🔴 2030 йил 1 январдан Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика билан фақат давлат рўйхатидан ўтган шахслар шуғулланиши мумкин Ўзбекистонда 2030 йилдан бошлаб шифокорлар ва фармацевтика ходимлари давлат рўйхатидан ўтмасдан касбий фаолият билан шуғуллана олмайди. Янги тартиб тиббиёт ходимларининг малакасини назорат қилишга қаратилган. Бироқ бу амалиёт шифокорлар учун қўшимча бюрократик жараёнга айланмайдими? Ҳукумат қарорига мувофиқ, 2030 йил 1 январдан тиббиёт ва фармацевтика соҳасида ишлаш ҳуқуқи фақат давлат рўйхатидан ўтган мутахассисларга берилади. Ушбу ҳуқуқ беш йил амал қилади ва муддат тугагач қайта расмийлаштирилиши керак. Ishonch.uz хабар беришича, 2027 йил 1 июлдан 2030 йилгача рўйхатдан ўтиш ихтиёрий бўлади. Бу жараён махсус имтиҳон натижалари ёки малака тоифаси берилаётганда автоматик тарзда амалга оширилади. Камида 20 йиллик иш стажи ва илмий даражага эга мутахассислар имтиҳонсиз рўйхатдан ўтказилади. Аризалар Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки махсус электрон платформа орқали қабул қилинади. Қарор беш иш кунида чиқарилиши белгиланган. Янги тизимдан кўзланган мақсад тиббиёт ходимларининг малакасини мустақил баҳолаш, касбий фаолиятни тартибга солиш ва тиббий хизмат сифатини яхшилашдан иборат. Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Бугун шифокорлар диплом олиш, мутахассислик бўйича тайёргарликдан ўтиш, малака ошириш ва аттестация каби жараёнларни бошдан кечиради. Энди уларнинг касбий фаолиятни давом эттириш ҳуқуқи ҳам даврий давлат рўйхатидан ўтишга боғланмоқда. Бу ерда савол туғилади: беш йиллик рўйхатдан ўтиш шифокорнинг ҳақиқий билим ва амалий кўникмаларини баҳолайдими ёки навбатдаги расмий талабга айланадими? Айниқса, чекка ҳудудларда мутахассислар етишмаслиги шароитида рўйхатдан ўтиш жараёнининг қўшимча вақт ва харажат талаб қилиши тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларига салбий таъсир кўрсатмаслиги муҳим. Яна бир масала — рўйхатдан ўта олмаган, бироқ кўп йиллик амалий тажрибага эга тиббиёт ходимларининг тақдири. Уларга қайта имтиҳон топшириш имконияти қандай берилади? Шу даврда ишлаш ҳуқуқи сақланадими? Uzdiplomat Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мазкур масалалар юзасидан ахборотларини топа олмади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X