🔴 Президент айтган муаммони Uzdiplomat таҳлиллари ҳам кўрсатган эди ✔️Томошабин бор, аммо сифатли миллий кино йўқ. Президент миллий фильмлар томошабиннинг ўзгарган диди ва талабига жавоб бермаётганини таъкидлади. Uzdiplomat аввал эълон қилган таҳлилда ҳам кинотеатрларда аудитория ва тушум ошаётгани, аммо бу ўсишдан асосан хорижий фильмлар фойда кўраётгани кўрсатилган эди. Давлат раҳбари ижтимоий тармоқлар ривожлангани учун одамлар кинотеатрга бормай қўйгани ҳақидаги фикрларга тўхталиб, хорижий фильмлар кинозалларни тўлдираётганини қайд этди. «Демак, томошабин кинодан, кинотеатрларга боришдан воз кечгани йўқ, фақат унинг диди ва талаби ўзгарди. Миллий фильмларимиз ана шу талабга жавоб беряптими? Афсуски, йўқ!» — деди президент. Бунинг сабаби сифатида фильмни ишлаб чиқаришдан томошабинга етказишгача бўлган яхлит занжир — дистрибуция шаклланмагани кўрсатилди. Uzdiplomat аввал дистрибьютор Элдор Йўлдошев тақдим этган маълумотлар асосида ушбу масалани ёритган эди. Унда келтирилишича, 2026 йилда республика бўйича касса йиғимлари 37,2 фоизга, томошабинлар сони эса 50,7 фоизга ошган. Бироқ миллий фильмларнинг умумий кинопрокатдаги улуши атиги 6,5 фоизни ташкил этган. Бу рақамлар президент кўтарган масаланинг муҳим жиҳатини очиб беради: одамлар кинотеатрга боряпти, кино учун пул ҳам сарфлаяпти. Аммо миллий фильмлар бу аудиторияни етарлича жалб қила олмаяпти. Йўлдошев маълумотларига кўра, миллий картиналар орасида хусусий киноижодкорлар суратга олган «Амир Темур» 159 минг доллар касса йиғими билан етакчилик қилган. «Лағмон» 114 минг доллар, «Фарз» эса 48 минг доллар тўплаган. Айрим хорижий фильмларнинг тушуми эса бир миллион доллардан ошган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X