🔴Зафаробод ҳокими ва унинг ўғли ЙТҲда жароҳатланди ✔️Ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилди 30 август куни эрталаб Жиззах вилояти Зафаробод туманида туман ҳокими Ғайратжон Эшпўлатов иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Жиззах вилояти ҳокимлиги тарқатган маълумотга кўра, соат 07:45 атрофида «МАЗ» юк автомобили ҳайдовчиси чапга бурилиш вақтида қарама-қарши йўналишда келаётган Ғайратжон Эшпўлатов бошқарувидаги KIA Seltos хизмат автомобили йўлига чиқиб кетган. Натижада икки машина тўқнашган. ЙТҲ оқибатида ҳоким ва автомобилда бўлган унинг вояга етмаган ўғли турли даражада тан жароҳати олган. Улар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиали жонлантириш бўлимига ётқизилган. «МАЗ» ҳайдовчиси жароҳат олмаган. Ҳодиса юзасидан 30 август куни Зафаробод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодекси асосида жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган. Қизиғи, ЙТҲ ҳақида дастлаб ОАВда тарқалган маълумот расмий версиядан фарқ қилади. Хусусан, Kun.uz ва Qalampir.uz ўз манбаларига таяниб, KIA Seltos’ни ҳокимнинг мактаб ёшидаги ўғли бошқаргани ва машина юк автомобилининг орқа қисмига урилганини хабар қилган эди. Аммо бу маълумот расмий идоралар томонидан тасдиқланмади. Вилоят ҳокимлиги версиясига кўра эса, KIA Seltos рулда ҳокимнинг ўзи бўлган ва ЙТҲ «МАЗ» ҳайдовчисининг чапга бурилиш вақтида қарама-қарши ҳаракат йўлига чиқиши оқибатида содир бўлган. Ғайратжон Эшпўлатов 2024 йил март ойидан буён Зафаробод тумани ҳокими лавозимида ишлаб келмоқда. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X