🔴Нега бу йил Мустақиллик тантаналари эртароқ бошланмоқда? Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 28 август куни “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида иштирок этади. Шундан сўнг давлат раҳбари “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи пойига гул қўяди. Бу ҳақида давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди. Кечқурун эса Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган асосий тантанали маросим ўтказилиб, Президент халқни байрам билан табриклайди. Эътиборлиси, бу тадбирлар одатдагидан бир неча кун олдин ўтказиляпти. Сўнгги йилларда қатағон қурбонларини ёд этиш ва Мустақиллик монументига гул қўйиш маросимлари асосан 31 август куни ўтказилган. Хусусан, 2021, 2022, 2023 ва 2024 йилларда Президент 31 август куни “Шаҳидлар хотираси” хиёбонига борган. 2022–2024 йилларда Мустақиллик монументига гул қўйиш маросими ҳам айнан шу санада бўлган. 2025 йилда эса анъанавий маросимлар 29 августга кўчирилган эди. Ўша куни Шавкат Мирзиёев қатағон қурбонларини ёд этиб, Мустақиллик монументига гулчамбар қўйган. Бу Президентнинг ташқи сиёсий дастури билан боғлиқ бўлган: 2025 йил 30 август куни Мирзиёев Хитойга жўнаб кетган, 31 август – 1 сентябрда эса Тяньцзиндаги ШҲТ саммитида иштирок этган. Бу йил ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилмоқда. Ҳиндистон томони маълумотига кўра, бош вазир Нарендра Моди Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан 29–30 август кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Тошкентда икки давлат раҳбарларининг музокаралари ва делегациялар иштирокидаги учрашувлар режалаштирилган. Савдо ва инвестициялар, мудофаа, энергетика, рақамли алоқалар, таълим ва бошқа йўналишлар муҳокама қилинади. Бундан ташқари, 31 август – 1 сентябр кунлари Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 26-саммити бўлиб ўтади. Унда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари йиғилади. Саммитда Мирзиёевнинг иштирок этиши кутилмоқда. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X