🔴Ўзбекистонда илк исломий банк лицензияси берилди Энди аҳоли исломий муробаҳа асосида молиялаштиришдан фойдаланиши мумкин бўлади Ўзбекистонда илк бор тижорат банки исломий молия тамойиллари асосида ишлаш ҳуқуқини олди. Марказий банкнинг қарори билан Open Bank’га исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди. Бу мамлакат банк тизимида анъанавий кредитлашдан ташқари, фоизсиз молиялаштириш механизмларини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади. Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 23 октябрдаги 28/1-сонли қарорига мувофиқ, «Open Bank» акциядорлик жамиятига исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи 1-I-сонли лицензия тақдим этилди. Бу Ўзбекистонда исломий банк фаолияти учун берилган биринчи лицензиядир. Эътиборлиси, Open Bank молия бозорида янги ташкил этилган банк эмас. У аввал «Smart Bank» номи билан фаолият юритган. 2025 йил сентябрда банк номи «Open Bank»га ўзгартирилиб, унинг лицензияси қайта расмийлаштирилган эди. Исломий банк фаолиятининг асосий хусусияти — молиявий муносабатларни фоизли қарз бериш ўрнига савдо, ижара, шерикчилик ва фойдани тақсимлаш тамойиллари асосида ташкил этишдир. Масалан, анъанавий банк мижозга автомобил сотиб олиши учун фоизли кредит берса, исломий молиялаштиришда банк автомобилни ўзи сотиб олиб, уни мижозга олдиндан келишилган устама билан бўлиб тўлаш шартида сотиши мумкин. Исломий молияда бошқа усуллар ҳам мавжуд. Жумладан, банк мол-мулкни ижарага бериши ёки тадбиркор билан шерикчилик асосида лойиҳани молиялаштириши мумкин. Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган ЎРҚ-1126-сонли қонун 2026 йил 27 мартда қабул қилинган ва 29 июндан кучга кирган. Янги тартибга кўра, тижорат банклари тегишли лицензия асосида анъанавий банк хизматлари билан бирга исломий молия хизматларини ҳам кўрсатиши мумкин. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X