🔴Бугундан автобусга чиқиш биланоқ йўлкирани тўлаш шарт ✔️Акс ҳолда йўловчи чиптасиз ҳисобланади 1 сентябрдан Ўзбекистонда брутто-шартнома асосида ишлайдиган шаҳар автобусларида йўлкира тўлаш тартиби қатъийлашди. Янги қоида Тошкент автобусларига ҳам тааллуқли. Энди йўловчи автобусга чиқиши биланоқ йўл ҳақини валидатор орқали тўлаши ёки имтиёзли ҳаракатланиш ҳуқуқини тасдиқлаши шарт. Автобус ичида бироз юриб, кейинроқ тўлаш амалиёти қоидага мувофиқ ҳисобланмайди. Йўл ҳақини қуйидаги усулларда тўлаш мумкин: — транспорт картасини валидаторга теккизиш; — банк картаси орқали; — смартфон ва бошқа контактсиз тўлов воситалари — NFC, QR ва бошқа технологиялар орқали; — имтиёзли ёки бепул юриш ҳуқуқига эга йўловчилар ижтимоий ёки транспорт картасини валидатордан ўтказиши керак. Агар йўловчи автобусга чиққан вақтда тўловни амалга оширмаса ёки унинг имтиёзи тасдиқланмаса, у чиптасиз ҳаракатланаётган деб ҳисобланади. Бу талаб Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги 276-сон қарори билан белгиланган. Бу, айниқса, назорат вақтида муҳим: йўловчи «ҳозир тўламоқчи эдим» деб кейин валидатордан ўтказса ҳам, автобусга чиқиш пайтида тўлов тасдиқланмаган бўлса, қоида бузилган ҳисобланиши мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси бўйича шаҳар ва шаҳар атрофи автобусларида чиптасиз юриш учун жавобгарлик белгиланган. 2026 йил бошидан Тошкент автобусларида назорат ҳам анча кучайтирилган. Масалан, 16 март ҳолатига йил бошидан 26 564 нафар йўловчига маъмурий баённома расмийлаштирилган. Амалдаги БҲМ 440 минг сўм бўлгани учун чиптасиз юриш учун белгиланган 0,1 БҲМ миқдоридаги жарима 44 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, 1 сентябрга қадар Тошкент жамоат транспорти ва шаҳар атрофи электр поездларида интеграциялашган тўлов тизими, жумладан, «электропоезд–автобус» ва «электропоезд–метро» тарифларини жорий этиш ҳам белгиланган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X