🔴 Моди Тошкентга нега келяпти: Ҳиндистонга Ўзбекистондан нима керак? Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 31 август–1 сентябрь кунлари Бишкекда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиши кутилмоқда. Ундан олдин эса Тошкентга келиши эҳтимоли бор. Ҳозирча ташриф расман эълон қилинмаган, аммо Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов август ойида Ҳиндистонга сафари чоғида Модининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифига тайёргарлик кетаётганини билдирган. Нега Ўзбекистон Ҳиндистон учун муҳим? Гап фақат навбатдаги дипломатик учрашув ҳақида эмас. Ҳиндистон Марказий Осиёни ўзининг “кенгайтирилган қўшничилиги” деб билади, Ўзбекистон эса минтақадаги асосий ҳамкорлардан бирига айланмоқда. Ҳиндистон учун Ўзбекистон стратегик минераллар, энергетика, фармацевтика, рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги ва транспорт-логистика соҳаларида муҳим. Ҳиндистоннинг Марказий Осиё билан тўғридан-тўғри қуруқлик чегараси йўқлиги сабабли Эрондаги Чобаҳор порти орқали йўл очиш ҳам стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистон эса Россия ва Хитойдан ташқари бошқа йирик ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтириш, инвестиция ва технология жалб қилишга ҳаракат қилмоқда. Шу нуқтаи назардан Ҳиндистон Тошкент учун ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан муҳим шерик. Моди ва Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда бир неча бор учрашган. 2026 йил август ойида Бахтиёр Саидовнинг Ҳиндистонга ташрифи давомида ҳам стратегик минераллар, тоғ-кон саноати, рақамли инфратузилма, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, қайта тикланувчи энергия ва логистика масалалари муҳокама қилинган. Шунинг учун Модининг эҳтимолий Тошкент ташрифи оддий протокол сафари эмас. Ҳиндистон учун Ўзбекистон Марказий Осиёга кириш эшикларидан бири бўлиши мумкин. Ўзбекистон учун эса Ҳиндистон ташқи иқтисодий ва сиёсий ҳамкорларни диверсификация қилишда муҳим йўналишдир. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X