🔴Россияда мигрантлар устидан назорат кучаймоқда: Новосибирскдан 32 нафар ўзбекистонлик чиқариб юборилди Россиянинг бир қатор ҳудудларида миграция рейдлари ўтказилиб, юзлаб хорижликларни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарорлар қабул қилинмоқда. Текширувлар қурилиш майдонлари, бозорлар, омборлар, хостеллар ва турар жойларни қамраб олган. Новосибирск вилоятида миграция қоидаларини бузганлик учун 32 нафар Ўзбекистон фуқароси Россиядан чиқариб юборилган. «ОТС–Горсайт» ҳудудий суд ижрочилари бошқармасига таяниб ёзишича, улар мамлакатга кириш ва бўлиб туриш талабларига риоя этмаган. Қайтиш чипталарини фуқаролар ўз ҳисобидан сотиб олган. Вилоятдан ўтган бир ҳафтада жами 91 нафар хорижлик чиқариб юборилган. Москвада ҳам юзлаб хорижликлар бўйича қарор чиқарилган. Полициянинг 20 октябрдаги маълумотига кўра, текширувларда 1,3 мингдан зиёд миграция қоидабузарлиги аниқланган. Судлар 284 нафар хорижликни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилган, яна 860 нафардан ортиқ шахснинг Россияга кириши тақиқланган. Москва вилоятининг Дмитров округида «Нелегал–2026» тадбирлари доирасида 160 нафар хорижлик қоидабузарлик учун жавобгарликка тортилган. Россия ИИВ маълумотига кўра, улардан 147 нафари мамлакатни мустақил тарк этиши керак. Аввалги чиқиб кетиш талабини бажармаган 13 киши эса мажбурий чиқариб юбориш учун вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган. Санкт-Петербургдаги улгуржи-тақсимот мажмуасида ҳам ОМОН иштирокида рейд ўтказилган. Росгвардиянинг 19 октябрдаги хабарига кўра, 98 нафар хорижлик текширилиб, тўрт нафарида миграция қоидалари бузилгани аломатлари аниқланган ва улар полиция бўлимига олиб борилган. Миграция назоратида рақамли воситалар ҳам кенгаймоқда. Россия ИИВ маълумотига кўра, 2026 йил 1 сентябрдан Москва ва Москва вилоятида «Амина» иловаси орқали ҳисобга олиш талаби визасиз, меҳнатдан бошқа мақсадларда 90 кундан ортиқ муддатга келган хорижликларга ҳам татбиқ этилган. Илованинг вазифаларидан бири — шахснинг ҳақиқий яшаш жойи ҳақида геолокация орқали маълумот юбориш. Вояга етмаганлар, вақтинча ёки доимий яшаш рухсати бор шахслар ва айрим бошқа тоифалар учун истиснолар мавжуд. Эслатиб ўтамиз, визасиз келган хорижликлар учун умумий бўлиб туриш муддати бир календарь йилда жами 90 кун. Амалдаги патент ёки қонунда белгиланган бошқа асослар бўлса, бу муддат узайтирилади. Россияда қолиш учун қонуний асосини йўқотган шахслар эса махсус реестрга киритилиб, уларнинг банк операциялари ва айрим бошқа ҳуқуқларига чекловлар қўйилиши мумкин. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X