🔴Perfectum’нинг 98,4 млрд сўмлик мол-мулкини Ойбек Турсуновга сотиш маъқулланди Perfectum мобил операторининг Тошкентдаги бош офиси ва 2 мингдан ортиқ асосий воситасини тадбиркор Ойбек Турсуновга сотиш режалаштирилмоқда. Қўшилган қиймат солиғи билан бирга битимнинг умумий қиймати 98 млрд 374 млн сўмни ташкил этади. Tanga нашрининг Корпоратив ахборот ягона порталидаги маълумотларга таяниб ёзишича, тегишли қарор 16 октябрь куни Perfectum операторига эгалик қилувчи «Rubicon Wireless Communication» акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишида қабул қилинган. Сотиладиган кўчмас мулк Тошкент шаҳри Миробод тумани, Тарас Шевченко кўчаси, 21-уйда жойлашган. Perfectum’нинг бош офиси ҳам шу манзилда. Мажмуа 7 283 квадрат метрлик ер участкасидаги тўртта бинодан иборат бўлиб, биноларнинг умумий майдони 10 479 квадрат метрни ташкил этади. Кўчмас мулк мажмуаси 65 млрд 968 млн сўмга, компанияга тегишли 2 012 та асосий восита эса 32 млрд 406 млн сўмга баҳоланган. Ҳар икки суммага ҚҚС киритилган. Мазкур қарор Perfectum’нинг эгаси ўзгараётган бир пайтда қабул қилинди. Beeline Uzbekistan’га эгалик қилувчи VEON гуруҳи 19 октябрда оператор акцияларининг 100 фоизини сотиб олиш бўйича келишувга эришганини эълон қилган. Унинг умумий қиймати 207 млн доллар бўлиб, бунга Perfectum’нинг қарийб 93 млн долларлик молиявий қарзи ҳам киритилган. VEON битимни октябрь охиригача якунлашни кутмоқда. Рақобат қўмитаси ушбу харидга бир қатор шартлар билан олдиндан розилик берган. Жумладан, Perfectum камида уч йил алоҳида фаолият юритиши, амалдаги абонентлар учун 5G FWA — симсиз уй интернети тарифлари 12 ой сақланиши ва интернетнинг ўртача тезлиги 300 Мбит/с дан пасайтирилмаслиги керак. Шунингдек, абонентларни Beeline ёки VEON платформалари хизматларидан фойдаланишга мажбурлашга йўл қўйилмайди. VEON маълумотига кўра, Perfectum’нинг частота ресурслари хариддан сўнг Beeline Uzbekistan ихтиёридаги радиочастоталар ҳажмини тахминан 50 фоизга оширади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X