🔴Давлат харидларида энг арзон маҳсулотни танлаш амалиёти ўзгаради Ўзбекистонда давлат харидларида маҳсулотнинг фақат нархи эмас, уни ишлатиш ва таъмирлаш харажатлари ҳам ҳисобга олинади. Давлат имтиёзларидан фойдаланаётган йирик инвестиция лойиҳаларида эса маҳаллий электротехника маҳсулотларини харид қилиш талаблари кучайтирилади. Бу ҳақда бугун Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида электротехника саноати вакиллари ва инвесторлар билан ўткаётган мулоқотида маълум қилинди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, мамлакатда ҳар йили 10 триллион сўмлик электротехника маҳсулотлари давлат харидлари орқали сотиб олинади. Эндиликда давлат буюртмалари ягона платформада жамланади. 2027 йил 1 январдан эса харидларнинг уч йиллик режалари олдиндан эълон қилинади. Шунингдек, маҳсулотларни фақат арзон нархига қараб танлаш амалиёти қайта кўриб чиқилади. Масалан, назорат хариди давомида импорт трансформатор маҳаллий маҳсулотдан 400 минг сўм арзонлиги, бироқ электр сарфи 10 фоизга, таъмирлаш харажати эса тўрт баравар юқорилиги аниқланган. Шу сабаб давлат харидларида маҳсулотнинг бутун хизмат муддати давомидаги харажатларини баҳолаш — life-cycle cost тизими жорий этилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ҳам янги имкониятлар яратилмоқда. Ҳозир энергетика соҳасидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида маҳаллий маҳсулотлар улуши камида 25 фоиз, кабель маҳсулотлари бўйича эса 70 фоиз бўлиши талаб этилади. Эндиликда ушбу талаблар давлатдан солиқ ва бошқа имтиёзлар ёки арзон ресурслар олаётган, қиймати 10 миллион доллардан юқори инвестиция лойиҳаларига ҳам татбиқ этилади. Йиғилишда ўзбекистонлик корхоналарнинг хорижий бозорларга чиқиши ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, NURA Electric Камбожада 2 миллион долларлик тендерда ғолиб бўлган. Бироқ халқаро тендерларда иштирок этиш учун йирик банк кафолатларини олиш тадбиркорларга қийинчилик туғдирмоқда. Президент банкларга корхоналарнинг молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, кафолат беришнинг соддалаштирилган тартибини бир ойда ишлаб чиқишни топширди. Бундан ташқари, «Шаффоф қурилиш» тизимида энергетика лойиҳалари пудратчилари учун алоҳида майдонча ташкил этилади. Бу соҳадаги корхоналарга қўйиладиган талабларни энергетика лойиҳаларининг хусусиятларига мослаштириш имконини беради. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X