🔴Мирзиёев ва Қатар Амири қўшма лойиҳаларни кенгайтиришга келишди Президент Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашди. Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий ва гуманитар соҳалардаги лойиҳаларни кенгайтиришга келишиб олди. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда аввалги олий даражадаги музокараларда эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилган. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилгани қайд этилган. Етакчилар глобал ва минтақавий масалаларни ҳам муҳокама қилган. Бу икки етакчининг октябрь ойидаги иккинчи учрашуви бўлди. Улар 15 октябрда Бокуда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити доирасида ҳам музокара ўтказган эди. Ўшанда Қатар компаниялари билан энергетика, кимё саноати, озиқ-овқат хавфсизлиги, транспорт ва қурилиш соҳаларида ҳамкорлик олиб борилаётгани маълум қилинган. Бокудаги учрашувда декабрь ойидаги Доҳа форумида Ўзбекистон делегацияси иштирок этиши, унинг доирасида Ҳукуматлараро қўшма комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларини ўтказиш режаси ҳам муҳокама қилинган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қатар раҳбарлари 2023 йил декабрида муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга келишган. Ўша музокараларда Қатар томони Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини ҳам қўллаб-қувватлаган эди. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X