🔴Ўзбекистонда газ қазиб олиш 10 йилда 14 фоизга камайди, истеъмол эса 53 фоизга ошди — Eni Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш ҳажми сўнгги ўн йилда сезиларли қисқарган. Шу вақт ичида газ истеъмоли эса аксинча, кескин ошган. Бу Италиянинг Eni энергетика компанияси эълон қилган World Energy Review 2026 ҳисоботида келтирилган. Ҳисоботга кўра, 2015 йилда Ўзбекистонда 46,55 млрд куб метр табиий газ қазиб олинган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 40,16 млрд куб метрни ташкил этган. Яъни ўн йилда қазиб олиш ҳажми 6,39 млрд куб метрга ёки 13,7 фоизга камайган. Айниқса, 2021 йилдан кейин пасайиш кучайган. Ўша йили мамлакатда 50,82 млрд куб метр газ қазиб олинган бўлса, 2024 йилга келиб кўрсаткич 39,22 млрд куб метргача тушган. 2025 йилда газ қазиб олиш 2,4 фоизга ўсганига қарамай, ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилги даражадан ҳамон 21 фоиз пастлигича қолмоқда. Эътиборлиси, қазиб олиш камайган бир вақтда мамлакатда газ истеъмоли ўсиб борган. Eni маълумотларига кўра, 2015 йилда 35,4 млрд куб метрни ташкил этган истеъмол 2025 йилда 54,32 млрд куб метрга етган. Бу ўн йил ичида қарийб 53 фоизлик ўсиш демакдир. Натижада 2025 йилда газ истеъмоли мамлакатда қазиб олинган ҳажмдан 14,16 млрд куб метрга кўп бўлган. Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон газ қазиб олиш бўйича иккинчи ўринда қолмоқда. 2025 йилда Туркманистон 72,48 млрд куб метр, Қозоғистон эса 28,21 млрд куб метр газ қазиб олган. Аввалроқ берилган Миллий статистика қўмитаси маълумотлари мамлакатнинг газ импортига қарамлиги ортиб бораётганини кўрсатган эди. Хусусан, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон 1 млрд 605,3 млн долларлик газ импорт қилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 49,9 фоизга кўп. Айни пайтда газ экспорти 34,5 фоизга камайиб, 357,9 млн долларни ташкил этган. Яъни Ўзбекистон газ сотишдан топган пулига нисбатан уни хориждан сотиб олишга қарийб 4,5 баравар кўп маблағ сарфлаган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X