🔴Ўзбекистон Туркий инвестиция жамғармасидан пул олмоқчи Ўзбекистон транспорт, энергетика, саноат ва тадбиркорлик соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун Туркий инвестиция жамғармаси имкониятларидан фойдаланишни кенгайтирмоқчи. Бироқ ҳозирча мамлакатга қанча маблағ ажратилиши ва қайси лойиҳалар молиялаштирилиши маълум қилинмаган. 24 октябрь куни Тошкентда Туркий инвестиция жамғармаси Бошқарувчилар кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Trend агентлиги Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига таяниб хабар берди. Йиғилишда Ўзбекистон номидан инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаев иштирок этди. Шунингдек, Озарбайжон, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия вакиллари қатнашди. Музокараларда инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш, қўшимча молиявий ресурсларни жалб қилиш ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди. Йиғилишда жамғарманинг корпоратив бошқаруви, фаолият самарадорлиги ва раҳбар органлар ўртасидаги ваколатлар тақсимоти ҳам муҳокама қилинди. Келгуси йиллик йиғилишга қадар Бошқарувчилар кенгашига раислик қилиш Озарбайжонга ўтди. Маълумот учун, Туркий инвестиция жамғармаси Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X