🔴Кинематография агентлиги тугатилади ва яна Маданият вазирлигига ўтказилади
Ўзбекистонда Кинематография агентлиги тугатилиб, кино соҳасида давлат сиёсатини юритиш ваколати Маданият вазирлигига берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев киноижодкорлар билан учрашувда маълум қилди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, вазирлик таркибида Кино санъати департаменти ташкил этилади. Унинг раҳбари мақоми вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
Масъулларга бир ой ичида департамент фаолиятини йўлга қўйиш, Кинематография агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларни тугатишни таъминлаш топширилди. Янги тизимда соҳани бошқариш, молиялаштириш ва фильм яратиш вазифалари аниқ ажратилиши белгиланмоқда.
Кинематография агентлиги ҳозирги номини 2021 йил 7 апрелдаги президент фармони асосида олган. Ҳужжат билан «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги деб қайта номланган.
«Ўзбеккино» Миллий агентлиги эса 2004 йил 16 мартда «Ўзбеккино» давлат-акциядорлик компанияси негизида ташкил этилган. Унга кино соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, киностудиялар ва ижодий жамоаларни қўллаб-қувватлаш, фильмлар яратиш ва намойиш этиш тизимини ривожлантириш вазифалари юклатилган эди. Давлат-акциядорлик компаниясининг ўзи 1996 йилда тузилган.
2023 йилги маъмурий ислоҳотлардан кейин агентлик Маданият ва туризм вазирлиги ҳузурида фаолият юрита бошлаган. Кейинчалик у Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги сифатида ишлаб келди. Эндиликда соҳани бошқариш ваколатлари вазирликнинг бевосита таркибидаги департаментга ўтказилади.
Uzdiplomat аввалроқ режиссёр Элдор Йўлдошев ва кинотеатрлар эгаси, тадбиркор Фарруҳ Тўлаганов каби мутахассислар билан суҳбатларда кинони ривожлантириш учун махсус агентлик шарт эмаслигини таъкидлаган эди.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴 Президент айтган муаммони Uzdiplomat таҳлиллари ҳам кўрсатган эди
✔️Томошабин бор, аммо сифатли миллий кино йўқ.
Президент миллий фильмлар томошабиннинг ўзгарган диди ва талабига жавоб бермаётганини таъкидлади. Uzdiplomat аввал эълон қилган таҳлилда ҳам кинотеатрларда аудитория ва тушум ошаётгани, аммо бу ўсишдан асосан хорижий фильмлар фойда кўраётгани кўрсатилган эди.
Давлат раҳбари ижтимоий тармоқлар ривожлангани учун одамлар кинотеатрга бормай қўйгани ҳақидаги фикрларга тўхталиб, хорижий фильмлар кинозалларни тўлдираётганини қайд этди.
«Демак, томошабин кинодан, кинотеатрларга боришдан воз кечгани йўқ, фақат унинг диди ва талаби ўзгарди. Миллий фильмларимиз ана шу талабга жавоб беряптими? Афсуски, йўқ!» — деди президент.
Бунинг сабаби сифатида фильмни ишлаб чиқаришдан томошабинга етказишгача бўлган яхлит занжир — дистрибуция шаклланмагани кўрсатилди.
Uzdiplomat аввал дистрибьютор Элдор Йўлдошев тақдим этган маълумотлар асосида ушбу масалани ёритган эди. Унда келтирилишича, 2026 йилда республика бўйича касса йиғимлари 37,2 фоизга, томошабинлар сони эса 50,7 фоизга ошган. Бироқ миллий фильмларнинг умумий кинопрокатдаги улуши атиги 6,5 фоизни ташкил этган.
Бу рақамлар президент кўтарган масаланинг муҳим жиҳатини очиб беради: одамлар кинотеатрга боряпти, кино учун пул ҳам сарфлаяпти. Аммо миллий фильмлар бу аудиторияни етарлича жалб қила олмаяпти.
Йўлдошев маълумотларига кўра, миллий картиналар орасида хусусий киноижодкорлар суратга олган «Амир Темур» 159 минг доллар касса йиғими билан етакчилик қилган. «Лағмон» 114 минг доллар, «Фарз» эса 48 минг доллар тўплаган. Айрим хорижий фильмларнинг тушуми эса бир миллион доллардан ошган.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўзбекистонда фильмлар суратга олиш учун бу йил бюджетдан 218 млрд сўм ажратилди
2026 йилда Ўзбекистонда фильмлар суратга олиш учун давлат бюджетидан 218 миллиард сўм ажратилган. 2016 йилда бу кўрсаткич 10 миллиард сўмни ташкил этган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 26 октябрь куни «Ўзбекфильм» киностудиясида киноижодкорлар билан ўтказаётган учрашувида маълум қилинди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, учрашувда кинематография соҳасидаги ишлар ва келгуси режалар муҳокама қилинмоқда.
Мирзиёев сўнгги ўн йилда соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган иккита фармон ва саккизта қарор қабул қилингани, «Ўзбекфильм» киностудияси тўлиқ реконструкция қилинганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, натижада миллий фильмларнинг салмоғи ва сифати ошган, соҳага ўнлаб хусусий киностудиялар кириб келган.
Учрашувда ўзбек киноси меросига ҳам тўхталиб ўтилди. Президент «Маҳаллада дув-дув гап», «Ўтган кунлар», «Шум бола», «Чинор остидаги дуэль», «Суюнчи» каби фильмлар қаҳрамонлари халқ хотирасида яқин инсонлардек сақланиб қолганини таъкидлаган.
Давлат раҳбари ўша даврдаги сиёсий ва мафкуравий босимларга қарамай, ижодкорлар миллий санъат асарларини ярата олганини юқори баҳолади. Мустақиллик йилларида ҳам ушбу ижодий мактаб давом эттирилиб, «Абдуллажон», «Отамдан қолган далалар», «Дилхирож», «Ватан» ва «Ўтов» сингари фильмлар яратилгани қайд этилди.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўзбекистон Туркий инвестиция жамғармасидан пул олмоқчи
Ўзбекистон транспорт, энергетика, саноат ва тадбиркорлик соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун Туркий инвестиция жамғармаси имкониятларидан фойдаланишни кенгайтирмоқчи. Бироқ ҳозирча мамлакатга қанча маблағ ажратилиши ва қайси лойиҳалар молиялаштирилиши маълум қилинмаган.
24 октябрь куни Тошкентда Туркий инвестиция жамғармаси Бошқарувчилар кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Trend агентлиги Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига таяниб хабар берди.
Йиғилишда Ўзбекистон номидан инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаев иштирок этди. Шунингдек, Озарбайжон, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия вакиллари қатнашди.
Музокараларда инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш, қўшимча молиявий ресурсларни жалб қилиш ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда жамғарманинг корпоратив бошқаруви, фаолият самарадорлиги ва раҳбар органлар ўртасидаги ваколатлар тақсимоти ҳам муҳокама қилинди.
Келгуси йиллик йиғилишга қадар Бошқарувчилар кенгашига раислик қилиш Озарбайжонга ўтди.
Маълумот учун, Туркий инвестиция жамғармаси Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида тунги ҳарорат −3 даражагача тушади
Ўзбекистонда 27 октябрга ўтар кечаси Қорақалпоғистон, Хоразм ва айрим тоғли ҳудудларда ҳаво ҳарорати 3 даража совуққача пасайиши кутилмоқда. Ўзгидрометнинг маълум қилишича, кундузи ушбу ҳудудларда 12–17 даража илиқ бўлади.
Бухоро ва Навоий вилоятларида тунги ҳарорат асосан 2–7 даража илиқни ташкил этади. Бироқ чўл ҳудудларининг айрим жойларида 2 даража совуқ кузатилиши мумкин. Кундузи ҳаво 15–20 даражагача илийди.
Тошкент шаҳрида 27 октябрь куни ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси 6–8, кундузи 19–21 даража илиқ бўлади. Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида эса кечаси 3–8, кундузи 17–22 даража илиқ бўлиши прогноз қилинган.
Ҳафталик прогнозга кўра, 28 октябрда айрим ҳудудларда бироз ёмғир ёғади, шимолий ва шарқий ҳудудларда эса ёғингарчилик кутилмайди.
28–30 октябрь кунлари тоғолди ва тоғли жойларда ёмғир ёғиши, баланд тоғларда қорга айланиши мумкин.
26–27 октябрь кунлари шимол ва чўл ҳудудларининг айрим жойларида шамол тезлиги секундига 13–18 метргача кучайиб, чанг-тўзон кўтарилиши эҳтимоли бор.
Ўзгидромет ҳафта давомида ҳарорат иқлим меъёрига мос бўлишини қайд этган. Мамлакатнинг катта қисмида кечалари 5–10, кундузи 17–22 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Мирзиёев ва Қатар Амири қўшма лойиҳаларни кенгайтиришга келишди
Президент Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашди. Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий ва гуманитар соҳалардаги лойиҳаларни кенгайтиришга келишиб олди.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда аввалги олий даражадаги музокараларда эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилган. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилгани қайд этилган.
Етакчилар глобал ва минтақавий масалаларни ҳам муҳокама қилган.
Бу икки етакчининг октябрь ойидаги иккинчи учрашуви бўлди. Улар 15 октябрда Бокуда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити доирасида ҳам музокара ўтказган эди. Ўшанда Қатар компаниялари билан энергетика, кимё саноати, озиқ-овқат хавфсизлиги, транспорт ва қурилиш соҳаларида ҳамкорлик олиб борилаётгани маълум қилинган.
Бокудаги учрашувда декабрь ойидаги Доҳа форумида Ўзбекистон делегацияси иштирок этиши, унинг доирасида Ҳукуматлараро қўшма комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларини ўтказиш режаси ҳам муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қатар раҳбарлари 2023 йил декабрида муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга келишган. Ўша музокараларда Қатар томони Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини ҳам қўллаб-қувватлаган эди.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Perfectum’нинг 98,4 млрд сўмлик мол-мулкини Ойбек Турсуновга сотиш маъқулланди
Perfectum мобил операторининг Тошкентдаги бош офиси ва 2 мингдан ортиқ асосий воситасини тадбиркор Ойбек Турсуновга сотиш режалаштирилмоқда.
Қўшилган қиймат солиғи билан бирга битимнинг умумий қиймати 98 млрд 374 млн сўмни ташкил этади.
Tanga нашрининг Корпоратив ахборот ягона порталидаги маълумотларга таяниб ёзишича, тегишли қарор 16 октябрь куни Perfectum операторига эгалик қилувчи «Rubicon Wireless Communication» акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишида қабул қилинган.
Сотиладиган кўчмас мулк Тошкент шаҳри Миробод тумани, Тарас Шевченко кўчаси, 21-уйда жойлашган.
Perfectum’нинг бош офиси ҳам шу манзилда. Мажмуа 7 283 квадрат метрлик ер участкасидаги тўртта бинодан иборат бўлиб, биноларнинг умумий майдони 10 479 квадрат метрни ташкил этади.
Кўчмас мулк мажмуаси 65 млрд 968 млн сўмга, компанияга тегишли 2 012 та асосий восита эса 32 млрд 406 млн сўмга баҳоланган. Ҳар икки суммага ҚҚС киритилган.
Мазкур қарор Perfectum’нинг эгаси ўзгараётган бир пайтда қабул қилинди. Beeline Uzbekistan’га эгалик қилувчи VEON гуруҳи 19 октябрда оператор акцияларининг 100 фоизини сотиб олиш бўйича келишувга эришганини эълон қилган. Унинг умумий қиймати 207 млн доллар бўлиб, бунга Perfectum’нинг қарийб 93 млн долларлик молиявий қарзи ҳам киритилган. VEON битимни октябрь охиригача якунлашни кутмоқда.
Рақобат қўмитаси ушбу харидга бир қатор шартлар билан олдиндан розилик берган. Жумладан, Perfectum камида уч йил алоҳида фаолият юритиши, амалдаги абонентлар учун 5G FWA — симсиз уй интернети тарифлари 12 ой сақланиши ва интернетнинг ўртача тезлиги 300 Мбит/с дан пасайтирилмаслиги керак. Шунингдек, абонентларни Beeline ёки VEON платформалари хизматларидан фойдаланишга мажбурлашга йўл қўйилмайди.
VEON маълумотига кўра, Perfectum’нинг частота ресурслари хариддан сўнг Beeline Uzbekistan ихтиёридаги радиочастоталар ҳажмини тахминан 50 фоизга оширади.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 Ўзбекистонда иситиш мавсуми қачон бошланиши маълум қилинди
Ўзбекистонда марказлаштирилган иситиш тизими ҳаво ҳарорати кетма-кет беш кун давомида ўртача 8 даражадан паст бўлганидан кейин ишга туширилиши керак. Иситиш мавсумини бошлаш санасини эса ҳудудий ҳокимликлар белгилайди.
Ҳаво ҳарорати пасайиб бораётгани сабаб аҳоли ўртасида кўп қаватли уйларга иссиқлик қачон берилиши ҳақида саволлар кўпаймоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларига мувофиқ, иситиш мавсуми ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати кетма-кет беш кун давомида 8 даражадан паст бўлганидан кейинги кундан бошланиши белгиланган.
Бунда иситиш мавсумининг аниқ бошланиш ва тугаш санасини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари белгилайди.
Қоидада кундузги ёки тунги ҳарорат эмас, айнан ўртача суткалик ҳарорат назарда тутилган. Демак, кечаси ҳаво 8 даражадан пастга тушиши иситиш тизимини дарҳол ишга тушириш учун асос бўлмайди.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴Ўзбекистонда илк исломий банк лицензияси берилди
Энди аҳоли исломий муробаҳа асосида молиялаштиришдан фойдаланиши мумкин бўлади
Ўзбекистонда илк бор тижорат банки исломий молия тамойиллари асосида ишлаш ҳуқуқини олди. Марказий банкнинг қарори билан Open Bank’га исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди. Бу мамлакат банк тизимида анъанавий кредитлашдан ташқари, фоизсиз молиялаштириш механизмларини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 23 октябрдаги 28/1-сонли қарорига мувофиқ, «Open Bank» акциядорлик жамиятига исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи 1-I-сонли лицензия тақдим этилди.
Бу Ўзбекистонда исломий банк фаолияти учун берилган биринчи лицензиядир.
Эътиборлиси, Open Bank молия бозорида янги ташкил этилган банк эмас. У аввал «Smart Bank» номи билан фаолият юритган. 2025 йил сентябрда банк номи «Open Bank»га ўзгартирилиб, унинг лицензияси қайта расмийлаштирилган эди.
Исломий банк фаолиятининг асосий хусусияти — молиявий муносабатларни фоизли қарз бериш ўрнига савдо, ижара, шерикчилик ва фойдани тақсимлаш тамойиллари асосида ташкил этишдир.
Масалан, анъанавий банк мижозга автомобил сотиб олиши учун фоизли кредит берса, исломий молиялаштиришда банк автомобилни ўзи сотиб олиб, уни мижозга олдиндан келишилган устама билан бўлиб тўлаш шартида сотиши мумкин.
Исломий молияда бошқа усуллар ҳам мавжуд. Жумладан, банк мол-мулкни ижарага бериши ёки тадбиркор билан шерикчилик асосида лойиҳани молиялаштириши мумкин.
Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган ЎРҚ-1126-сонли қонун 2026 йил 27 мартда қабул қилинган ва 29 июндан кучга кирган.
Янги тартибга кўра, тижорат банклари тегишли лицензия асосида анъанавий банк хизматлари билан бирга исломий молия хизматларини ҳам кўрсатиши мумкин.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Алматов, Бобожонов, Ортиқхўжаев: ИИВнинг юбилей тадбирида кимлар кўринди?
Ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазирлиги ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган байрам тадбиридан видеолавҳалар тарқалмоқда.
Кадрларда собиқ ички ишлар вазирлари Зокир Алматов ва Пўлат Бобожонов, Давлат солиқ қўмитасининг собиқ раиси Ботир Парпиев, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, шунингдек, коррупцияда гумон қилиниб ишдан кетган ва яқинда оқланиб ИИВ тизимига қайтган Бекмурод Абдуллаев «катталар» сафида кўринган.
Тадбир иштирокчилари орасида Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Ғофуржон Мирзаев, Конституциявий суд раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов, Олий суд раиси Робахон Маҳмудова, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, адлия вазири Акбар Тошқулов ҳам бор.
Шунингдек, видеолавҳаларда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасановни кўриш мумкин.
Ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 35 йиллик юбилей тадбири Тошкентдаги Халқаро форумлар саройида 24 октябрь куни ўтказилган. Унда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбарининг соҳа ходимлари ва фахрийларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирган. Унда давлат раҳбари соҳа ходимларидан ташаббускорлик, қатъий интизом ва ҳалоллик кутишини билдирган.
“Ўзингни англа ва ўзгани қадрла” тамойили асосида касбий шаънни асраш, қонунга қатъий риоя этиш, ҳар бир инсонга ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
«Оддий инсонларнинг сизга ишонч билан мурожаат қилиши ва бундан кўнгли таскин топиши – сизнинг хизматингизга берилган энг юксак баҳодир», дейилади қутловда.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
uzdiplomat иқтибоси:
«Ўзини ўзи бошқармоқчи бўлган халқ билим берадиган куч билан қуролланиши керак».
ЖЕЙМС МЭДИСОН,
АҚШнинг тўртинчи Президенти
Каналга уланиш:✏️ https://t.me/uzdiplomat
🔴Тошкентда тунда ҳаво сифати янада ёмонлашади
25 октябрдан 26 октябрга ўтар кечаси Тошкентда ҳаводаги майда заррачалар миқдори ортиши мумкин. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси огоҳлантирди.
Прогнозга кўра, кечки ва тунги соатларда ҳаво сифати халқаро AQI индекси бўйича «ноқулай», миллий индекс бўйича эса «зарғалдоқ» даражага етиши кутилмоқда.
Бунга ҳароратнинг пасайиши, шамолнинг кучсизлиги ва кучли ҳарорат инверсияси сабаб бўлади. Бундай шароитда ер юзасига яқин совуқ ҳаво юқоридаги илиқ қатлам остида қолиб, ҳаво алмашинуви чекланади. Натижада PM2.5 ва PM10 заррачалари тарқалиб кетмай, пастки қатламда тўпланади.
Айни пайтда, Тошкент ҳавоси бугуннинг ўзидаёқ «саломатлик учун зарарли» даражада. IQAir платформасининг 25 октябрь соат 19:00 ҳолатидаги маълумотига кўра, пойтахтда ҳаво сифати индекси 156 ни, асосий ифлослантирувчи — PM2.5 заррачалари миқдори эса 62,5 мкг/м³ ни ташкил этган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Обама Трампни танқид қилди: «Оқ уй Саддам Ҳусайн очган ресторанга ўхшаб қолди»
АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама Дональд Трампнинг Оқ уйни олтинранг безаклар билан қайта жиҳозлашини танқид қилиб, уни сайловчиларнинг муаммоларидан кўра таъмирлаш ишларига кўпроқ эътибор қаратаётганликда айблади. Бу ҳақда The Hill хабар берди.
Обама Огайо штатининг Кливленд шаҳрида демократлардан губернаторликка номзод Эми Эктон ва Сенатга номзод Шеррод Браунни қўллаб-қувватлаш тадбирида сўзлаган.
«У уй таъмирига жуда берилиб кетганга ўхшайди. Уни HGTV телеканалига чиқариш керак. Бу қадар олтин нимага керак? Оқ уйни худди Саддам Ҳусайн “Cheesecake Factory” ресторанини очгандек қилиб қўйибди», — деган собиқ президент.
HGTV — уй-жойни таъмирлаш ва безатишга бағишланган телеканал, «Cheesecake Factory» эса АҚШдаги ресторанлар тармоғидир. Нашр маълумотига кўра, Трампнинг Оқ уйдаги қурилиш лойиҳалари қиймати 900 миллион доллардан ошган.
Обама Вашингтондаги Линкольн мемориали олдидаги акс эттирувчи ҳовузни таъмирлаш ишларини ҳам танқид қилган. У Трампнинг 2016 йилги сайлов кампаниясида Вашингтон сиёсий тизимини ўзгартириш маъносида ишлатган «ботқоқликни қуритиш» шиорини эслатган.
«“Ботқоқликни қуритиш” деган гаплар эсингиздами? Тендерсиз берилган қандайдир шартнома ишни расво қилгач, қуритилган ягона жой Миллий хиёбондаги ҳовуз бўлди», — деган Обама.
The Hill ёзишича, июнда янгиланган ҳовуз намойиш этилганидан кейин сувда яшил сувўтлар пайдо бўлган, тубига суртилган кўк бўёқ эса кўча бошлаган. Трамп жума куни ҳовузни қайта сув билан тўлдириш ишлари 85 фоизга бажарилганини айтган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Тўйларни йиғилишлар билан қисқартириб бўладими?
✔️Амалдорларнинг ўзи тантанали тўйлар қилса, ҳатто Маданият вазири дабдабали маросимларда хизматда бўлса, аҳолига тежамкорлик ҳақидаги чақириқлар қанчалик таъсир қилади?
Ўзбекистонда тўй-маъракалардаги исрофгарчиликни камайтириш учун яна тарғиботни кучайтиришга чақирилмоқда.
«Маромийлик» лойиҳасининг дастлабки босқичида 1 156 та тадбир ўтказилган, аммо ҳисоботда оилаларнинг тўй харажатлари қанчага камайгани кўрсатилмаган.
«Юксалиш» сўровида ҳар тўрт иштирокчидан бири тўй учун қарз олганини ёки олишни режалаштирганини айтган. Ойига 500 минг сўмдан жамғара оладиган оилага эса 30 миллион сўмлик тўй пулини йиғиш учун беш йил керак.
Натижани йиғилишлар сони билан эмас, тўйини қарзсиз ўтказа олган оилалар сони билан баҳолаш вақти келмадими?
Тарғиботнинг ўзи етарлими ёки тўйларга чекловларни кучайтириш керакми?
➡️Батафсил — мақолада.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Тошкент ҳаво ифлосланиши бўйича олтинчи ўринда
✔️Тонгда тоза ҳаво фақат Урганч ва Термизда қайд этилган
Бугун эрталаб Тошкент IQAir платформасининг ҳавоси ифлосланган йирик шаҳарлар рейтингида 158 US AQI кўрсаткичи билан олтинчи ўринда қайд этилди. Тонгда тоза ҳаво фақат Урганч ва Термизда кузатилган.
Соат 09:53 даги рейтингда Лаҳор, Кучинг, Дакка, Мумбай ва Карачи Тошкентдан олдин жойлашган.
Ҳавоси энг тоза йирик шаҳарлар рўйхатини эса Мельбурн ва Окленд бошқарган.
Бу вақтда пойтахт ҳавосидаги PM2,5 заррачалари миқдори ЖССТ тавсия қилган даражадан 13 баравар юқори экани ҳам келтирилган.
Ўзгидрометнинг соат 09:00 даги маълумотига кўра, Тошкент ҳавосида PM10 заррачалари миқдори 120 мкг/м³ га етган. Бу идора келтирган 75 мкг/м³ меъёрдан 1,6 баравар кўп. PM2,5 миқдори эса 60 мкг/м³ бўлиб, маҳаллий рухсат этилган меъёрнинг юқори чегарасига тенг бўлган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
Тошкент осмонида ички ишлар органларининг 35 йиллигига бағишланган дрон-шоу ўтказилди
Тошкентда Ўзбекистон ички ишлар органлари ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан дрон-шоу намойиш этилди.
Байрам муносабати билан пойтахтда бошқа тадбирлар ҳам режалаштирилган. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, бугун, 25 октябрь соат 17:00 да Амир Темур хиёбонида ходимлар ва отлиқ бўлинмаларнинг кўргазмали чиқишлари, замонавий махсус техника ҳамда хизмат автомобиллари намойиши ўтказилади. Тадбирга шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари таклиф этилган.
Ўзбекистонда 25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни сифатида нишонланмоқда.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
📄uzdiplomat иқтибоси🖍
"Сиёсатчи ўз сўзига шу қадар ишонмайдики, бошқалар ишонганини кўриб ҳайратланади".
Шарл де Голь,
Сиёсий арбоб, Франциянинг 1959-1969 йиллардаги Президенти
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴«Одамлар бир ходимнинг хатти-ҳаракатидан бутун тизимга баҳо беради»
Президент ички ишлар ходимларига мурожаат қилди
Президент Шавкат Мирзиёев ички ишлар ходимларига фуқароларни диққат билан тинглаш, уларнинг муаммоларини қонуний ҳал этиш ва ҳар бир инсонга ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлигини эслатди. Давлат раҳбарига кўра, одамларнинг бутун ички ишлар тизими ҳақидаги тасаввури кўп жиҳатдан битта ходимнинг хатти-ҳаракатларига боғлиқ. Бироқ бу талаблар амалда қанчалик бажарилмоқда?
Президент Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни Ички ишлар вазирлиги ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан соҳа ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади.
Давлат раҳбари ўз мурожаатида ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги хизматларини эътироф этиш билан бирга, ходимларнинг фуқароларга муносабати, қонунга риоя қилиши ва ҳалоллиги масаласига ҳам алоҳида тўхталди.
«Сизга мурожаат қилган фуқарони диққат билан тинглаш, унинг муаммосини қонуний ҳал этишга кўмаклашиш халқнинг тизимга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Чунки, одамлар бир ходимнинг муомаласи ва хатти-ҳаракатидан бутун тизим ҳақида хулоса чиқаради», — деди Президент.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Самарқанд ҳақидаги баҳсли постлар сабабли Эрон элчисига норозилик нотаси топширилди
Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, унга Ўзбекистоннинг қатъий эътирозини ифодаловчи норозилик нотаси топширилгани хабар қилинди.
ТИВнинг Instagram саҳифасига таянган хабарга кўра, бунга Эроннинг хориждаги айрим дипломатик ваколатхоналари, хусусан, Зимбабведаги элчихонасининг Х ижтимоий тармоғидаги материаллари сабаб бўлган.
Элчихоналар нима деган?
Баҳс АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Самарқанддаги Регистон майдонидан эълон қилган видеоси ортидан бошланган. У шаҳарнинг халқаро савдо тарихидаги ўрнини эътироф этиб, келгусидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида ёзган.
Эроннинг Зимбабведаги элчихонаси эса Рубиога қарата «Нега Эрон мероси ҳамма жойда сизни таъқиб қилади? Ортингизга қаранг», — дея муносабат билдирган. Постда Регистондаги равоқлар Эрон–ислом цивилизациясининг белгиси сифатида таърифланиб, Рубио айнан шу меросни йўқ қилишга интилаётгани иддао қилинган.
Эроннинг Арманистондаги элчихонаси ҳам Рубио турган жойни форс цивилизацияси ва меъморчилигининг бир қисми деб атаган. Дипломатик ваколатхона унинг Афинадаги аввалги чиқишини эслатиб, форс цивилизацияси ҳақидаги гапларини кескин танқид қилган.
Ушбу муносабатлар ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва жамоатчилик вакилларининг эътирозига сабаб бўлди. Улар Регистон меъморий меросини фақат бир цивилизацияга боғлашга қарши чиқиб, Темурийлар ва кейинги маҳаллий ҳукмдорларнинг тарихий ҳиссасини эслатган эди.
Самарқанд ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатида «Маданиятлар чорраҳаси» номи билан қайд этилган. Ташкилот шаҳарни турли маданиятлар туташган тарихий марказ сифатида тавсифлайди.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Пулини ололмаган экспортчи нега яна жарима тўлаши керак?
Хорижий харидор маҳсулот ҳақини вақтида тўламайди, жарима эса ўзбекистонлик тадбиркорга солинади.
Иқтисодчи Юлий Юсупов бу амалиётни танқид қилиб, уни бизнес ва экспорт ривожига тўсиқ деб баҳолади.
«Айбдор — пулни тўламаган томон. Лекин давлат негадир жабрланган томонни жаримага тортади. Мантиқ қаерда?» — дейди у.
2025 йилда ташқи савдо активларини вақтида қайтармаганлик учун 9,1 минг тадбиркорга 3,3 трлн сўм жарима қўлланган. Бу аввалги йилдагидан тўрт баравардан кўп.
Депутатлар айрим ҳолларда жарималарни икки баравар камайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилиб, Сенатга юборди. Аммо Юсуповнинг фикрича, жазони юмшатиш асосий муаммони ҳал қилмайди.
Пулини ололмаган тадбиркорни жазолашнинг ўзи қанчалик тўғри?
Батафсил сайтда ўқинг!
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X