Ўзбекистонда шифокорларнинг маоши, меҳнат шароити ва ижтимоий ҳимояси яхшиланади — Президент Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимларини касб байрами билан табриклаб, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Бугун эълон қилинган табрикда давлат раҳбари тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар, шифокорлар учун яратилаётган шароитлар ва келгусидаги вазифаларга тўхталди. Президент 27 октябрь куни соҳа вакиллари билан ўтказилган учрашувда тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, касбий ривожланиши ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалалари батафсил муҳокама қилинганини эслатди. Хусусан, жорий йилда тиббиёт ходимлари учун қатор имтиёзлар жорий этилган. Улар орасида: - Давлат тиббиёт муассасалари ходимларига касб байрами муносабати билан ҳар йили меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбат пули бериш; - Камида 15 йиллик иш стажига эга ходимлар фарзандларининг олий таълим контрактидан 30 фоизини белгиланган лимит доирасида қоплаш; - Ҳар йили 500 нафар тажрибали тиббиёт ходимининг ипотека бошланғич тўловидан 25 фоизини қоплаб бериш; - Миллий аккредитациядан ўтган давлат тиббиёт муассасалари ходимларига лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида ойлик устама тўлаш; - Тегишли иш стажига эга ходимларга бепул юқори технологик тиббий ёрдам ва санаторий йўлланмалари ажратиш каби чоралар бор. Шунингдек, 27 октябрдаги учрашувда бакалавриатни тамомлаган ҳамшираларга 1,5 миллион сўм, магистратурани битирганларга 2,5 миллион сўм қўшимча устама тўлаш белгилангани маълум қилинган. Президент табригида қайд этилишича, сўнгги йилларда соғлиқни сақлашга ажратилаётган маблағлар етти баравар кўпайиб, 2026 йилда 49 триллион сўмга етган. Бундан ташқари, DMED тизими орқали 38 миллиондан ортиқ аҳолининг электрон тиббий картаси шакллантирилган. Йил охиригача давлат тиббий суғуртаси механизмларини барча ҳудудларда тўлиқ йўлга қўйиш режалаштирилган. 2027 йилдан тиббиёт ва фармацевтика ходимларини халқаро стандартларга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказиш тизими ҳам жорий этилади. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, асосий мақсад фуқаролар қаерда яшаши ва ижтимоий аҳволидан қатъи назар, ўз вақтида сифатли тиббий ёрдам олишини таъминлашдан иборат. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X