«Дўстлик тумани ҳокими президентга дўстми?» — ҳуқуқ фаоли ҳокимнинг ер ажратиш қарорларини текширишни сўрамоқда Ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов Жиззах вилояти Дўстлик тумани ҳокими Шавкат Дарвишевни ер майдонларини ажратишда қонунбузарликларга йўл қўйганлигини айтиб, унинг фаолиятини текширишни сўрамоқда. Ташановнинг ёзишича, 2021 йилдан буён туманга раҳбарлик қилиб келаётган ҳоким ер ажратиш бўйича бир қатор қонунга зид қарорлар қабул қилган. Ҳуқуқ фаолининг таъкидлашича, унинг қўлида ҳокимнинг ер ажратишга оид фармойишлари бекор қилинганини тасдиқловчи ўнлаб суд қарорлари мавжуд. Шунингдек, мазкур ишлар юзасидан ҳокимлик бир неча миллион сўм давлат божи тўлагани айтилмоқда. «Давлатга ўзининг қонунбузарликлари билан шунча зарар етказган бу ҳоким кимга ишонмоқда? Унинг суянчиғи ким, нега унинг қонунбузарликларидан кўз юмилмоқда?» — дея савол қўяди Ташанов. У Конституциянинг 68-моддасига таяниб, ер умуммиллий бойлик экани ва давлат муҳофазасида бўлиши шартлигини эслатган. Ҳуқуқ фаоли ҳокимнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши, ер ажратиш қарорлари юзасидан шаффоф текширув ўтказилиши керак деб ҳисоблайди. Маълумот учун, Шавкат Дарвишев 2021 йил 16 февралда Дўстлик тумани ҳокими этиб тайинланган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X