прокуратурасининг 2026 йил 12 майдаги талабномаси асосида ўрганилган. Корхонада умуман ишламаган ва меҳнат шартномаси тузилмаган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар раҳбар А. Ахмедовнинг электрон калити орқали тизимга киритилгани аниқланган.
Суд корхона раҳбарини айбли деб топиб, унга бир йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаган.
Вазирлик 837 кишининг электрон меҳнат дафтарчасидаги сохта маълумотлар ўчирилганини билдирди. Бироқ моддий ёрдамдан маҳрум бўлган 78 кишига тўланмай қолган пуллар қайтарилгани ҳақида маълумот берилмаган.
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса «Камбағалликни қисқартириш бўйича чемпионликка фақат Марҳамат ҳисса қўшганми?» деган саволни ўртага ташламоқда.
Унинг фикрича, бундай сохта бандлик ҳолатлари алоҳида бир туман билан чекланмаслиги мумкин. Бакиров суд тайинлаган жазони ҳам енгил деб баҳолаб, бу каби ҳолатлар расмий статистикага ишончни сусайтиришини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Бандлик вазирлигининг 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойи бўйича ҳисоботида 824 минг киши доимий ишга жойлаштирилгани, 980 минг кишининг норасмий бандлиги расмийлаштирилгани маълум қилинган. Камбағаллик даражаси эса 5,8 фоиздан 3,6 фоизга тушгани билдирилган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Бекободда корхона ҳавога зарарли газни меъёрдан 1533 баравар кўп чиқарган
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги «М.К.» корхонаси атмосферани меъёрдан минг баравардан зиёд ифлослантиргани аниқланди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси, собиқ депутат Расул Кушербоев маълум қилди.
Текширув натижаларига кўра, корхонадан ҳавога чиқарилаётган олтингугурт диоксиди белгиланган меъёрдан 1533 баравар, углерод оксиди 20 баравар, ноорганик чанг эса 2,4 баравар юқори бўлган.
Бунга корхонадаги чанг ва зарарли газларни тозалаш ускуналарининг самарасиз ишлаши ҳам сабаб бўлгани қайд этилган.
Олтингугурт диоксиди нафас йўлларига салбий таъсир кўрсатадиган, айниқса, астма ва бошқа нафас олиш касалликлари бор инсонлар учун хавфли газ ҳисобланади.
Қонунбузарлик учун корхонага 1 млрд 630 млн сўмдан ортиқ экологик компенсация тўлови ҳисобланган. Шунингдек, фильтрларни алмаштириш, камчиликларни бартараф этиш ва ҳавога чиқарилаётган зарарли моддаларни назорат қилувчи мониторинг тизимларини ўрнатиш мажбурияти юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2026–2030 йилларга мўлжалланган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси доирасида саноат корхоналарига экологик талаблар кучайтирилмоқда. Жумладан, ҳавони ифлослантирувчи чиқиндиларни 10,5 фоизга камайтириш кўзда тутилган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
Кун совиши билан яна газга чеклов бошланади...
Метан заправкалар фаолияти қисқартирилиши мумкин
Ўзбекистонда ҳаво совиши ортидан яна газ таъминотига чекловлар қўйилиши мумкин. Энергетика вазирлиги зарурат туғилса, метан қуйиш шохобчалари фаолияти вақтинча чекланишини маълум қилди.
«Ўзгидромет» прогнозларига кўра, 9–11 ноябрь кунлари мамлакатда ёмғир, шимолий ва тоғли ҳудудларда қор ёғиши кутилмоқда. Ҳарорат шимолда кечаси −7 даражагача, бошқа айрим ҳудудларда эса −1…−2 даражагача тушиши мумкин.
Вазирликка кўра, совуқ кунларда газ, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари, мактаблар, боғчалар ва шифохоналарга етказиб берилади.
Метан заправкаларга чекловлар заруратга қараб, маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган жадвал асосида жорий этилади. Бу ҳақда ҳайдовчилар олдиндан огоҳлантирилиши айтилмоқда.
Шундай қилиб, ҳаво совиши билан метан заправкаларда яна чекловлар бўлиши мумкин.
Бироқ вазирлик ҳозирча улар қачон ва қанча муддатга жорий этилишини маълум қилмаган.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
Тошкентда хонанда Мубинлолони ўлдиришга ишора қилган блогер ИИБга олиб борилди
Instagram’да 600 мингдан ортиқ обуначига эга блогер хонанда Мубина Аббосхонова (Мубинлоло)га нисбатан зўравонликни тарғиб қилувчи видео тарқатгани ортидан ички ишлар органлари текширув бошлади.
Блогер хонанданинг клипини миллий маънавиятга зид деб баҳолаб, уни ўлдиришга ишора қилувчи саҳналар акс этган видеони ўз саҳифасига жойлаштирган.
Видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамалар ва эътирозларга сабаб бўлди.
Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, Олмазор тумани ички ишлар органлари томонидан суриштирув ўтказилиб, видео муаллифининг шахси аниқланган. Ҳолат шаҳар ИИББ назоратига олинган.
Ҳозирда терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Унинг якунига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши билдирилган.
Блогер эса ўз қилмишидан пушаймонлигини билдириб, жамоатчиликдан узр сўраган.
ИИББ қонунчиликка зид видеолар тайёрлаш ва тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини эслатди.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Бугун ва эртага ноқонуний ишлатиш ҳолатлари бўйича рейдлар ўтказилиши мумкин
✔️Меҳнат инспекцияси иш вақтидан кейинги мажбурий меҳнатни ҳам текширадими?
7–8 ноябрь кунлари ходимларни дам олиш кунлари ва иш вақтидан ташқари ишлатиш ноқонуний. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекциясининг огоҳлантириши тарқалди.
Унда ходимларни шанба-якшанба кунлари қонунга хилоф равишда ишга жалб қилиш, иш вақти тугаганидан кейин розилигисиз олиб қолиш ёки таҳдид орқали ишлатиш қонунбузарлик экани эслатилган.
«Давлат меҳнат инспекцияси меҳнат қонунчилигига риоя этилишини назорат қилади», дейилади хабарда.
Аммо савол туғилади, меҳнат инспекцияси фақат дам олиш кунларидаги қонунбузарликларни текширадими ёки оддий иш кунларида ҳам ходимларни белгиланган вақтдан кейин ишлатиш ҳолатларини назорат қиладими?
Масалан, Юнусобод тумани ҳокимлиги кеча тунда аҳоли мурожаатларини ҳудудларга чиқиб ўрганаётгани ҳақида хабар берди. Ҳокимлик вакиллари тунги соат 23:00 дан кейин ҳам аҳоли билан учрашувлар ўтказаётгани тасвирларда акс этган. Ҳокимга бир неча ташкилотлар ходимлари ҳам ҳамрохлик қилган.
Албатта, аҳоли муаммоларини ўрганиш муҳим. Бироқ бу жараёнга жалб этилган ходимларнинг ҳам дам олиш ҳуқуқи бор.
Бу каби тонгдан тунга уланадиган фаолият бугун фақат бу ҳокимлик эмас, бошқа давлат идораларида ҳам бор.
Хўш, меҳнат инспекцияси оддий иш кунларида соат 18:00 дан кейин, ҳатто тунги 23:00 гача давом этадиган хизмат фаолиятини ҳам ўрганадими?
Бундай ишга жалб этилган ходимларга қўшимча ҳақ тўланиши назорат қилинаяптими?
Зеро, меҳнат қонунчилиги фақат шанба ва якшанба кунлари эмас, ҳафтанинг барча кунларида амал қилиши керак.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
uzdiplomat иқтибоси: 🖍
“Қонунлар ва низомлар қанчалик мукаммал бўлмасин,уни амалда жорий қиладиган кишининг кўнглида ҳақ, адолат яшамаса, ҳаммаси тескари тарафга кетади. Адолатсизлик, ижтимоий тенгсизлик ҳукмрон бўлади”.
Нажмиддин Эрбақон
Туркия Республикасининг собиқ Бош вазири
(1996-1997)
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X