🔴Адолат учун уч йиллик кураш самара берди! ✔️Олий суд марҳум судья оиласига 1,37 млрд сўм суғурта пули ундиришни белгилади Ўзбекистон Олий судининг Тафтиш ҳайъати жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман судининг марҳум раиси Воҳиджон Норбековнинг оиласига суғурта компаниясидан 1 миллиард 370 миллион сўм ундириш ҳақида ажрим чиқарди. Бу ҳақда ҳуқуқ фаоли, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди. Унинг айтишича, марҳум судьянинг оиласига тегишли суғурта пулини олиш масаласи қарийб 2 йил 8 ой давом этган. Шу вақт ичида ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан турли идораларга 100 га яқин мурожаат ва шикоят киритилган, иш юзасидан судларга ҳам қайта-қайта мурожаат қилинган. Воҳиджон Норбеков Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман суди раиси бўлиб ишлаган. У мазкур лавозимга 2021 йилда тайинланган, 2024 йил 11 январда вафот этган. Ташановнинг аввалги маълумотларига кўра, Норбеков хизмат вазифасини бажараётган вақтда, иш хонасида вафот этган. Шундан кейин унинг рафиқаси Хулкар Нурманова манфаатида суғурта тўловини ундириш бўйича суд жараёнлари бошланган. Ўзбекистонда судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғи республика бюджети маблағлари ҳисобидан давлат томонидан мажбурий суғурта қилинади. Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрдаги 879-сон қарори билан ҳам белгиланган. Ташановнинг ёзишича, марҳум судьянинг икки нафар вояга етмаган фарзанди қолган, рафиқаси эса оғир касалликка чалинган. У Олий суднинг бугунги қарорини “адолатли ва инсонпарвар қарор” деб баҳолаган. “Бу пуллар уларнинг қалб жароҳатига малҳам бўлмас эҳтимол, аммо болаларнинг келажаги учун кичик сармоя бўлса ажабмас”, — деб ёзди ҳуқуқ фаоли. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X