🔴 Бирлашган Араб Амирликлари Тошкентда $288 млнлик логистика терминалини қуради
Тошкентда $288 млндан зиёд маблағ эвазига катта логистика терминали қурилади. Бирлашган Араб Амирликларининг DP World компанияси иштирокидаги қурилишни октябрь ойида бошлаш режалаштирилган.
Хўш, логистика терминали дегани нима? Унга $288 млн сарфланиши оддий одамнинг ҳаётида нимани ўзгартиради? Ва энг муҳими — бу пулни ким беради?
Батафсил…
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
uzdiplomat иқтибоси: 🖍
«Бузилган ўлкага»
Эй, тоғлари кўкларга салом берган зўр ўлка,
Нега сенинг бошингда қуюқ булут кўланка?
Учмоҳларнинг кавсаридек покиза,
Садафларнинг донасидек топ-тоза
Салқин сувлар тоғдан қуйи тушаркан,
Томчилари ёмғир каби учаркан,
Нима учун йиғлар каби инграйлар?
Ёв борми, деб тўрт тарафни тинглайлар?
Табиатнинг ўтини йўқ ўтида,
Шарақ-шарақ қайнаб чиққан булоқлар
Ҳар қоронғи, қўрқинч туннинг бетида
Шифо истаб келмасин дер, қўноқлар.
— Бу нега?
Айт менга.
Кўм-кўк, гўзал ўтлоқларинг босилғон,
Устларида на пода бор, на йилқи,
Подачилар қайси дорға осилғон?
От кишнаши, қўй маъраши ўрнига
— Оҳ, йиғи,
Бу нега?
Туморчалар, ҳамойиллар тақинган,
Далаларда лола барги ёпинган,
Тоғ-тошларда ўйин қилган,
Чопинган
Гўзал қизлар, ёш келинлар қаерда?
Жавоб йўқми кўклардан-да, ердан-да,
Хароб бўлган элдан-да.
От минганда, қушлар каби учгувчи,
Эркин-эркин ҳаволарни қучғувчи,
От чопганда, учар қушни тутқувчи,
Учар қушдай ёш йигитлар қаерда?
Тоғ эгаси — сор бургутлар қаерда?
Сенинг қаттиқ сир-бағрингни кўп йиллардир эзганлар,
Сен безсанг-да, қарғасанг-да, кўкрагингда кезганлар.
Сенинг эркин тупроғингда ҳеч ҳақи йўқ хўжалар,
Нега сени бир қул каби қизғанмасдан янчалар?
Нега сенинг қалин товшинг «кет» демайди уларга?
Нега сенинг эркли кўнглинг эрк бермайди қулларга?
Нега тағин танларингда қамчиларнинг кулиши?
Нега сенинг турмушингда умидларнинг ўлиши?
Нега ёлғиз қон бўлмишдир улушинг?
Нега бунча умидсиздир туришинг?
Нима учун кўзларингда туташгувчи олов йўқ?
Нима учун тунларингда бўриларнинг қорни тўқ?
Нима учун ғазабингни уйғотмайдир оғу-ўқ?
Нима учун борлиғингда бу даража бузғунлик?
Нима учун ўч булути селларини ёғдирмас?
Нима учун куч тангриси бор кучи-ла солдирмас?
Кел, мен сенга қисқагина достон ўқий,
Қулоғингга ўтганлардан эртак тўқий.
Кел, кўзингнинг ёшларини суриб олай,
Кел, ярали танларингни кўриб олай, тўйиб олай.
Нима учун ағдарилган, йиқилган
Оғир тойнинг заҳар ўқи кўксингда?
Нима учун ёвларингни бир замон
Йўқ қилғундай темирли ўч йўқ сенда?
Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка,
Нега сенинг бўғизингни бўғиб турар кўланка?
Андижон, 1921 йил.
Абдулҳамид Сулаймон ўғли Юнусов — Чўлпон,
Ўз юртини ҳур кўриш истаги сабабли қатл этилган, ўзбек адабиётининг атоқли намоёндаси, маърифатчи жадид
(1897-1938)
Каналга уланиш:✏️ https://t.me/uzdiplomat
🔴Президент келгуси 10 йил учун асосий режаларни айтди
✔️ЯИМ — $300 млрд,
✔️Инвестиция — $450 млрд,
✔️2 млн юқори даромадли иш ўрни
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда мамлакат тараққиётининг келгуси босқичи учун асосий мақсадларни эълон қилди.
Давлат раҳбарига кўра, келгуси ўн йиллик Ўзбекистон учун “миллий юксалиш даври” бўлиши керак. Шу мақсадда инсон қадрини оширишга қаратилган 7 та миллий дастур амалга оширилади.
Асосий режалар:
✔️Таълим
- 6 ёшли болаларни тайёрлов гуруҳлари билан қамраб олиш — 100 фоиз;
- барча мактабларни халқаро баҳолаш дастурларига жалб қилиш;
- техникумларда халқаро стандартларни жорий этиш;
- касбий таълим қамровини 1 миллион нафарга етказиш;
- камида 10 та Ўзбекистон университетини дунёнинг TOP-1000 рейтингига киритиш;
- 10 миллион ёшни рақамли индустрия ва келажак касбларига жалб қилиш.
✔️ Тиббиёт
- соғлиқни сақлашга давлат харажатларини келгуси беш йилда ЯИМнинг 5 фоизига етказиш;
- давлат тиббий суғуртасини барча хонадонларга жорий этиш;
- Ўзбекистонга дунёнинг камида 5 та етакчи клиникасини олиб келиш;
- профилактикага асосланган тиббиёт моделига ўтиш;
- фармацевтика, биотехнология ва тиббий таълимни ривожлантириш.
✔️Иқтисодиёт ва инвестициялар
- келгуси 10 йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш;
- 2030 йилгача ЯИМни 300 миллиард долларга етказиш;
- саноатда 2 миллион юқори даромадли иш ўрни яратиш;
- стартаплар, венчур инвестициялар ва сунъий интеллектни устувор йўналишга айлантириш;
- кичик бизнеснинг ўрта, ўрта бизнеснинг йирик компанияга айланиши учун ягона экотизим яратиш;
- келгуси ўн йилда аҳоли жон бошига ЯИМни 10 минг доллардан ошириш.
✔️Сув ва экология
- беш йилда экин майдонларини сув тежовчи технологиялар билан қамраб олишни 100 фоизга етказиш;
- “Яшил макон” дастурини янги босқичга олиб чиқиш;
- туман ва шаҳар марказларида яшил ҳудудлар улушини 30 фоизга етказиш;
- мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудларни дахлсиз бойлик сифатида ҳимоя қилиш.
✔️Суд ва қонун устуворлиги
- суд мустақиллигини янада кучайтириш;
- ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаш;
- фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш;
- кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосига қарши чораларни кучайтириш;
- яширин иқтисодиёт ва уюшган жиноятчиликка қарши курашни янги босқичга олиб чиқиш.
✔️Маҳалла ваколатлари
- давлат дастурларини шакллантириш тизими ўзгартирилади;
- туман бюджети, инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади;
- аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари давлат харажатларини белгилашда асосий мезонга айланади.
✔️Ташқи сиёсат
- Ўзбекистоннинг тинчлик ва дипломатия маркази сифатидаги ўрнини кучайтириш;
- иқтисодий дипломатияни ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида давом эттириш;
- Марказий Осиё давлатлари билан стратегик шерикликни янада кенгайтириш;
- Ўзбекистон 2027–2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига илк бор раислик қилади;
- Афғонистон бўйича конструктив сиёсат давом эттирилади.
Президент нутқида яқин ўн йилликни мамлакат тараққиёти учун ҳал қилувчи босқич сифатида баҳолади.
“Келгуси ўн йиллик биз учун миллий юксалиш даври бўлади”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
Мустақиллик байрами тадбирлари мушакбозлик ҳамда ҳарбий самолётларнинг Ўзбекистон Республикаси байроғи рангларини акс эттирган ҳолдаги намойишкорона парвози билан бошланди.
Айни дақиқаларда Президент халқимизга ўз табригини йўлламоқда.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴Адолат учун уч йиллик кураш самара берди!
✔️Олий суд марҳум судья оиласига 1,37 млрд сўм суғурта пули ундиришни белгилади
Ўзбекистон Олий судининг Тафтиш ҳайъати жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман судининг марҳум раиси Воҳиджон Норбековнинг оиласига суғурта компаниясидан 1 миллиард 370 миллион сўм ундириш ҳақида ажрим чиқарди. Бу ҳақда ҳуқуқ фаоли, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
Унинг айтишича, марҳум судьянинг оиласига тегишли суғурта пулини олиш масаласи қарийб 2 йил 8 ой давом этган. Шу вақт ичида ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан турли идораларга 100 га яқин мурожаат ва шикоят киритилган, иш юзасидан судларга ҳам қайта-қайта мурожаат қилинган.
Воҳиджон Норбеков Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман суди раиси бўлиб ишлаган. У мазкур лавозимга 2021 йилда тайинланган, 2024 йил 11 январда вафот этган.
Ташановнинг аввалги маълумотларига кўра, Норбеков хизмат вазифасини бажараётган вақтда, иш хонасида вафот этган. Шундан кейин унинг рафиқаси Хулкар Нурманова манфаатида суғурта тўловини ундириш бўйича суд жараёнлари бошланган.
Ўзбекистонда судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғи республика бюджети маблағлари ҳисобидан давлат томонидан мажбурий суғурта қилинади. Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрдаги 879-сон қарори билан ҳам белгиланган.
Ташановнинг ёзишича, марҳум судьянинг икки нафар вояга етмаган фарзанди қолган, рафиқаси эса оғир касалликка чалинган. У Олий суднинг бугунги қарорини “адолатли ва инсонпарвар қарор” деб баҳолаган.
“Бу пуллар уларнинг қалб жароҳатига малҳам бўлмас эҳтимол, аммо болаларнинг келажаги учун кичик сармоя бўлса ажабмас”, — деб ёзди ҳуқуқ фаоли.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Байрам кунлари шифохоналар ишлайдими?
❗️Вазирлик маълумот берди
Мустақиллик байрами муносабати билан дам олиш кунлари кўпаймоқда. Аммо касаллик ёки фавқулодда ҳолат дам олиш кунини танламайди. Хўш, 29 августдан 1 сентябргача шифохоналар ва тез ёрдам қандай ишлайди?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, ушбу кунларда мамлакатдаги туман, шаҳар, вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналарда тиббий хизмат тўхтамайди.
Шифокор ва ҳамширалар қонунда белгиланган тартибда навбатчилик асосида ишлайди.
Шунингдек, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари ҳамда ҳудудлардаги 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида ҳам навбатчилик ташкил этилади.
29 августдан 1 сентябргача «103» тез тиббий ёрдам хизмати одатий тартибда ишлашда давом этади.
Республика тез тиббий ёрдам марказининг 14 та ҳудудий филиали, 189 та станция, 40 та подстанция ва 1 492 та таянч пунктида 2 900 дан зиёд тез ёрдам бригадаси чақирувларга шай ҳолатда бўлади.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда қарийб 200 та аҳоли пунктидаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида шифокор ва ҳамширалар 24 соат навбатчилик қилади.
Байрам кунларида мамлакатдаги барча туғуруқ муассасалари ва болалар даволаш муассасалари ҳам узлуксиз ишлайди.
Демак, 29 августдан 1 сентябргача поликлиникаларнинг одатий иш тартиби ўзгариши мумкин бўлса-да, шифохоналар, шошилинч тиббий ёрдам, «103», туғуруқхоналар ва болалар даволаш муассасаларида тиббий хизмат давом этади.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Байрам кунлари Ўзбекистон бўйлаб қўшимча поезд, автобус ва авиарейслар йўлга қўйилади
✔️Бу чора миллионлаган йўловчи оқимига етадими?
Мустақиллик байрами муносабати билан аҳолининг ҳудудлар бўйлаб саёҳат қилиши учун темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспортида қўшимча қатновлар ташкил этилади.
Туризм қўмитаси маълумотига кўра, Тошкент–Хива, Тошкент–Қўнғирот, Тошкент–Шовот, Тошкент–Термиз ва Тошкент–Сариосиё йўналишларидаги поездларга 4 тагача қўшимча вагон уланади.
Шунингдек, Тошкент–Самарқанд, Тошкент–Бухоро ва Тошкент–Урганч йўналишларида юқори тезликдаги электропоездларнинг қўшимча қатновлари ташкил этилади. Улар байрамдан икки кун олдин бошланиб, байрамдан кейинги икки кун давом этади.
Автомобиль транспортида барча вилоятлараро йўналишларда қўшимча автобуслар қатнайди. Тошкент Жанубий темир йўл вокзали ҳудудида вилоятлараро автобуслар учун захира тўхташ жойи ажратилади. У ерда Тошкент–Самарқанд–Бухоро–Урганч–Нукус йўналишидаги автобуслар жойлаштирилади.
Ҳаво транспортида эса Тошкент–Урганч, Тошкент–Нукус, Тошкент–Бухоро ва Тошкент–Термиз йўналишларида қўшимча авиарейслар амалга оширилади. Қанча йўловчи бу рейсларда ташиш режалаштирилаётгани ҳақида хабарда аниқлик киритилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил Мустақиллик байрамида Тошкентдан 33 та йўналиш бўйича 408 та қўшимча автобус рейси ташкил этилган, темир йўлда эса қўшимча поездлар ва вагонлар ҳисобига 17,7 мингдан ортиқ йўловчи учун қўшимча имконият яратилган эди. Авиацияда ҳам ички йўналишларда қўшимча рейслар қўйилган.
Маълумот учун, бу йил беш кунлик иш ҳафтасида ишловчилар 29 августдан 1 сентябргача тўрт кун, олти кунлик иш ҳафтасида ишловчилар эса 30 августдан 1 сентябргача уч кун дам олади.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴 Моди Тошкентга нега келяпти: Ҳиндистонга Ўзбекистондан нима керак?
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 31 август–1 сентябрь кунлари Бишкекда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиши кутилмоқда. Ундан олдин эса Тошкентга келиши эҳтимоли бор. Ҳозирча ташриф расман эълон қилинмаган, аммо Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов август ойида Ҳиндистонга сафари чоғида Модининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифига тайёргарлик кетаётганини билдирган.
Нега Ўзбекистон Ҳиндистон учун муҳим?
Гап фақат навбатдаги дипломатик учрашув ҳақида эмас. Ҳиндистон Марказий Осиёни ўзининг “кенгайтирилган қўшничилиги” деб билади, Ўзбекистон эса минтақадаги асосий ҳамкорлардан бирига айланмоқда.
Ҳиндистон учун Ўзбекистон стратегик минераллар, энергетика, фармацевтика, рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги ва транспорт-логистика соҳаларида муҳим. Ҳиндистоннинг Марказий Осиё билан тўғридан-тўғри қуруқлик чегараси йўқлиги сабабли Эрондаги Чобаҳор порти орқали йўл очиш ҳам стратегик аҳамиятга эга.
Ўзбекистон эса Россия ва Хитойдан ташқари бошқа йирик ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтириш, инвестиция ва технология жалб қилишга ҳаракат қилмоқда. Шу нуқтаи назардан Ҳиндистон Тошкент учун ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан муҳим шерик.
Моди ва Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда бир неча бор учрашган. 2026 йил август ойида Бахтиёр Саидовнинг Ҳиндистонга ташрифи давомида ҳам стратегик минераллар, тоғ-кон саноати, рақамли инфратузилма, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, қайта тикланувчи энергия ва логистика масалалари муҳокама қилинган.
Шунинг учун Модининг эҳтимолий Тошкент ташрифи оддий протокол сафари эмас. Ҳиндистон учун Ўзбекистон Марказий Осиёга кириш эшикларидан бири бўлиши мумкин. Ўзбекистон учун эса Ҳиндистон ташқи иқтисодий ва сиёсий ҳамкорларни диверсификация қилишда муҳим йўналишдир.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴«Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди» - Президент
✔️“Ўзбек иши” бўйича 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилинган, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган.
Президент Шавкат Мирзиёев бугун Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида қатнашди. Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлган аждодлар ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди.
Президент уламолар ва зиёлилар билан суҳбатда мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрига етиш кераклигини айтди.
— 35 йилдан бери ҳеч кимга қарам бўлмасдан, тинч осмон остида эркин яшаяпмиз. Бу — катта бахт ва бебаҳо бойлик, — деди давлат раҳбари.
Сўнгги йилларда қатағон қурбонларининг номини тиклаш ишлари давом этмоқда. 2021–2025 йилларда 1,2 мингдан зиёд ватандош оқланган. 2026 йилнинг ўзида яна 161 нафар ноҳақ судланган ёки ўлимга ҳукм қилинган шахснинг номи оқланди.
Президент совет даврининг сўнгги йилларидаги “пахта иши” ва “ўзбек иши”ни ҳам эслади. Расмий маълумотларга кўра, 1983–1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилинган, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган.
Шавкат Мирзиёев ҳозир дунёда уруш ва сиёсий қарама-қаршиликлар кўпайиб бораётганига эътибор қаратиб, Ўзбекистон ўз танлаган йўлидан қайтмаслигини таъкидлади.
— Бизнинг йўлимиз — тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, — деди Президент.
Учрашувда ёшлар таълимига ҳам тўхталиб ўтилди. Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага кўпайган. Ҳозир дунёнинг ТОП-100 университетларида 3,5 мингдан зиёд ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олмоқда.
Президент ёшларни миллий ғурур ва тарихий хотира руҳида тарбиялаш муҳимлигини таъкидлади.
— Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, — деди Шавкат Мирзиёев.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Бухоро, Навоий ва Самарқандда кучли шамол кутилмоқда
Бугун Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларининг айрим ҳудудларида шамол кескин кучайиб, унинг тезлиги сониясига 20 метрдан ошиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет огоҳлантирди.
Бундай шамол очиқ ҳудудларда чанг-тўзон кўтарилиши, дарахт шохлари синиши, енгил конструкциялар ва реклама қурилмаларига зарар етказиши мумкин.
28–31 август кунлари республика бўйича асосан ёғингарчиликсиз ва иссиқ об-ҳаво сақланади. Кундузи ҳарорат аксар ҳудудларда +32...+40 даража атрофида бўлади. 31 августга келиб ҳарорат бироз пасайиши кутилмоқда.
Қорақалпоғистон ва Хоразмда 28–29 август, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида эса 29–30 август кунлари шамол айрим жойларда 20–22 м/с гача кучайиши мумкин. Бухоро ва Навоийда бундай кучли шамол 30 август куни прогноз қилинган.
Тоғли ҳудудларда ҳам шамол тезлиги 20–22 м/с гача етиши эҳтимоли бор.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Нега бу йил Мустақиллик тантаналари эртароқ бошланмоқда?
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 28 август куни “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида иштирок этади. Шундан сўнг давлат раҳбари “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи пойига гул қўяди. Бу ҳақида давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Кечқурун эса Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган асосий тантанали маросим ўтказилиб, Президент халқни байрам билан табриклайди.
Эътиборлиси, бу тадбирлар одатдагидан бир неча кун олдин ўтказиляпти.
Сўнгги йилларда қатағон қурбонларини ёд этиш ва Мустақиллик монументига гул қўйиш маросимлари асосан 31 август куни ўтказилган. Хусусан, 2021, 2022, 2023 ва 2024 йилларда Президент 31 август куни “Шаҳидлар хотираси” хиёбонига борган. 2022–2024 йилларда Мустақиллик монументига гул қўйиш маросими ҳам айнан шу санада бўлган.
2025 йилда эса анъанавий маросимлар 29 августга кўчирилган эди. Ўша куни Шавкат Мирзиёев қатағон қурбонларини ёд этиб, Мустақиллик монументига гулчамбар қўйган.
Бу Президентнинг ташқи сиёсий дастури билан боғлиқ бўлган: 2025 йил 30 август куни Мирзиёев Хитойга жўнаб кетган, 31 август – 1 сентябрда эса Тяньцзиндаги ШҲТ саммитида иштирок этган.
Бу йил ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилмоқда. Ҳиндистон томони маълумотига кўра, бош вазир Нарендра Моди Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан 29–30 август кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Тошкентда икки давлат раҳбарларининг музокаралари ва делегациялар иштирокидаги учрашувлар режалаштирилган.
Савдо ва инвестициялар, мудофаа, энергетика, рақамли алоқалар, таълим ва бошқа йўналишлар муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, 31 август – 1 сентябр кунлари Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 26-саммити бўлиб ўтади. Унда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари йиғилади. Саммитда Мирзиёевнинг иштирок этиши кутилмоқда.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
uzdiplomat иқтибоси:
«Сиёсатда барибир дўст бўлмайди. Сиёсатда иттифоқчи ҳам бўлмайди. Бугун иттифоқчи, эртага у хизматини ўтаб бўлганидан кейин, уни чеккага чиқариб, бошқа бир мақсадга хизмат қиладиган иттифоқчини топишга тўғри келиб қолади».
2024 йил, январь
МУРОД МУҲАММАД ДЎСТ
Ёзувчи, давлат арбоби
Каналга уланиш:✏️ https://t.me/uzdiplomat
🔴40 йил фуқаролик кутганлар ҳам бор: 264 нафар шахс Ўзбекистон фуқароси бўлди
✔️Ҳужжатларни ҳокимлар топширмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 25 августдаги фармони билан 264 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида мамлакат ҳудудларида уларга паспорт ва ID-карталар топширилмоқда.
Фуқаролик олганлар орасида бу кунни ўнлаб йиллар кутганлар ҳам бор. Жумладан, Тожикистонда туғилган Хурсаной Жумабоева 2000 йилда Ўзбекистонга кўчиб келган ва 26 йилдан буён Тошкент вилоятида яшаб келган. У фуқаролиги бўлмагани туфайли узоқ йиллар Тожикистонга бора олмаганини, ҳатто онаси вафот этганда уни сўнгги йўлга кузатиш имкони бўлмаганини айтган.
Яна бир фуқаро — Робия Қаҳҳорова Ўзбекистон фуқаролигини 40 йил кутган.
Президент фармони билан Тошкент вилоятида 48 нафар шахсга фуқаролик ҳужжатлари топширилган.
Сурхондарё вилоятида эса 90 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди. Навоий вилоятида ҳам Россиядан кўчиб келиб, 9 йил давомида фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида яшаган Анас Валиахметов ва яна бир шахс Ўзбекистон паспортини олган.
Маълумотларга кўра, 1991–2007 йилларда Ўзбекистонда 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс фуқароликка қабул қилинган. 2007–2016 йиллар оралиғида бундай ҳолатлар қайд этилмаган. 2016 йилдан кейин эса вазият кескин ўзгариб, қарийб 26 минг киши Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган. Бундан ташқари, фуқароликни тан олиш механизми орқали 60 мингдан зиёд шахс Ўзбекистон фуқароси сифатида тан олинган.
Uzdiplomat аввал ҳам Ўзбекистонда фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик бериш масаласини ёритган эди.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 Рамзан Қодиров отасининг 75 йиллигида Ўзбекистондан Тошкент ислом институти ректори ҳам қатнашди
Чеченистоннинг биринчи президенти Ахмат-Ҳожи Қодиров таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан Грознийда ўтказилган халқаро тадбирларда Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этди.
25 август куни Ахмат-Ҳожи Қодиров номидаги Чеченистон давлат университетида «А.А. Қодиров — таниқли илоҳиётчи, сиёсатчи ва давлат арбоби» мавзусида «Қодиров ўқишлари» халқаро илмий конференцияси бўлиб ўтди. Анжуман Ахмат-Ҳожи Қодиров таваллудининг 75 йиллигига бағишланган.
Конференцияда Россия билан бир қаторда Ўзбекистон, Қозоғистон, Иордания, Ироқ, Сурия, Беларусь, Сербия, Абхазия ва бошқа ҳудудлардан олимлар, диний ва жамоат арбоблари иштирок этган.
Ўзбекистон номидан Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров пленар мажлисда сўзга чиққан. Манбада, шунингдек, Ўзбекистон олимларининг илмий маърузалари ҳам тинглангани қайд этилган.
Анжуман доирасида Ахмат-Ҳожи Қодиров ҳақидаги китоб тақдимоти ҳам ўтказилиб, университетнинг бош биносида музей очилган. Конференция олтита йўналиш бўйича давом этган.
Ахмат-Ҳожи Қодировнинг Ўзбекистон билан боғлиқ жиҳати ҳам бор. У диний таълим олган даврида Тошкентдаги Ислом институтида таҳсил олган. Рамзан Қодиров аввалги чиқишларида отасининг устозларидан бири Ўзбекистоннинг таниқли уламоси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бўлганини айтган.
Ахмат-Ҳожи Қодиров 1951 йилда туғилган. У Чеченистон Республикасининг биринчи президенти бўлган ва 2004 йилда Грознийдаги теракт оқибатида ҳалок бўлган. 2026 йилда унинг 75 йиллиги муносабати билан Чеченистонда қатор хотира, илмий, маданий ва диний тадбирлар ташкил этилди. 23 августда Грознийда ўтказилган асосий тантанали йиғилишда Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук, Россия президентининг Шимолий Кавказдаги ваколатли вакили Юрий Чайка, Татарстан раҳбари Рустам Миннихонов ва бошқа меҳмонлар қатнашган.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўзбек ишчилари билан боғлиқ можаролар фонида Миграция агентлиги Hyundai заводида сайёр қабул ўтказади
Бу қабул корхонада хорижлик ишчиларнинг меҳнат шартлари ва иш ҳақи бўйича норозиликлари, шунингдек, 385 нафар ўзбекистонлик ишчига иш жойини ўзгартирган тақдирда ойига 2 минг доллар тўлаш шарти қўйилгани ҳақидаги хабарлар ортидан ташкил этилмоқда.
👉 Батафсил — сайтимизда
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 Президент 852 нафар маҳкумни афв этди: уларнинг 375 нафари — ёшлар
Ўтган йили афв этилганлар 523 нафар эди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан 852 нафар шахсни афв этди.
Фармонга кўра, 604 нафар шахс жазодан тўлиқ озод қилинди, 115 нафари шартли равишда озод этилди. 52 нафар шахснинг жазоси енгилроқ жазога алмаштирилди, яна 81 нафарининг қамоқ муддати қисқартирилди.
Афв этилганлар орасида 375 нафар ёш, 49 нафар аёл, 60 ёшдан ошган 37 нафар эркак ва 7 нафар чет эл фуқароси бор.
Шунингдек, тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган 63 нафар шахс ҳам афв этилган.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Статистика қўмитаси 10 йилда пенсия 3 баробар ошганини айтмоқда
Лекин пенсионернинг ҳаёти ҳам 3 баробар яхшиланганми?
Ўн йил олдин ўртача пенсионер 494 минг сўм оларди. 2025 йилга келиб бу пул 1 миллион 649 минг сўмга етди. Қараганда, катта ўсиш — 3,34 баробар.
Лекин пенсионер статистика қўмитаси рақамлари билан эмас, бозордаги нарх билан яшайди. Яъни, электр ва газ учун тўлайди, дори олади, бозор қилади, транспортга чиқади.
10 йил аввалги 494 минг сўм бугун қанча бўларди?
2016 йилда ўртача пенсия 494,2 минг сўм эди. 2025 йилда — 1 миллион 649,2 минг сўм.
Аммо бу ўн йил ичида нархлар ҳам бир жойда тўхтаб турмади.
2016–2025 йиллардаги инфляцияни кетма-кет ҳисоблаганда, истеъмол нархлари қарийб 2,8 баробарга кўтарилган.
Яъни 2016 йилдаги 494 минг сўмнинг харид кучини сақлаб қолиш учун 2025 йилда қарийб 1,38 миллион сўм керак бўлган. Амалда ўртача пенсия 1,649 миллион сўмга етган.
Демак, пенсионернинг пули фақат инфляция ортидан қувиб юрмаган — ундан бироз тезроқ ҳам ўсган. Лекин фарқ рақамларда кўринганидек улкан эмас.
Пенсия номинал ҳисобда 3,34 баробар ошган бўлса, реал харид қобилияти тахминан 19 фоизга ўсган.
Оддий қилиб айтганда, пенсионернинг қўлига 2016 йилдагидан уч баробар кўп пул тушяпти, аммо у бу пулга уч баробар кўп нарса сотиб ололмайди.
Свет, газ ва коммунал тўловлар-чи?
Умумий инфляция — ўртача кўрсаткич. Лекин пенсионернинг «ўз инфляцияси» бор.
Чунки пенсиянинг катта қисми энг зарур эҳтиёжларга кетади: овқат, дори, электр, газ, сув, транспорт.
Айниқса, кейинги йилларда электр энергияси ва газ тарифлари ошди. Бу харажатни пенсионер «кейинроқ оламан» деб қолдира олмайди. Қишда уйни иситиш, чироқ ёқиш керак.
Пенсия ошиши билан бир вақтда коммунал тўлов ҳам кўтарилса, қўшимча берилган пулнинг бир қисми шу ернинг ўзида кетади ёки етмай қолади.
Пенсионер ҳаёти ўзгардими?
Албатта, 2016 йилдаги 494 минг сўм билан 2025 йилдаги 1,649 миллион сўмни тўғридан-тўғри солиштириш адолатли эмас. Пулнинг ўзи ҳам қадрсизланган.
Ҳисоб-китоб шуни кўрсатадики, пенсия инфляциядан юқорироқ ўсган. Демак, харид қобилиятида ҳам маълум ўсиш бор.
Лекин «пенсия 10 йилда 3,34 баробар ошди» деган рақам пенсионер ҳаёти 3,34 баробар яхшиланди дегани эмас.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Саида Мирзиёева Коммунистик партия музейида
Пекинга ташрифи доирасида Администрация раҳбари Саида Мирзиёева Хитой Коммунистик партияси тарихи музейига борди.
«Музей залларида Хитой қанчалик мураккаб ва машаққатли йўлни босиб ўтгани, шу давр ичида қандай улкан ўзгаришларга эришганини чуқур ҳис этасиз», — деб ёзди у, бу ҳақидаги видео изоҳига.
Саида Мирзиёева Пекинда қатор муҳим амалдорлар, жумладан, Хитой ташқи ишлар вазири, ХКП Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси Ван И билан учрашган.
Музокараларда Ўзбекистон–Хитой стратегик шериклигини янада ривожлантириш, савдо, инвестициялар ва халқаро масалалар муҳокама қилинган.
«Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик янги босқичга кўтарилиб, олдимизда кенг имкониятлар эшиклари очилмоқда», — деб ёзди Саида Мирзиёева учрашувдан сўнг.
Унинг таъкидлашича, томонлар савдо, иқтисодиёт, инвестиция ва маданий алоқалар каби устувор йўналишлардаги ҳамкорлик ҳолатини муҳокама қилган.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги учрашув бўйича батафсилроқ маълумот берди. Унга кўра, Ван И Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилишини тезлаштириш, савдо ва инвестициялар, энергетика ва минерал ресурслар, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, сунъий интеллект ва қайта тикланувчи энергетика каби янги соҳаларда шерикликни кенгайтиришни таклиф қилган.
Хитой томонининг маълум қилишича, Саида Мирзиёева Ўзбекистон Хитой билан қишлоқ хўжалиги, илм-фан ва технологиялар, минерал ресурслар, таълим ҳамда рақамли иқтисодиёт бўйича амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини билдирган. Шунингдек, Хитойнинг камбағалликни қисқартириш тажрибасини ўрганиш масаласи ҳам тилга олинган.
Музокараларда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни кучайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Ван И эса Хитой Ўзбекистонни «ишончли ва таяниш мумкин бўлган ҳамкор» деб билишини билдирган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўзбекистонлик профессор Қозоғистонда жосусликда гумонланмоқда
Қозоғистонда ишлаб келган ўзбекистонлик профессор Иқболжон Қорабоев қарийб икки ойдан бери ҳибсда сақланмоқда. BBC News O‘zbek маълумотига кўра, 46 ёшли олим 3 июль куни Остонадаги уйидан олиб кетилган ва унга Қозоғистон Жиноят кодексининг 176-моддаси — жосуслик бўйича гумон билдирилган.
Мазкур модда хориж фуқароси томонидан давлат сирларини чет давлат ёки ташкилот манфаати учун тўплаш, сақлаш ёки узатиш билан боғлиқ ҳаракатларни қамраб олади. У бўйича 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Бироқ Қорабоев айнан қандай маълумотни тўплагани, қайси давлат манфаатига ишлаганликда гумонланаётгани ва унга қарши қандай далиллар борлиги расман очиқланмаган.
Қозоғистон ва Ўзбекистон расмий идоралари ҳам ҳозирча иш юзасидан батафсил баёнот бермаган.
Қорабоев Остонадаги Maqsut Narikbayev University профессори, шунингдек, Бельгиядаги БМТ Университети институти — UNU-CRIS катта илмий ходими ҳисобланади. У Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган, кейин Францияда халқаро ҳуқуқ бўйича магистрлик ва докторлик даражаларини олган.
BBC манбалари унинг ҳибси профессорнинг муҳим минераллар бўйича тадқиқотлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаяпти. Қорабоев сўнгги ишларида Қозоғистон ва Ўзбекистонда литий, вольфрам, нодир ер элементлари ва бошқа стратегик хомашё атрофидаги сиёсий ва иқтисодий жараёнларни ўрганган.
Бу соҳа сўнгги йилларда АҚШ, Хитой ва Европа ўртасидаги геосиёсий рақобатнинг муҳим йўналишига айланди.
Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам 2025–2026 йилларда нодир ва нодир ер металларини ўрганиш, қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича ҳамкорликни кучайтирган.
Бироқ Қорабоевнинг ҳибси айнан минералларга оид тадқиқотлари билан боғлиқлиги ҳозирча фақат фараз. Буни тасдиқлайдиган расмий маълумот йўқ.
Олимнинг яқинларига кўра, оила ёллаган адвокат ҳам Қорабоев билан эркин учраша олмаяпти. Бунга иш давлат сирлари билан боғлиқ экани сабаб қилиб кўрсатилган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
uzdiplomat иқтибоси: 🖍
“Электр узилди” деган гап одамларнинг эсидан чиқиб кетди”
Шавкат Абдураззоқов,
Наманган вилояти ҳокими
Август, 2026
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X