🔴Ўзбекча статистика кўпайтириш усули: Марҳаматда 837 киши қоғозда ишли қилингани аниқланди Андижон вилояти Марҳамат туманида 837 нафар фуқаро сохта ҳужжатлар асосида ишга жойлаштирилиб, камбағаллик реестридан чиқарилган. Оқибатда 78 киши моддий ёрдамдан маҳрум қолган. Ҳолат жамоатчиликда муҳокамаларга сабаб бўлгач, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги расмий муносабат билдирди. «Аҳоли бандлиги ва камбағалликни қисқартириш кўрсаткичларини сунъий оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказилишига йўл қўйилмайди», дейилади муносабатда. Kun.uz суд ҳужжатларига таяниб ёзишича, «Марҳамат агропилла» МЧЖ раҳбари ва туман бандлик бўлими бошлиғи ўринбосари тил бириктириб, 837 кишини қоғозда ишли қилиб кўрсатган. Электрон меҳнат тизимига улар 2025 йил май–октябрь ойларида корхонада ишлагани ва 6,3 миллион сўм иш ҳақи ҳисоблангани ҳақида сохта маълумот киритилган. Вазирликнинг расмий муносабатида айтилишича, ҳолат Марҳамат туман прокуратурасининг 2026 йил 12 майдаги талабномаси асосида ўрганилган. Корхонада умуман ишламаган ва меҳнат шартномаси тузилмаган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар раҳбар А. Ахмедовнинг электрон калити орқали тизимга киритилгани аниқланган. Суд корхона раҳбарини айбли деб топиб, унга бир йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаган. Вазирлик 837 кишининг электрон меҳнат дафтарчасидаги сохта маълумотлар ўчирилганини билдирди. Бироқ моддий ёрдамдан маҳрум бўлган 78 кишига тўланмай қолган пуллар қайтарилгани ҳақида маълумот берилмаган. Иқтисодчи Отабек Бакиров эса «Камбағалликни қисқартириш бўйича чемпионликка фақат Марҳамат ҳисса қўшганми?» деган саволни ўртага ташламоқда. Унинг фикрича, бундай сохта бандлик ҳолатлари алоҳида бир туман билан чекланмаслиги мумкин. Бакиров суд тайинлаган жазони ҳам енгил деб баҳолаб, бу каби ҳолатлар расмий статистикага ишончни сусайтиришини таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, Бандлик вазирлигининг 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойи бўйича ҳисоботида 824 минг киши доимий ишга жойлаштирилгани, 980 минг кишининг норасмий бандлиги расмийлаштирилгани маълум қилинган. Камбағаллик даражаси эса 5,8 фоиздан 3,6 фоизга тушгани билдирилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X