🔴Ўзбекистонда фильмлар суратга олиш учун бу йил бюджетдан 218 млрд сўм ажратилди 2026 йилда Ўзбекистонда фильмлар суратга олиш учун давлат бюджетидан 218 миллиард сўм ажратилган. 2016 йилда бу кўрсаткич 10 миллиард сўмни ташкил этган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 26 октябрь куни «Ўзбекфильм» киностудиясида киноижодкорлар билан ўтказаётган учрашувида маълум қилинди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, учрашувда кинематография соҳасидаги ишлар ва келгуси режалар муҳокама қилинмоқда. Мирзиёев сўнгги ўн йилда соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган иккита фармон ва саккизта қарор қабул қилингани, «Ўзбекфильм» киностудияси тўлиқ реконструкция қилинганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, натижада миллий фильмларнинг салмоғи ва сифати ошган, соҳага ўнлаб хусусий киностудиялар кириб келган. Учрашувда ўзбек киноси меросига ҳам тўхталиб ўтилди. Президент «Маҳаллада дув-дув гап», «Ўтган кунлар», «Шум бола», «Чинор остидаги дуэль», «Суюнчи» каби фильмлар қаҳрамонлари халқ хотирасида яқин инсонлардек сақланиб қолганини таъкидлаган. Давлат раҳбари ўша даврдаги сиёсий ва мафкуравий босимларга қарамай, ижодкорлар миллий санъат асарларини ярата олганини юқори баҳолади. Мустақиллик йилларида ҳам ушбу ижодий мактаб давом эттирилиб, «Абдуллажон», «Отамдан қолган далалар», «Дилхирож», «Ватан» ва «Ўтов» сингари фильмлар яратилгани қайд этилди. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X