🔴Самарқандга киришда катта тирбандлик: ҳайдовчилар соатлаб йўлда қолмоқда Бугун, 22 октябрь куни Самарқанд шаҳрига кириш йўлларида катта тирбандликлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Uzdiplomat таҳририятига мурожаат келиб тушди. Мурожаатчининг айтишича, М39 автомобиль йўлининг Сочак маҳалласи яқинидаги қисмида автомобиллар ҳаракати жиддий секинлашган. У мазкур йўналишда бир соатдан ортиқ тирбандликда қолганини билдирган. Таҳририятга тақдим этилган Google Maps харитасида ҳам ушбу йўналиш қизил ранг билан белгиланган. Навигация хизмати тирбандлик сабаб сафар вақти узайишини кўрсатган. Эътиборлиси, харитада тирбандлик фақат мурожаатчи кўрсатган нуқтада эмас, балки Самарқандга олиб борувчи бошқа йўлларнинг айрим қисмларида ҳам кузатилаётгани акс этган. Хусусан, М39 трассасининг Жомбой томонга ўтувчи қисми ва унга туташ йўлларда ҳам ҳаракат секинлашгани кўринади. Тирбандликлар Самарқандда 21–22 октябрь кунлари ўтказилаётган халқаро саммит муносабати билан жорий этилган вақтинчалик транспорт чекловлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Халқаро тадбирлар ўтказилиши табиий, аммо бундай пайтда муқобил йўналишларни аниқ кўрсатиш ва транспорт ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳам муҳим. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X