Uzdiplomat | Расмий канал

@uzdiplomat · news · Belarusian · active

Янгиликлар, танқидий-таҳлилий мақолалар, журналистик суриштирувлар UzDiplomat.uz — Адолат очиқликдан бошланади •facebook.com/uzdiplomat •instagram.com/uzdiplomat.uz •youtube.com/@uzdiplomat Реклама: +99893 571 72 35 Таҳририятга мурожаат— @uzdiplomat_uz

Subscribers 34.8K Subscribers, last 30 days: 34.8K → 34.8K +0 24h
Reach per post (ERR) 22.5%7.8K avg views
Posting 8.7/day last 13 minutes ago
Reactions per 1K views 9.2 👍 ❤ 🤣
  1. 🔴«Тўқимачи» стадиони атрофида баҳс кучайди ✔️Масъуллар стадион қолади демоқда, фаоллар эса лойиҳани «реконструкция» эмас, бизнес-қурилиш деб баҳолаяпти Тошкентнинг Яккасарой туманидаги тарихий «Тўқимачи» стадионида бошланган қурилиш ишлари жамоатчиликда саволлар уйғотмоқда. Kun.uz Кадастр агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясидан изоҳ олди. Расмий маълумотларга кўра, стадион жойлашган 35 753 квадрат метрлик ҳудуд Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси таъсисчилигидаги «Яккасарой спорт соғломлаштириш мажмуаси» МЧЖ номига расмийлаштирилган. Ўзбекистон футбол ассоциацияси аввалроқ «Тўқимачи» ўрнида бошқа объект қурилмаслигини, стадионнинг ўзи реконструкция қилинишини билдирган эди. Бироқ Қурилиш назорати инспекцияси тақдим этган маълумот лойиҳа фақат спорт иншоотини таъмирлаш билан чекланмаслигини кўрсатади. Ҳудудда 5 қаватли автотураргоҳ, 4 қаватли маиший хизмат кўрсатиш объекти, савдо мажмуалари, стадион ва томоша трибунаси ҳамда 2 қаватли ерости автотураргоҳи қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги кенгашдан ўтган ва тегишли инспекцияда рўйхатга олинган. Иқтисодчи Отабек Бакиров эса бу изоҳлар асосий саволларга жавоб бермаяпти, деб ҳисобламоқда. «Ҳамма нарсани ўз номи билан атанглар: сизлар стадионни таъмирламаяпсизлар, сизлар стадион ўрнида бизнес-офислар қураяпсизлар», — деб ёзди у. Бакировнинг фикрича, лойиҳани шунчаки «реконструкция» деб аташ тўлиқ манзарани бермайди. У тасдиқланган объектлар рўйхатида спорт инфратузилмасидан ташқари йирик тижорат ва хизмат кўрсатиш майдонлари ҳам борлигига эътибор қаратган. Иқтисодчи яна бир масалани кўтарган: «Тўқимачи» қандай қилиб Касаба уюшмалари федерацияси мулкига айланган? Унинг фикрича, стадионнинг тарихи ва мулк ҳуқуқи алоҳида ўрганилиши лозим. Бакиров бу объектнинг келиб чиқиши давлат мулки билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Бакиров буюртмачи масаласига ҳам эътибор қаратди. У келтирган ҳужжатга кўра, қурилиш бўйича буюртмачи сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» кўрсатилган. Шу сабаб у лойиҳа қанча маблағга тушаётгани, молиялаштириш манбаси ва пудратчилар ким эканини очиқлаш зарур, деб ҳисоблайди. Яна бир очиқ савол — қурилиш тугагач, автотураргоҳлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари кимнинг мулкига айланади? Касаба уюшмалари федерациясиникими, шаҳар ҳокимлигиникими ёки бошқа инвесторларникими — бу бўйича ҳозирча жамоатчиликка аниқ маълумот берилмаган. Бакиров вазиятга кенгроқ нуқтаи назардан ҳам қараб, «Тўқимачи» билан боғлиқ қарор бошқа спорт объектлари учун прецедент бўлиши мумкинлигини айтмоқда: «Тўқимачи — бу шартли репетиция. Агар кўз юмилиб ўтиб кетса, бошқа стадионларни ҳам шундай кўргулик кутади», — деб ёзган иқтисодчи. Шундай қилиб, расмий идоралар «Тўқимачи» сақланиб қолиши ва реконструкция қилинишини айтмоқда. Фаоллар эса асосий масала стадионнинг қолиш-қолмаслиги эмас, балки унинг ҳудудида қанча тижорат объекти қурилаётгани, бу объектлар кимга тегишли бўлиши ва спорт майдонининг келажакдаги мақоми қандай бўлишида, деб ҳисобламоқда. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X

  2. edited

    uzdiplomat иқтибоси:🖍 „Ачинарлиси шундаки, давлатни бошқара оладиган барча одамлар аллақачон таксичи ёки сартарош бўлиб ишламоқда”. Франсуа Миттеран француз сиёсий арбоби, (1916–1996) Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  3. Қозоғистонда доимий яшаш учун рухсатнома олиш осонлашди - ExpressAsia Қозоғистон айрим тоифадаги хорижликлар учун доимий яшашга рухсат олиш талабларини енгиллаштирди, деб хабар бермоқда ExpressAsia. Янги тартиб Қозоғистонда яқин қариндошлари бор ёки мамлакат фуқароси билан оила қурган Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. Энг муҳим ўзгариш — айрим аризачилар учун бирданига учта талаб бекор қилинди. Бу қозоқ тилини билиш бўйича тест, мезонлар асосида баҳолаш ва белгиланган ҳудудларда бир йил яшаш талабидир. Енгилликлар: — Қозоғистон фуқароси билан камида бир йилдан бери никоҳда бўлган ва турмуш ўртоғи ёнига кўчиб бораётган хорижликларга; — 60 ёшдан ошган, оиласи билан бирлашиш учун келаётган шахсларга; — вояга етмаганлар ва муомалага лаёқатсиз шахсларга; — Қозоғистоннинг собиқ фуқаролари ва айрим ватандошларга берилади. Яна муҳим ўзгаришлардан бири оила билан бирлашиш учун яқин қариндош албатта Қозоғистон фуқароси бўлиши шарт эмас. Мамлакатда яшаш гувоҳномасига эга хорижликнинг оила аъзолари ҳам шу асосда мурожаат қилиши мумкин. Бироқ асосий ҳужжатлар пакети сақланиб қолган. Жумладан, хорижга чиқиш паспорти, судланмаганлик ҳақида маълумотнома, тиббий маълумотнома, дактилоскопия ва турар жой бўйича ҳужжатлар талаб этилади. Шунингдек, кўпчилик хорижликлар ўз тўлов қобилиятини тасдиқлаши керак. 2026 йилда талаб этиладиган миқдор 1320 ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичи ёки қарийб 5,7 млн тенгени ташкил этади. Ҳужжатлар тўлиқ топширилса, ариза 45 календарь кун ичида кўриб чиқилади. Янги тартиб ҳозирча пилот лойиҳа сифатида амал қилмоқда ва 2026 йил 31 декабрга қадар кучда бўлади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  4. 🔴Ўзбекистондаги АЭС лойиҳаси $9,5 млрдга баҳоланди ✔️Маҳаллий корхоналар улуши камида 30 фоизга етказилади Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида қурилаётган интеграциялашган атом электр станцияси ва унинг ёнида барпо этиладиган атомчилар шаҳарчаси лойиҳасини кўриб чиқди. Давлат раҳбари матбуот хизматидан хабар беришларича, АЭС лойиҳасининг умумий қиймати 9,5 миллиард долларни ташкил этади. Қурилиш 4 июндан фаол босқичга ўтган. Ҳозиргача реактор биноси учун котлован тўлиқ қазилиб, 1 миллион куб метрдан зиёд тупроқ чиқарилган, пойдеворнинг бир қисмига 916 куб метр бетон қуйилган. Қурилиш майдонида айни пайтда 450 нафар ишчи ва мутахассис, 100 дан ортиқ махсус техника ишламоқда. Лойиҳада қарийб 3 минг турдаги маҳсулот ва ускуна ишлатилади. Дастлабки ҳисоб-китобларда маҳаллий маҳсулотлар улуши 21 фоиз ёки 1,9 миллиард доллар бўлиши кўзда тутилган эди. Президент бу кўрсаткични етарли эмас деб баҳолади. Энди маҳаллийлаштириш улушини камида 30 фоизга етказиш, қурилиш-монтаж ишларининг 65 фоизини Ўзбекистон корхоналарига бериш, шунингдек, лойиҳага 7 минг нафар маҳаллий ишчи ва мутахассисни жалб қилиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун Фориш туманида 200 гектарлик махсус саноат зонаси ташкил этилиши мумкин. Унда камида 100 та қўшма корхона ишга туширилиб, 15 йўналишда маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режалаштирилган. Саноат зонаси иштирокчилари учун солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам кўзда тутилмоқда. АЭСга хизмат қилувчи ташқи инфратузилма ҳам катта ҳажмда қурилади. Хусусан: - 388 км электр тармоғи; - 110 киловольтли подстанция; - 21 км ичимлик суви ва 120 км техник сув қувури; - 39,5 км автомобиль йўли; - 11 км темир йўл барпо этилади. Президент ушбу инфратузилма объектларида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улушини 60–70 фоизга етказиш вазифасини қўйди. 33 минг кишилик «атомчилар шаҳарчаси» қурилади АЭС ёнида 200 гектар майдонда қарийб 33 минг киши яшайдиган янги шаҳарча барпо этилиши режалаштирилган. Бу ерда қарийб 10 мингта хонадон, биринчи босқичнинг ўзида эса 3 мингта квартира қурилади. Шаҳарчада мактаблар, боғчалар, тиббиёт муассасалари, спорт ва маданият объектлари, дам олиш ҳудудлари ҳамда яшил зоналар ташкил этилади. Уйларда энергия тежамкор технологиялар, муқобил энергия манбалари ва «ақлли» ёритиш тизимларидан фойдаланиш кўзда тутилган. АЭСни кейинчалик бошқарадиган операторлар, муҳандислар ва радиация хавфсизлиги мутахассисларини тайёрлаш ҳам алоҳида вазифа сифатида белгиланди. Россия миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиалини 2023 йилдан буён 216 нафар талаба битирган. Уларнинг 83 нафари Хитой, Венгрия, Франция, Италия ва Кореяда магистратура ва аспирантурада ўқишни давом эттирмоқда. Яна 100 нафар мутахассис Ўзбекистондаги тўртта олийгоҳда тайёрланяпти. Шунингдек, атом энергетикаси соҳасида қарийб мингта халқаро стандартни Ўзбекистон миллий тизимига мослаштириш режалаштирилган. Президент АЭС қурилишида хавфсизлик ва сифат биринчи ўринда туриши, барча ишлар МАГАТЭ талаблари ва халқаро стандартларга қатъий мувофиқ амалга оширилиши шартлигини таъкидлади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  5. 🔴Ўзбекистонда олий таълим учун белгиланаётган нархлар халқнинг реал чўнтагига қанчалик мос? Ўзбекистон сўнгги йилларда ўз келажагини билимли ёшлар ва инсон капитали билан боғламоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам бугун давлатлар «ҳудуди билан эмас, билими билан», табиий бойликлари билан эмас, инсон капитали билан рақобатлашаётганини таъкидлаган. Рақамларда ҳам имкониятлар кенгайган. Сўнгги саккиз йилда олий таълим билан қамров 9 фоиздан 44 фоизга, талабалар сони 270 мингдан 1,7 миллион нафарга етган. Аммо, Ўзбекистонда олий таълим аҳоли учун молиявий жиҳатдан қанчалик ҳамёнбоп? Айни мақола шу ҳақида. Батафсил Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  6. 🔴Таиланд Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режимни бекор қилди 15 сентябрдан Ўзбекистон фуқаролари Таиландга визасиз кира олмайди. Сафардан олдин виза расмийлаштириш талаб этилади. Таиланд ҳукумати мамлакатнинг визавий сиёсатини қайта кўриб чиқди. Янги тартиб 2026 йил 15 сентябрдан кучга киради. Унга кўра, аввал 60 кунгача визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлган 93 давлат ва ҳудуд учун ушбу режим бекор қилиниб, янги рўйхат шакллантирилди. Ўзбекистон янги визасиз режим сақлаб қолинган давлатлар қаторига кирмади. Шу сабабли 15 сентябрдан кейин Таиландга йўл оладиган Ўзбекистон фуқаролари сафардан олдин виза олиши керак бўлади. Визани Таиланд Ташқи ишлар вазирлигининг Thai e-Visa электрон тизими орқали онлайн расмийлаштириш мумкин. Жараён тўлиқ электрон бўлиб, ариза берувчи аккаунт очади, анкета тўлдиради, талаб қилинган ҳужжатларни юклайди, консуллик йиғимини тўлайди. Ариза маъқулланса, электрон виза тасдиғи электрон почта орқали юборилади. Муҳим жиҳати, 15 сентябргача Таиландга кириб улгурган Ўзбекистон фуқароларига аввалги тартиб бўйича берилган яшаш муддати сақланиб қолади — янги қоида уларнинг мамлакатда қолиш муддатини автоматик қисқартирмайди. Таиланд ҳукумати визавий сиёсатни ўзгартиришга миллий хавфсизлик, туризм ва иқтисодий манфаатлар, давлатлар ўртасидаги ўзаролик принципи ҳамда визасиз режимдан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш заруратини сабаб қилиб кўрсатган. Шу билан бирга, электрон виза тизими хорижликларга визани масофадан туриб олиш имконини бериши таъкидланган. Таиланд сўнгги йилларда ўзбекистонлик сайёҳлар орасида оммалашган йўналишлардан бири эди. Янги тартиб билан Таиландга “чипта олиб, визасиз учиш” даври Ўзбекистон фуқаролари учун якунланади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  7. 🔴Зафаробод ҳокими ва унинг ўғли ЙТҲда жароҳатланди ✔️Ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилди 30 август куни эрталаб Жиззах вилояти Зафаробод туманида туман ҳокими Ғайратжон Эшпўлатов иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Жиззах вилояти ҳокимлиги тарқатган маълумотга кўра, соат 07:45 атрофида «МАЗ» юк автомобили ҳайдовчиси чапга бурилиш вақтида қарама-қарши йўналишда келаётган Ғайратжон Эшпўлатов бошқарувидаги KIA Seltos хизмат автомобили йўлига чиқиб кетган. Натижада икки машина тўқнашган. ЙТҲ оқибатида ҳоким ва автомобилда бўлган унинг вояга етмаган ўғли турли даражада тан жароҳати олган. Улар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиали жонлантириш бўлимига ётқизилган. «МАЗ» ҳайдовчиси жароҳат олмаган. Ҳодиса юзасидан 30 август куни Зафаробод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодекси асосида жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган. Қизиғи, ЙТҲ ҳақида дастлаб ОАВда тарқалган маълумот расмий версиядан фарқ қилади. Хусусан, Kun.uz ва Qalampir.uz ўз манбаларига таяниб, KIA Seltos’ни ҳокимнинг мактаб ёшидаги ўғли бошқаргани ва машина юк автомобилининг орқа қисмига урилганини хабар қилган эди. Аммо бу маълумот расмий идоралар томонидан тасдиқланмади. Вилоят ҳокимлиги версиясига кўра эса, KIA Seltos рулда ҳокимнинг ўзи бўлган ва ЙТҲ «МАЗ» ҳайдовчисининг чапга бурилиш вақтида қарама-қарши ҳаракат йўлига чиқиши оқибатида содир бўлган. Ғайратжон Эшпўлатов 2024 йил март ойидан буён Зафаробод тумани ҳокими лавозимида ишлаб келмоқда. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  8. 🔴«Мен учун юксак идеал»: Мирзиёев Ислом Каримов хотирасини ёд этди Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовнинг мамлакат тарихидаги ўрнига юқори баҳо бериб келади. 2016 йил 8 сентябрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида у Биринчи Президент ҳақида шундай деган эди: «Бу улуғ инсон мен учун юксак идеал, ўз Ватани, ўз халқига фидокорона хизмат қилишнинг ёрқин намунасидир». Мирзиёев ўша нутқида Ислом Каримовни «замонамизнинг улуғ сиёсатчиси», узоқни кўра оладиган ва стратегик фикрлайдиган раҳбар сифатида ҳам таърифлаган. 2026 йил 28 август куни Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган маросимда ҳам Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентни алоҳида ёдга олди: «Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини эҳтиром билан ёд этамиз», — деди давлат раҳбари. Мирзиёев 2017 йилда Ислом Каримов ҳайкали очилишида ҳам унинг Ўзбекистон мустақиллиги тарихидаги ўрнига тўхталиб, Ислом Каримов бутун умрини Ўзбекистон, унинг озодлиги ва келажагига бағишлаганини таъкидлаган эди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  9. 🔴ШҲТнинг янги хавфсизлик маркази Тошкентда жойлашади Тошкент шаҳри Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича янги универсал маркази жойлашадиган шаҳар бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида маълум қилди. Саммитда ШҲТ Хартиясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённома, шунингдек, Универсал марказ ва Антинаркотик марказ тўғрисидаги низомлар қабул қилинди. Шавкат Мирзиёев Тошкентда жойлашадиган марказ фаолияти учун Ўзбекистон зарур шароитларни яратишини билдирди. «Тошкент шаҳрида Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказнинг самарали фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратамиз», — деди Президент. Янги марказнинг Тошкентда жойлашиши Ўзбекистоннинг ШҲТ хавфсизлик тизимидаги институционал ролини кучайтиради. Универсал марказ айнан қандай таҳдидларга қарши курашади, унга қандай ваколатлар берилади, аъзо давлатлар ўртасида қандай маълумотлар алмашилади ва марказ қачон тўлиқ иш бошлайди? Бу ҳақида ҳозирча маълумотлар очиқланган эмас. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  10. 🔴Қозоғистонга кириш пуллик бўлаяпти ✔️ Ўзбекистонликлар учун ҳам ETA электрон рухсатномаси жорий этилади Қозоғистон визасиз режим амал қиладиган давлатлар фуқаролари учун Electronic Travel Authorization — ETA электрон рухсатнома тизимини босқичма-босқич жорий этмоқда. Ўзбекистон фуқаролари ҳам Қозоғистонга визасиз киради, шунинг учун янги тартиб уларга ҳам тааллуқли бўлади. Айни пайтда Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонда 90 кунгача визасиз бўлиши мумкин. ETA виза эмас. Яъни янги тартиб Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги визасиз режимни бекор қилмайди. Бу сафар олдидан электрон шаклда олинадиган кириш рухсатномаси бўлиб, Қозоғистон томони уни миграция ва чегара назоратини рақамлаштириш мақсадида QazETA давлат платформаси орқали жорий этмоқда. Расмий маълумотга кўра, ETA учун ариза сафардан камида 72 соат олдин QazETA мобил иловаси орқали топширилади. Рухсатнома 180 кун амал қилади. Бироқ ETA олингани Қозоғистонга кириш автоматик кафолатланади дегани эмас — якуний қарор чегара назорати вақтида қабул қилинади. QazETA маълумотларида 16 ёшга тўлмаган болалар ETAдан озод қилиниши, шунингдек, Қозоғистон ҳудуди орқали 3 кунгача транзит қилаётганлардан ҳам ETA талаб этилмаслиги кўрсатилган. Дипломатик ва хизмат паспорти эгалари, расмий делегация аъзолари ҳамда Қозоғистонда аккредитациядан ўтган дипломатлар ҳам истисно қилинган. Айрим маҳаллий ОАВларда янги талаб 1 ноябрдан ҳаво йўли орқали келувчиларга, 15 ноябрдан эса Ўзбекистон, Хитой ва Туркманистон билан автомобиль чегараларидан ўтувчиларга мажбурий бўлиши, ETAни олдиндан расмийлаштириш 3 900 тенге, чегарада эса 7 800 тенге туриши ҳақида маълумот тарқалган. Агар ETA учун 3 900 тенге (тахминан $7,2) йиғим белгиланса, Қозоғистонга йилига келадиган 15,7 млн хорижий ташрифни шартли ҳисоблаганда, йиғимлар $113 млнгача етиши мумкин. Чегарадаги 7 800 тенгелик ($14,4) тариф бўйича назарий сумма $226 млнгача чиқади. Аммо амалда тушум камроқ бўлиши ҳам мумкин, чунки ETA 180 кун амал қилади ва бир рухсатнома билан бир неча марта кириш мумкин бўлиши мумкин. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  11. 🔴100 нафар ободонлаштириш ходимининг фарзанди ёки невараси учун бир йиллик контракт тўлаб берилади Ўзбекистонда санитар тозалаш ва ободонлаштириш соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилган ходимларни рағбатлантириш мақсадида «Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танловига аризалар қабул қилиш бошланди. Танловда ушбу соҳада камида 10 йил самарали меҳнат қилган санитар тозалаш ва ободонлаштириш ходимлари иштирок этиши мумкин. Танлов якунларига кўра, 100 нафар ғолиб аниқланади. Уларнинг давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирган фарзанди ёки неварасининг бир йиллик контракт тўлови қоплаб берилади. Контракт учун ажратиладиган маблағ миқдори БҲМнинг 30 бараваридан ошмаслиги белгиланган. Аризалар 1 сентябрдан қабул қилина бошланган бўлиб, 1 октябрга қадар давом этади. Муҳим шартлардан бири — ушбу имтиёздан фойдаланган талабалар ўқишни тамомлаганидан кейин давлат органлари ва ташкилотларида камида 3 йил ишлаб бериши керак. Шундай қилиб, танлов нафақат ободонлаштириш соҳасида кўп йил меҳнат қилган ходимларни рағбатлантириш, балки уларнинг фарзандлари ва невараларининг олий таълим олишига кўмаклашишни ҳам назарда тутади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  12. uzdiplomat иқтибоси: 🖍 "Тарих нима учун керак? Тарих ўтган воқеалардан хулоса чиқариш учун керак”. ИСЛОМ КАРИМОВ Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти У 2016 йил, 78 ёшида Тошкентда вафот этган. Бугун Каримовнинг вафотига роппа-роса 10 йил тўлди. 3 сентябрь куни Самарқандда дафн этилган Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  13. 🔴 Британия дипломатлари Ўзбекистонда уларга ёқадиган 35 нарсани санаб ўтишди Буюк Британия дипломатлари Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўзига хос видеотабрик тайёрлади. Унда дипломатлар Ўзбекистонда уларга ёқадиган 35 та нарсани санаб ўтишди. Рўйхатдан Ўзбекистоннинг ранглари, меъморчилиги, меҳмондўстлиги ва одамлари каби жиҳатлар ўрин олган. Шунингдек, Ўзбекистон халқини Мустақиллик байрами билан табриклаб, тинчлик, фаровонлик ва ёрқин келажак тилашди. «Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик бундан буён ҳам изчил ривожланиб боришига тилакдошмиз», — дейилади табрикда. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  14. 🔴 Эртага 800 мингга яқин бола илк бор мактабга қадам қўяди Президент Билимлар куни муносабати билан табрик йўллади Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Билимлар куни муносабати билан ўқувчилар, устозлар ва ота-оналарга табрик йўллади. Президент табригидаги янги рақамли маълумотга кўра, янги ўқув йилида 800 минг нафарга яқин ўғил-қиз мактаб остонасига қадам қўймоқда. Давлат раҳбари мактабдан катта ҳаётга қадам қўяётган ёшлар пухта билим билан бирга камида битта замонавий касб-ҳунарни эгаллаши учун шароит яратилишини ҳам таъкидлади. Бу мақсадда ҳудудларда «Касблар шаҳарчалари» фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бироқ «Касблар шаҳарчалари» Президент табригида биринчи марта эълон қилинган янги ташаббус эмас. Бу режа аввалроқ белгиланган. Президент 2025 йил декабрдаги Мурожаатномасида 2026 йилда 7 та ҳудудда, 2027 йилда эса қолган ҳудудларда «Касблар шаҳарчалари» фаолияти йўлга қўйилишини маълум қилган эди. 2026 йил 16 февралдаги Президент фармони билан эса бу режа аниқлаштирилди. Унга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғонадаги 7 та илғор касбий маҳорат техникумида «Касблар шаҳарчалари» ташкил этилиши белгиланган. Уларда мактаб ўқувчилари қурилиш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт ва «яшил» энергетика каби йўналишлардаги касбларни амалда синаб кўриши кўзда тутилган. Айрим ҳудудларда бу тизим аллақачон ишга тушмоқда. Масалан, Президент 17 август куни Урганчдаги Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми ҳудудида ташкил этилган «Касблар шаҳарчаси» билан танишган Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  15. 🔴Моди Путинга: «Бизга чексиз уруш эмас, урушнинг тугаши керак» Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда Украинадаги урушни тўхтатиш зарурлигини очиқ айтди. Бу ҳақда News18 хабар берди. Путин ва Моди Бишкекда ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида учрашган. «Урушнинг ҳар бир куни инсониятни ортга тортади. Биз ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш учун ишлашимиз керак», — деган Моди. Ҳиндистон бош вазири Деҳли Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлашда давом этишини ҳам таъкидлаган. «Биз чексиз урушдан уни тугатишга ўтишимиз керак. Ҳиндистоннинг позицияси шу. Бизга чексиз уруш эмас, урушнинг тугаши керак», — деган у. Бу баёнот Марказий Осиёда ўтаётган ШҲТ саммитида янграгани билан ҳам аҳамиятли. Россиянинг Украинадаги уруши масаласида минтақа давлатлари раҳбарлари ҳам сўнгги вақтларда музокараларга қайтиш зарурлигини таъкидламоқда. Жумладан, июль ойи охирида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Путин билан Омскдаги музокараларда Россия–Украина урушини «музлатиш» ва музокараларга қайтишга чақирган эди. Кейинроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Киевнинг позициясини ҳисобга олганда, можарони «музлатиш» мумкин эмаслигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Москва учун асосий шарт — Россия ўз олдига қўйган мақсадларга эришиши. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  16. 🔴Мирзиёев ШҲТ доирасида янги ҳамкорлик платформаларини таклиф қилди Президент Шавкат Мирзиёев Бишкекдаги “ШҲТ плюс” йиғилишида ташкилот доирасида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган бир қатор таклифларни илгари сурди. Унинг фикрича, “ШҲТ плюс” фақат раҳбарлар йиғиладиган майдон бўлиб қолмасдан, турли давлат ва минтақаларни аниқ лойиҳалар атрофида бирлаштирадиган доимий платформага айланиши керак. Матбуот хизмати эълон қилган матнга кўра, Президент нутқида қуйидаги таклифларни билдирган: ✔️ “ШҲТ плюс”ни доимий мулоқот майдонига айлантириш. Бу ерда иқтисодий ўсиш, янги технологиялар, иқлим ўзгариши, таълим, ёшлар ва инсон капитали масалалари муҳокама қилиниши таклиф этилди. ✔️Минтақавий ташкилотларни бир-бирига боғлайдиган ҳамкорлик тармоғини яратиш. Бу турли ташкилотларга тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш имконини бериши мумкин. ✔️ Фойдали технологиялар ва тайёр ечимлар “банки”ни яратиш. Унда “яшил” энергетика, рақамли хизматлар, соғлиқни сақлаш ва табиатдан оқилона фойдаланиш бўйича турли давлатларда самара берган лойиҳалар жамланади. ✔️ “ШҲТ Инвест” форумини доимий ишлайдиган платформага айлантириш. Бу бизнес учун янги бозорларга чиқиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш ва инвестицияларни кўпайтиришга хизмат қилиши керак. ✔️Хивада маданиятлар ва цивилизациялар форумини ўтказиш. Мирзиёев “ШҲТ плюс” доирасида доимий маданий форум ташкил этиб, уни БМТ тузилмалари билан ҳамкорликда Хива шаҳрида ўтказишни таклиф қилди. Президент нутқида шунингдек, янги дунё тартиби давлатларни бир-биридан ажратмаслиги, аксинча, иқтисодий ва сиёсий лойиҳаларни ўзаро боғлаши кераклигига урғу берган. Мирзиёев Ўзбекистон Евроосиёда очиқ ҳамкорлик тарафдори эканини, турли минтақавий лойиҳалар рақобатлашмасдан, бир-бирини тўлдириши лозимлигини таъкидлади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  17. 🔴Бугундан автобусга чиқиш биланоқ йўлкирани тўлаш шарт ✔️Акс ҳолда йўловчи чиптасиз ҳисобланади 1 сентябрдан Ўзбекистонда брутто-шартнома асосида ишлайдиган шаҳар автобусларида йўлкира тўлаш тартиби қатъийлашди. Янги қоида Тошкент автобусларига ҳам тааллуқли. Энди йўловчи автобусга чиқиши биланоқ йўл ҳақини валидатор орқали тўлаши ёки имтиёзли ҳаракатланиш ҳуқуқини тасдиқлаши шарт. Автобус ичида бироз юриб, кейинроқ тўлаш амалиёти қоидага мувофиқ ҳисобланмайди. Йўл ҳақини қуйидаги усулларда тўлаш мумкин: — транспорт картасини валидаторга теккизиш; — банк картаси орқали; — смартфон ва бошқа контактсиз тўлов воситалари — NFC, QR ва бошқа технологиялар орқали; — имтиёзли ёки бепул юриш ҳуқуқига эга йўловчилар ижтимоий ёки транспорт картасини валидатордан ўтказиши керак. Агар йўловчи автобусга чиққан вақтда тўловни амалга оширмаса ёки унинг имтиёзи тасдиқланмаса, у чиптасиз ҳаракатланаётган деб ҳисобланади. Бу талаб Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги 276-сон қарори билан белгиланган. Бу, айниқса, назорат вақтида муҳим: йўловчи «ҳозир тўламоқчи эдим» деб кейин валидатордан ўтказса ҳам, автобусга чиқиш пайтида тўлов тасдиқланмаган бўлса, қоида бузилган ҳисобланиши мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси бўйича шаҳар ва шаҳар атрофи автобусларида чиптасиз юриш учун жавобгарлик белгиланган. 2026 йил бошидан Тошкент автобусларида назорат ҳам анча кучайтирилган. Масалан, 16 март ҳолатига йил бошидан 26 564 нафар йўловчига маъмурий баённома расмийлаштирилган. Амалдаги БҲМ 440 минг сўм бўлгани учун чиптасиз юриш учун белгиланган 0,1 БҲМ миқдоридаги жарима 44 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, 1 сентябрга қадар Тошкент жамоат транспорти ва шаҳар атрофи электр поездларида интеграциялашган тўлов тизими, жумладан, «электропоезд–автобус» ва «электропоезд–метро» тарифларини жорий этиш ҳам белгиланган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  18. 🔴Хитойнинг Марказий Осиёдаги иқтисодий таъсири сиёсийга айланмайдими? ✔️Эски йўллар Москва томон йўналган бўлса, янги йўллар тобора Хитой томонга бурилмоқда. ✔️Россия минтақада ҳали ҳам кучли тарихий ва хавфсизлик таъсирига эга, аммо Марказий Осиёнинг келажак иқтисодий инфратузилмасини қуришда Хитойнинг роли тобора катталашмоқда. ✔️ Марказий Осиё энди Москва таъсири устун бўлган ҳудуд эмас, балки бир нечта йирик кучлар рақобатлашаётган маконга айланмоқда. Батафсил мақолани ўқиш Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  19. 🔴 Режа бор, қабул йўқ: бир ҳафтада 329 та шахсий ва сайёр қабул ўтказилмаган Президент Халқ қабулхонасига бирор марта мурожаат қилганмисиз? Ёки ҳоким, прокурор, ички ишлар, солиқ, электр-газ ёки бошқа идора раҳбарининг шахсий қабулига ёзилганмисиз? Кўпчилик учун бундай қабул — оддий учрашув эмас. Одам маҳаллада ёки туман идорасида ҳал бўлмаган муаммосига ечим топиш, мансабдорга дардини бевосита айтиш учун қабулга боради. Айримлар бу имкониятни кунлаб, ҳатто ойлаб кутиши мумкин. Шунинг учун қабулнинг режалаштирилиши билан унинг ҳақиқатда ўтказилиши ўртасида фарқ бор. 2026 йил 17–23 август кунлари бўйича эълон қилинган навбатдаги маълумотларда мурожаатлар сони камайгани қайд этилган. Бироқ рақамларга чуқурроқ қаралса, бошқа бир муҳим ҳолат кўринади: шу ҳафта режалаштирилган шахсий ва сайёр қабулларнинг бир қисми ўтказилмаган. 17–23 август кунлари жами 20 090 та масала бўйича 18 456 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар сони аввалги ҳафтага нисбатан 4,04 фоизга камайган. Қабуллар бўйича статистика эса 17–22 август даврини қамраб олади. Унга кўра, 1 425 та шахсий қабул режалаштирилган, аммо амалда 1 174 таси ўтказилган. Яъни 251 та шахсий қабул ўтказилмаган. Шунингдек, режадаги 1 180 та сайёр қабулнинг 1 102 таси ўтказилган — 78 таси амалга ошмаган. Демак, олти кун давомида жами 329 та режалаштирилган шахсий ва сайёр қабул ўтказилмаган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  20. «Ташаббусли бюджет»да 2 195 та лойиҳа ғолиб бўлди — уларга 3,1 трлн сўм йўналтирилади «Очиқ бюджет» порталида «Ташаббусли бюджет»нинг 2026 йилги иккинчи мавсуми ғолиблари эълон қилинди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, 22–31 август кунлари ўтказилган овоз бериш жараёнида республика бўйича жами 10 млн 124 мингта овоз берилган. Якуний натижаларга кўра, қиймати қарийб 3,1 трлн сўмлик 2 195 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Шундан: - 2 059 таси — анъанавий овоз бериш орқали; - 136 таси — шериклик асосида ғолиб бўлган лойиҳалар. Ғолиб лойиҳаларнинг энг катта қисми ички йўллар, пиёдалар йўлаклари ва йўл ўтказгичларни таъмирлашга тўғри келади — жами 1 022 та лойиҳа. Шунингдек, 476 та мактаб ҳамда 173 та соғлиқни сақлаш муассасасини таъмирлаш ва уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича ташаббуслар ғолиб бўлган. Қиёс учун, 2026 йилнинг биринчи мавсумида 10 млн 284 мингта овоз берилган ва 1 996 та лойиҳа ғолиб деб топилган эди. Уларга 3 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши белгиланган. Демак, иккинчи мавсумда овозлар сони бироз камайган бўлса-да, ғолиб лойиҳалар сони 199 тага кўпайган. Бу йилги иккинчи мавсум «Ташаббусли бюджет» жорий этилганидан буён 11-мавсум ҳисобланади. Жараён 15 июлда бошланган, ғолибларнинг асосий рўйхати 1 сентябрда эълон қилинди. 1–10 сентябрь кунлари эса қўшимча ғолибларни аниқлаш босқичи давом этади. Ғолиб бўлган лойиҳаларнинг тўлиқ рўйхатини «Очиқ бюджет» портали орқали кўриш мумкин. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  21. Older posts