🔴Байрам кунлари шифохоналар ишлайдими? ❗️Вазирлик маълумот берди Мустақиллик байрами муносабати билан дам олиш кунлари кўпаймоқда. Аммо касаллик ёки фавқулодда ҳолат дам олиш кунини танламайди. Хўш, 29 августдан 1 сентябргача шифохоналар ва тез ёрдам қандай ишлайди? Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, ушбу кунларда мамлакатдаги туман, шаҳар, вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналарда тиббий хизмат тўхтамайди. Шифокор ва ҳамширалар қонунда белгиланган тартибда навбатчилик асосида ишлайди. Шунингдек, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари ҳамда ҳудудлардаги 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида ҳам навбатчилик ташкил этилади. 29 августдан 1 сентябргача «103» тез тиббий ёрдам хизмати одатий тартибда ишлашда давом этади. Республика тез тиббий ёрдам марказининг 14 та ҳудудий филиали, 189 та станция, 40 та подстанция ва 1 492 та таянч пунктида 2 900 дан зиёд тез ёрдам бригадаси чақирувларга шай ҳолатда бўлади. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда қарийб 200 та аҳоли пунктидаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида шифокор ва ҳамширалар 24 соат навбатчилик қилади. Байрам кунларида мамлакатдаги барча туғуруқ муассасалари ва болалар даволаш муассасалари ҳам узлуксиз ишлайди. Демак, 29 августдан 1 сентябргача поликлиникаларнинг одатий иш тартиби ўзгариши мумкин бўлса-да, шифохоналар, шошилинч тиббий ёрдам, «103», туғуруқхоналар ва болалар даволаш муассасаларида тиббий хизмат давом этади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X