🔴Президент маслаҳатчиси ўринбосари бўлган Алишер Кучиев ким ва шу пайтгача қаерда ишлаган? Алишер Исматович Кучиев Ўзбекистон Президентининг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Тайинлов Президент Администрацияси раҳбарининг фармойиши билан амалга оширилган. Бироқ Uzdiplomat’нинг суриштирувига кўра, тайинланган амалдорнинг таржимаи ҳоли, аввалги иш жойлари ва иқтисодий сиёсат соҳасидаги бошқарув тажрибаси ҳақида очиқ маълумотлар жуда кам. Очиқ манбаларда Алишер Кучиев исмли шахснинг Россиядаги Олий иқтисодиёт мактабида (НИУ ВШЭ) давлат секторида бошқарув ва таҳлил йўналишида таҳсил олгани ҳақида маълумот учрайди. Университетнинг 2019 йилги хабарида у учинчи курс талабаси сифатида тилга олинган. Шунингдек, Пекинда жойлашган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкида (AIIB) фаолият юритган. Мазкур банкнинг расмий ҳужжатларида ҳам Алишер Кучиев Ўзбекистондаги бир қатор лойиҳалар, жумладан, Бухоро вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш, автомобиль йўлларини яхшилаш ва темир йўлларни электрлаштириш лойиҳалари жамоаси аъзоси сифатида қайд этилган. Ҳамда, Россия компаниялари реестрида Алишер Исматович Кучиев 2022 йилда ташкил этилган «ККЗ Консалтинг» компаниясининг таъсисчиларидан бири сифатида қайд этилган. Компания 2024 йилда тугатилган. Алишер Кучиев 2019 йилдан буён қаерларда ишлаган, қандай лавозимларни эгаллаган ва Президентнинг иқтисодий сиёсатига оид қарорлар тайёрлашда иштирок этиш учун қандай тажриба орттирган? Президент маслаҳатчисининг ўринбосари мамлакат иқтисодий сиёсати билан боғлиқ масъулиятли лавозимлардан бири ҳисобланади. Бундай тайинловларда жамоатчилик номзоднинг малакаси, иш тажрибаси ва аввалги фаолияти ҳақида маълумот олиш имкониятига эга бўлиши муҳим. Ҳозирча Алишер Кучиевнинг ушбу лавозимгача бўлган меҳнат фаолияти ҳақида давлат порталида расмий таржимаи ҳол эълон қилинмади. Айни пайтда Президентнинг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси лавозимида Камолиддин Мардонов фаолият юритмоқда. У 2026 йил 3 октябрда ушбу вазифага тайинланган. 2025 йил июлида Президентнинг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари этиб Галина Саидова тайинланганди. Шунингдек, Обид Ҳакимов ҳам маслаҳатчи ўринбосари — Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори вазифасини бажарган. Кейинчалик Ҳакимов маслаҳатчи лавозимига кўтарилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X