🔴Ўзбекистондаги АЭС лойиҳаси $9,5 млрдга баҳоланди ✔️Маҳаллий корхоналар улуши камида 30 фоизга етказилади Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида қурилаётган интеграциялашган атом электр станцияси ва унинг ёнида барпо этиладиган атомчилар шаҳарчаси лойиҳасини кўриб чиқди. Давлат раҳбари матбуот хизматидан хабар беришларича, АЭС лойиҳасининг умумий қиймати 9,5 миллиард долларни ташкил этади. Қурилиш 4 июндан фаол босқичга ўтган. Ҳозиргача реактор биноси учун котлован тўлиқ қазилиб, 1 миллион куб метрдан зиёд тупроқ чиқарилган, пойдеворнинг бир қисмига 916 куб метр бетон қуйилган. Қурилиш майдонида айни пайтда 450 нафар ишчи ва мутахассис, 100 дан ортиқ махсус техника ишламоқда. Лойиҳада қарийб 3 минг турдаги маҳсулот ва ускуна ишлатилади. Дастлабки ҳисоб-китобларда маҳаллий маҳсулотлар улуши 21 фоиз ёки 1,9 миллиард доллар бўлиши кўзда тутилган эди. Президент бу кўрсаткични етарли эмас деб баҳолади. Энди маҳаллийлаштириш улушини камида 30 фоизга етказиш, қурилиш-монтаж ишларининг 65 фоизини Ўзбекистон корхоналарига бериш, шунингдек, лойиҳага 7 минг нафар маҳаллий ишчи ва мутахассисни жалб қилиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун Фориш туманида 200 гектарлик махсус саноат зонаси ташкил этилиши мумкин. Унда камида 100 та қўшма корхона ишга туширилиб, 15 йўналишда маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режалаштирилган. Саноат зонаси иштирокчилари учун солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам кўзда тутилмоқда. АЭСга хизмат қилувчи ташқи инфратузилма ҳам катта ҳажмда қурилади. Хусусан: - 388 км электр тармоғи; - 110 киловольтли подстанция; - 21 км ичимлик суви ва 120 км техник сув қувури; - 39,5 км автомобиль йўли; - 11 км темир йўл барпо этилади. Президент ушбу инфратузилма объектларида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улушини 60–70 фоизга етказиш вазифасини қўйди. 33 минг кишилик «атомчилар шаҳарчаси» қурилади АЭС ёнида 200 гектар майдонда қарийб 33 минг киши яшайдиган янги шаҳарча барпо этилиши режалаштирилган. Бу ерда қарийб 10 мингта хонадон, биринчи босқичнинг ўзида эса 3 мингта квартира қурилади. Шаҳарчада мактаблар, боғчалар, тиббиёт муассасалари, спорт ва маданият объектлари, дам олиш ҳудудлари ҳамда яшил зоналар ташкил этилади. Уйларда энергия тежамкор технологиялар, муқобил энергия манбалари ва «ақлли» ёритиш тизимларидан фойдаланиш кўзда тутилган. АЭСни кейинчалик бошқарадиган операторлар, муҳандислар ва радиация хавфсизлиги мутахассисларини тайёрлаш ҳам алоҳида вазифа сифатида белгиланди. Россия миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиалини 2023 йилдан буён 216 нафар талаба битирган. Уларнинг 83 нафари Хитой, Венгрия, Франция, Италия ва Кореяда магистратура ва аспирантурада ўқишни давом эттирмоқда. Яна 100 нафар мутахассис Ўзбекистондаги тўртта олийгоҳда тайёрланяпти. Шунингдек, атом энергетикаси соҳасида қарийб мингта халқаро стандартни Ўзбекистон миллий тизимига мослаштириш режалаштирилган. Президент АЭС қурилишида хавфсизлик ва сифат биринчи ўринда туриши, барча ишлар МАГАТЭ талаблари ва халқаро стандартларга қатъий мувофиқ амалга оширилиши шартлигини таъкидлади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X