🔴«Тўқимачи» стадиони атрофида баҳс кучайди ✔️Масъуллар стадион қолади демоқда, фаоллар эса лойиҳани «реконструкция» эмас, бизнес-қурилиш деб баҳолаяпти Тошкентнинг Яккасарой туманидаги тарихий «Тўқимачи» стадионида бошланган қурилиш ишлари жамоатчиликда саволлар уйғотмоқда. Kun.uz Кадастр агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясидан изоҳ олди. Расмий маълумотларга кўра, стадион жойлашган 35 753 квадрат метрлик ҳудуд Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси таъсисчилигидаги «Яккасарой спорт соғломлаштириш мажмуаси» МЧЖ номига расмийлаштирилган. Ўзбекистон футбол ассоциацияси аввалроқ «Тўқимачи» ўрнида бошқа объект қурилмаслигини, стадионнинг ўзи реконструкция қилинишини билдирган эди. Бироқ Қурилиш назорати инспекцияси тақдим этган маълумот лойиҳа фақат спорт иншоотини таъмирлаш билан чекланмаслигини кўрсатади. Ҳудудда 5 қаватли автотураргоҳ, 4 қаватли маиший хизмат кўрсатиш объекти, савдо мажмуалари, стадион ва томоша трибунаси ҳамда 2 қаватли ерости автотураргоҳи қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги кенгашдан ўтган ва тегишли инспекцияда рўйхатга олинган. Иқтисодчи Отабек Бакиров эса бу изоҳлар асосий саволларга жавоб бермаяпти, деб ҳисобламоқда. «Ҳамма нарсани ўз номи билан атанглар: сизлар стадионни таъмирламаяпсизлар, сизлар стадион ўрнида бизнес-офислар қураяпсизлар», — деб ёзди у. Бакировнинг фикрича, лойиҳани шунчаки «реконструкция» деб аташ тўлиқ манзарани бермайди. У тасдиқланган объектлар рўйхатида спорт инфратузилмасидан ташқари йирик тижорат ва хизмат кўрсатиш майдонлари ҳам борлигига эътибор қаратган. Иқтисодчи яна бир масалани кўтарган: «Тўқимачи» қандай қилиб Касаба уюшмалари федерацияси мулкига айланган? Унинг фикрича, стадионнинг тарихи ва мулк ҳуқуқи алоҳида ўрганилиши лозим. Бакиров бу объектнинг келиб чиқиши давлат мулки билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Бакиров буюртмачи масаласига ҳам эътибор қаратди. У келтирган ҳужжатга кўра, қурилиш бўйича буюртмачи сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» кўрсатилган. Шу сабаб у лойиҳа қанча маблағга тушаётгани, молиялаштириш манбаси ва пудратчилар ким эканини очиқлаш зарур, деб ҳисоблайди. Яна бир очиқ савол — қурилиш тугагач, автотураргоҳлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари кимнинг мулкига айланади? Касаба уюшмалари федерациясиникими, шаҳар ҳокимлигиникими ёки бошқа инвесторларникими — бу бўйича ҳозирча жамоатчиликка аниқ маълумот берилмаган. Бакиров вазиятга кенгроқ нуқтаи назардан ҳам қараб, «Тўқимачи» билан боғлиқ қарор бошқа спорт объектлари учун прецедент бўлиши мумкинлигини айтмоқда: «Тўқимачи — бу шартли репетиция. Агар кўз юмилиб ўтиб кетса, бошқа стадионларни ҳам шундай кўргулик кутади», — деб ёзган иқтисодчи. Шундай қилиб, расмий идоралар «Тўқимачи» сақланиб қолиши ва реконструкция қилинишини айтмоқда. Фаоллар эса асосий масала стадионнинг қолиш-қолмаслиги эмас, балки унинг ҳудудида қанча тижорат объекти қурилаётгани, бу объектлар кимга тегишли бўлиши ва спорт майдонининг келажакдаги мақоми қандай бўлишида, деб ҳисобламоқда. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X