🔴Қозоғистонга кириш пуллик бўлаяпти ✔️ Ўзбекистонликлар учун ҳам ETA электрон рухсатномаси жорий этилади Қозоғистон визасиз режим амал қиладиган давлатлар фуқаролари учун Electronic Travel Authorization — ETA электрон рухсатнома тизимини босқичма-босқич жорий этмоқда. Ўзбекистон фуқаролари ҳам Қозоғистонга визасиз киради, шунинг учун янги тартиб уларга ҳам тааллуқли бўлади. Айни пайтда Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонда 90 кунгача визасиз бўлиши мумкин. ETA виза эмас. Яъни янги тартиб Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги визасиз режимни бекор қилмайди. Бу сафар олдидан электрон шаклда олинадиган кириш рухсатномаси бўлиб, Қозоғистон томони уни миграция ва чегара назоратини рақамлаштириш мақсадида QazETA давлат платформаси орқали жорий этмоқда. Расмий маълумотга кўра, ETA учун ариза сафардан камида 72 соат олдин QazETA мобил иловаси орқали топширилади. Рухсатнома 180 кун амал қилади. Бироқ ETA олингани Қозоғистонга кириш автоматик кафолатланади дегани эмас — якуний қарор чегара назорати вақтида қабул қилинади. QazETA маълумотларида 16 ёшга тўлмаган болалар ETAдан озод қилиниши, шунингдек, Қозоғистон ҳудуди орқали 3 кунгача транзит қилаётганлардан ҳам ETA талаб этилмаслиги кўрсатилган. Дипломатик ва хизмат паспорти эгалари, расмий делегация аъзолари ҳамда Қозоғистонда аккредитациядан ўтган дипломатлар ҳам истисно қилинган. Айрим маҳаллий ОАВларда янги талаб 1 ноябрдан ҳаво йўли орқали келувчиларга, 15 ноябрдан эса Ўзбекистон, Хитой ва Туркманистон билан автомобиль чегараларидан ўтувчиларга мажбурий бўлиши, ETAни олдиндан расмийлаштириш 3 900 тенге, чегарада эса 7 800 тенге туриши ҳақида маълумот тарқалган. Агар ETA учун 3 900 тенге (тахминан $7,2) йиғим белгиланса, Қозоғистонга йилига келадиган 15,7 млн хорижий ташрифни шартли ҳисоблаганда, йиғимлар $113 млнгача етиши мумкин. Чегарадаги 7 800 тенгелик ($14,4) тариф бўйича назарий сумма $226 млнгача чиқади. Аммо амалда тушум камроқ бўлиши ҳам мумкин, чунки ETA 180 кун амал қилади ва бир рухсатнома билан бир неча марта кириш мумкин бўлиши мумкин. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X