🔴Ўзбекистонлик профессор Қозоғистонда жосусликда гумонланмоқда Қозоғистонда ишлаб келган ўзбекистонлик профессор Иқболжон Қорабоев қарийб икки ойдан бери ҳибсда сақланмоқда. BBC News O‘zbek маълумотига кўра, 46 ёшли олим 3 июль куни Остонадаги уйидан олиб кетилган ва унга Қозоғистон Жиноят кодексининг 176-моддаси — жосуслик бўйича гумон билдирилган. Мазкур модда хориж фуқароси томонидан давлат сирларини чет давлат ёки ташкилот манфаати учун тўплаш, сақлаш ёки узатиш билан боғлиқ ҳаракатларни қамраб олади. У бўйича 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Бироқ Қорабоев айнан қандай маълумотни тўплагани, қайси давлат манфаатига ишлаганликда гумонланаётгани ва унга қарши қандай далиллар борлиги расман очиқланмаган. Қозоғистон ва Ўзбекистон расмий идоралари ҳам ҳозирча иш юзасидан батафсил баёнот бермаган. Қорабоев Остонадаги Maqsut Narikbayev University профессори, шунингдек, Бельгиядаги БМТ Университети институти — UNU-CRIS катта илмий ходими ҳисобланади. У Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган, кейин Францияда халқаро ҳуқуқ бўйича магистрлик ва докторлик даражаларини олган. BBC манбалари унинг ҳибси профессорнинг муҳим минераллар бўйича тадқиқотлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаяпти. Қорабоев сўнгги ишларида Қозоғистон ва Ўзбекистонда литий, вольфрам, нодир ер элементлари ва бошқа стратегик хомашё атрофидаги сиёсий ва иқтисодий жараёнларни ўрганган. Бу соҳа сўнгги йилларда АҚШ, Хитой ва Европа ўртасидаги геосиёсий рақобатнинг муҳим йўналишига айланди. Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам 2025–2026 йилларда нодир ва нодир ер металларини ўрганиш, қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича ҳамкорликни кучайтирган. Бироқ Қорабоевнинг ҳибси айнан минералларга оид тадқиқотлари билан боғлиқлиги ҳозирча фақат фараз. Буни тасдиқлайдиган расмий маълумот йўқ. Олимнинг яқинларига кўра, оила ёллаган адвокат ҳам Қорабоев билан эркин учраша олмаяпти. Бунга иш давлат сирлари билан боғлиқ экани сабаб қилиб кўрсатилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X