🔴Байрам кунлари Ўзбекистон бўйлаб қўшимча поезд, автобус ва авиарейслар йўлга қўйилади ✔️Бу чора миллионлаган йўловчи оқимига етадими? Мустақиллик байрами муносабати билан аҳолининг ҳудудлар бўйлаб саёҳат қилиши учун темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспортида қўшимча қатновлар ташкил этилади. Туризм қўмитаси маълумотига кўра, Тошкент–Хива, Тошкент–Қўнғирот, Тошкент–Шовот, Тошкент–Термиз ва Тошкент–Сариосиё йўналишларидаги поездларга 4 тагача қўшимча вагон уланади. Шунингдек, Тошкент–Самарқанд, Тошкент–Бухоро ва Тошкент–Урганч йўналишларида юқори тезликдаги электропоездларнинг қўшимча қатновлари ташкил этилади. Улар байрамдан икки кун олдин бошланиб, байрамдан кейинги икки кун давом этади. Автомобиль транспортида барча вилоятлараро йўналишларда қўшимча автобуслар қатнайди. Тошкент Жанубий темир йўл вокзали ҳудудида вилоятлараро автобуслар учун захира тўхташ жойи ажратилади. У ерда Тошкент–Самарқанд–Бухоро–Урганч–Нукус йўналишидаги автобуслар жойлаштирилади. Ҳаво транспортида эса Тошкент–Урганч, Тошкент–Нукус, Тошкент–Бухоро ва Тошкент–Термиз йўналишларида қўшимча авиарейслар амалга оширилади. Қанча йўловчи бу рейсларда ташиш режалаштирилаётгани ҳақида хабарда аниқлик киритилмаган. Эслатиб ўтамиз, 2024 йил Мустақиллик байрамида Тошкентдан 33 та йўналиш бўйича 408 та қўшимча автобус рейси ташкил этилган, темир йўлда эса қўшимча поездлар ва вагонлар ҳисобига 17,7 мингдан ортиқ йўловчи учун қўшимча имконият яратилган эди. Авиацияда ҳам ички йўналишларда қўшимча рейслар қўйилган. Маълумот учун, бу йил беш кунлик иш ҳафтасида ишловчилар 29 августдан 1 сентябргача тўрт кун, олти кунлик иш ҳафтасида ишловчилар эса 30 августдан 1 сентябргача уч кун дам олади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X