🔴40 йил фуқаролик кутганлар ҳам бор: 264 нафар шахс Ўзбекистон фуқароси бўлди ✔️Ҳужжатларни ҳокимлар топширмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 25 августдаги фармони билан 264 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида мамлакат ҳудудларида уларга паспорт ва ID-карталар топширилмоқда. Фуқаролик олганлар орасида бу кунни ўнлаб йиллар кутганлар ҳам бор. Жумладан, Тожикистонда туғилган Хурсаной Жумабоева 2000 йилда Ўзбекистонга кўчиб келган ва 26 йилдан буён Тошкент вилоятида яшаб келган. У фуқаролиги бўлмагани туфайли узоқ йиллар Тожикистонга бора олмаганини, ҳатто онаси вафот этганда уни сўнгги йўлга кузатиш имкони бўлмаганини айтган. Яна бир фуқаро — Робия Қаҳҳорова Ўзбекистон фуқаролигини 40 йил кутган. Президент фармони билан Тошкент вилоятида 48 нафар шахсга фуқаролик ҳужжатлари топширилган. Сурхондарё вилоятида эса 90 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди. Навоий вилоятида ҳам Россиядан кўчиб келиб, 9 йил давомида фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида яшаган Анас Валиахметов ва яна бир шахс Ўзбекистон паспортини олган. Маълумотларга кўра, 1991–2007 йилларда Ўзбекистонда 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс фуқароликка қабул қилинган. 2007–2016 йиллар оралиғида бундай ҳолатлар қайд этилмаган. 2016 йилдан кейин эса вазият кескин ўзгариб, қарийб 26 минг киши Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган. Бундан ташқари, фуқароликни тан олиш механизми орқали 60 мингдан зиёд шахс Ўзбекистон фуқароси сифатида тан олинган. Uzdiplomat аввал ҳам Ўзбекистонда фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик бериш масаласини ёритган эди. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X