🔴«Ҳали бирорта ректорни ишдан олмадим» — Турдимов беш ректор ҳақидаги хабарларни рад этди Таълим ва фан вазири Эркинжон Турдимов беш нафар ректор лавозимидан озод этилгани ҳақида тарқалган хабарларни инкор қилди. Унинг айтишича, 6 ноябрдаги йиғилишда тўрт нафар ректорга қаттиқ огоҳлантириш берилган. Вазир самарқандлик журналист Каримберди Тўрамуродга берган интервьюсида ректорлар фаолиятини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилганини айтди. Уларнинг лавозимда қолиш-қолмаслиги шу гуруҳ хулосаси асосида ҳал қилинади. Аввалроқ, 6 ноябрь куни Qalampir.uz ўз манбасига таяниб, беш нафар ректор ишдан олингани ҳақида хабар берган эди. Хабарда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Илҳомжон Тўхтасинов ва Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори Баҳодир Ҳолиқовнинг номи келтирилган. Қолган уч ректорнинг исми очиқланмаган. Вазирнинг янги баёноти айнан шу хабарларни рад этмоқда. ЎзДЖТУ ректори ҳақидаги хабарлар «Хавфсиз талаба» иловаси атрофидаги можаро билан ҳам боғланган эди. Ноябрь бошида талабалар иловани мажбуран ўрнатиш талаб қилинаётгани, айримлари шу сабаб дарсга кечикиб, давоматда йўқ деб белгиланганидан шикоят қилган. Бу воқеалар ортидан университетнинг Таржимонлик факультети декани Улуғбек Йўлдошев лавозимидан озод этилгани хабар қилинган. Бироқ деканнинг ишдан олиниши ректор ҳам лавозимидан озод этилганини англатмайди. Вазирликнинг 6 ноябрдаги йиғилиш ҳақидаги расмий ахборотида ҳам ректорлар ишдан олингани айтилмаган. Унда айрим мансабдорларнинг лавозимига лойиқлигини ўрганиш ва хулоса киритиш учун ишчи гуруҳ тузилиши билдирилган. Йиғилишда олий таълимдаги бир қатор муаммолар келтирилган. 2026 йилги битирувчиларнинг 13,8 минг нафари банд эмаслиги, ўрганилган 29,7 мингта ўқув адабиётининг 5,5 мингтаси 20 йилдан аввал чоп этилгани, ётоқхоналар қурилиши кечикаётгани қайд этилган. Ректорларга 15 кун ичида талабалар ва ўқитувчилар учун қабуллар ташкил этиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш топширилган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X