Uzdiplomat | Расмий канал

@uzdiplomat · news · Belarusian · active

Янгиликлар, танқидий-таҳлилий мақолалар, журналистик суриштирувлар UzDiplomat.uz — Адолат очиқликдан бошланади •facebook.com/uzdiplomat •instagram.com/uzdiplomat.uz •youtube.com/@uzdiplomat Реклама: +99893 571 72 35 Таҳририятга мурожаат— @uzdiplomat_uz

Subscribers 34.8K Subscribers, last 30 days: 34.8K → 34.8K +0 24h
Reach per post (ERR) 22.5%7.8K avg views
Posting 8.7/day last 4 hours ago
Reactions per 1K views 9.2 👍 ❤ 🤣
  1. 🔴Чирчиқда банк ходими 13 кишининг 1,3 млрд сўм омонатини ўзлаштирган Банкка пул қўйган фуқаролар маблағлари омонат ҳисобварағига тушган, деб ўйлаган. Аммо текширувда пуллар банк кассасига кирим қилинмагани, ҳужжатларга эса сохта маълумотлар киритилгани аниқланди. Чирчиқ шаҳрида тижорат банки ходими 13 нафар фуқаронинг жами 1,3 млрд сўм омонатини ўзлаштирганликда гумонланмоқда. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълумотига кўра, банкнинг БХМ бўлими бошлиғи О.Р. фуқаролар омонат учун топширган пулларни банк кассасига кирим қилмаган. Бунинг ўрнига омонат ҳисобварақларига маблағлар қабул қилингани ҳақида сохта маълумотлар киритган. Текширувда 1,3 млрд сўм шахсий эҳтиёжлар учун сарфлаб юборилгани аниқланган. Қайси тижорат банкида бу ҳолат содир бўлгани очиқланмаган. Бу банк омонатлари билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. 2026 йил май ойида Тошкентнинг Учтепа туманида банк ходимлари фуқаронинг 500 минг долларлик омонатини қалбаки ҳужжатлар орқали ўзлаштирганликда гумон қилинган эди. Сентябрда Сергели туманида банк масъуллари мижознинг 500 минг долларлик омонатидан 300 минг долларни сохта ҳужжатлар орқали ўзлаштирганликда гумон қилинган. Июль ойида эса Қашқадарёнинг Китоб туманида банк мутахассиси юқори фоизли омонат ваъда қилиб, икки фуқародан 19 минг доллар ва 300 млн сўм олгани, аммо пулларни банкка жойлаштирмагани аниқланган. Мазкур ҳолатларда ҳам банкларнинг номлари очиқланмаган. Чирчиқдаги ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 13 нафар омонатчининг маблағлари қайтарилгани ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X

  2. uzdiplomat иқтибоси:🖍 «Қадди басти нечундир яшин урган қайинларни эслатувчи шу (пахта тераётган) аёлларнинг баркашдай қорайган юзларига кўзим тушса, кўзларимдан беихтиёр ёш тирқирайди». 1990 йил Одил Ёқубов, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси (1926–2009) Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X

  3. 🔴Икки таълим вазирлиги бирлашди. Энди қандай ўзгаришлар кутиляпти? Боғча, мактаб, техникум ва университетлар энди битта — Таълим ва илм-фан вазирлиги тизимида бўлади. Шавкат Мирзиёев бугун янги вазирлик қандай ишлаши ва таълимда нималарни ўзгартириш бўйича таклифларни кўриб чиқди. Болалар, ўқитувчилар ва талабалар учун нима ўзгариши мумкин? — Мактаб дарсликлари янгиланади, ўқувчилар билимини баҳолаш тартиби такомиллаштирилади. Айрим мактабларда дарсларни инглиз тилида ўтиш синаб кўрилади. — Ўқитувчиларга дарс тайёрлаш ва ўқитиш усулларини танлашда сунъий интеллект ёрдамидан фойдаланиш таклиф этилмоқда. — Боғчаларда болаларнинг қизиқиши ва қобилиятини эртароқ аниқлашга эътибор берилади. Машғулот дастурлари янгиланиб, тарбиячилар малакаси оширилади. — Техникумларда ёшлар иш берувчиларга керак бўлган касбларни ўрганиши, ўқиш билан бирга корхоналарда амалиёт ўташи учун имкониятлар кенгайтирилади. — Университетларга кўпроқ мустақиллик бериш, талабаларнинг амалий тайёргарлигини кучайтириш таклиф қилинди. Ректорларнинг натижа учун масъулияти ҳам оширилади. — Илмий тадқиқотларнинг натижаларини амалда қўллаш, улар асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ва янги корхоналар очишга эътибор қаратилади. Мақсад — боланинг боғчада олган билими мактабда, мактабдаги тайёргарлиги эса кейинги ўқишида давом этиши. Бунинг учун таълим босқичлари бир-бирига боғланган ҳолда ишлаши кераклиги таъкидланди. Ҳозирча булар — муҳокама қилинган таклифлар. Уларни пухта ишлаб чиқиш топширилди. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X

  4. 🔴Талаба визаси билан бориб, ноқонуний қолган икки ўзбекистонлик Япониядан депортация қилинди ✔️Япония элчихонаси қочқин мақоми орқали мамлакатда қолишга уринаётганларга эслатма берди. Япония Иммиграция хизмати мамлакатда ноқонуний қолган икки нафар Ўзбекистон фуқаросини давлат маблағи ҳисобидан Ўзбекистонга депортация қилди. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 6 октябрь куни тарқатган хабарда маълум қилинди. Элчихонага кўра, ҳар икки Ўзбекистон фуқароси Японияга талаба визаси билан кирган. Бироқ виза муддати тугагач ҳам мамлакатда қолишда давом этган ва кейинчалик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган. Япония элчихонаси талаба визаси таълим олиш мақсадида берилишини ва бу виза эгасига ишлаш орқали пул топиш ҳуқуқини бермаслигини эслатди. Мамлакатда ноқонуний қолиш ёки рухсатсиз ишлаш ҳолати аниқланган шахсларга нисбатан полиция томонидан ушлаш, ҳибсга олиш, иммиграция марказига жойлаштириш ва мамлакатдан чиқариб юбориш каби чоралар қўлланиши мумкин. Элчихона маълумотига кўра, Япония томони қоидабузарлар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон ҳукуматига ҳам тақдим этади. Шу сабаб улар Ўзбекистонга қайтганидан кейин ҳам тегишли чоралар кўрилиши мумкин. Япония элчихонаси фуқароларни «Японияда ишлаш мумкин» деган ваъдаларга ишониб қолмасликка чақирган. Шунингдек, элчихона қочқин мақомини сўраш орқали Японияда узоқ вақт қолиш ёки ишлаш мумкин, деган қараш ҳам нотўғри эканини таъкидлаган. Қочқин мақоми бундай мақсадларда сўралиши мумкин эмас. Ариза рад этилган тақдирда, шахс иммиграция марказига жойлаштирилиши ёки депортация қилиниши мумкин. Элчихона қочқин мақомини олиш учун ёлғон маълумот тақдим этиш ёки сохта усуллардан фойдаланиш жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  5. #Real_Ozbekiston 🔴Қарор бор, маблағ кўзда тутилган, аммо асфальт йўқ... Қашқадарё вилояти Касби тумани аҳолиси Президент қарори асосида таъмирланиши керак бўлган йўлларда ишлар тўлиқ бажарилмаётганидан шикоят қилмоқда. Давлат дастурида йўллар учун маблағ кўзда тутилган бўлса, нега аҳоли ҳали ҳам асфальтни кутяпти? Uzdiplomat.uz'га қилинган мурожаатда айтилишича, бу масала бўйича 2025 йилдан бери Президент қарори ижросини сўраб турли идораларга бир неча бор хат юборилган. 2026 йилда ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Бандлик вазирлигига мурожаат қилинган. Гап Президентнинг 2023 йил 10 октябрдаги «Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳақида кетмоқда. Ҳужжат билан 2023–2026 йилларда республика бўйича автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш дастури тасдиқланган. Қарор иловаларида Касби тумани учун ҳам йўл ишларининг алоҳида параметрлари белгиланган. Жумладан, 2023–2026 йилларда туманда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш ҳамда аҳоли пунктлари кўчалари ва ички йўлларда ишлар олиб бориш кўзда тутилган. Бироқ мурожаатчига кўра, дастурда белгиланган айрим ишлар амалда тўлиқ бажарилмаган. Мурожаатчи Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026 йил 29 июндаги жавобига таяниб, улар кўтарган объектлар бўйича жами 4 млрд 124 млн сўм маблағ ажратилиши кераклигини айтмоқда. Унинг таъкидлашича, шундан фақат йўлларни асфальтлаш учун 1 млрд 950 млн сўм кўзда тутилган. Мурожаатчилар айни шу маблағнинг амалда ажратилиши ва Президент қарорида белгиланган дастур охиригача бажарилишини сўрамоқда. Мурожаатда айтилишича, Касби тумани марказига олиб чиқувчи асосий йўл — Алишер Навоий кўчаси ҳолати ОАВда танқид қилинганидан кейин маҳаллий бюджетдан 200 млн сўм ажратилган. Шундан сўнг йўлнинг бир қисми асфальтланган, қолган жойлари эса ямалган. Аммо бу қарор доирасида кўзда тутилган ишлар бу билан тўлиқ бажарилган ҳисобланмайди. Яна бир муаммоли йўл бўйича ҳам аҳоли бир неча марта ҳокимликка мурожаат қилган. Шундан кейин йўл текисланиб, оз миқдорда шағал тўкилган. «Йўлни кўриб чиқдик, деярли иш бўлмаган ҳисоб. Аҳоли “Ободонлаштириш” ташкилоти билан биргаликда сал шағал тўкиб, текислаб чиқишганини айтди. Аммо ваъда қилинган асфальтлаш бошланмади», — дейди мурожаатчи. ❗️«Реал Ўзбекистон» лойиҳасида иштирок этинг! Ўз ҳудудингизга оид янгиликлар, сурат ва лавҳаларни телеграмдан @uzdiplomat_uz га жўнатинг! Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X

  6. +6

    Ўзбекистон 2030 йилгача озиқ-овқат ишлаб чиқаришни икки баравар оширмоқчи Ўзбекистон 2030 йилгача озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни икки баравар, экспорт ва қўшилган қийматни эса уч баравар оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Тошкентда ўтаётган халқаро анжуманлар иштирокчиларига йўллаган мурожаатида маълум қилди. Президент мурожаатини унинг матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирган. Бу мақсад оддий ишлаб чиқариш кўрсаткичларидан кенгроқ масалани қамраб олади. Президент иқлим ўзгариши, сув танқислиги, қурғоқчилик ва логистикадаги узилишлар озиқ-овқат нархларининг ошишига олиб келаётганини таъкидлади. Мурожаатда келтирилишича, ҳозир дунёда 645 миллиондан ортиқ одам очликдан азият чекмоқда. Халқаро экспертлар баҳосига кўра, тегишли чоралар кўрилмаса, 2028 йилга келиб бу рақам 1 миллиардга етиши мумкин. Бу масала Ўзбекистон каби денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкони бўлмаган давлатлар учун айниқса долзарб. Товарларни ташқи бозорга олиб чиқиш ёки импорт қилишда транзит мамлакатлар ҳудудидан ўтиш зарур. Юқори транспорт харажатлари ва йўлдаги тўсиқлар эса охир-оқибат маҳсулот таннархи ва истеъмолчи тўлайдиган нархга ҳам таъсир қилади. Шу сабаб Ўзбекистон озиқ-овқат савдоси ва логистикасидаги чекловларни камайтириш, маҳсулот етказиб бериш қоидаларини соддалаштиришни таклиф қилмоқда. Яна бир ташаббус — Марказий Осиё, денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар ва транзит мамлакатларни боғлайдиган озиқ-овқат ҳамкорлиги дастурини ишлаб чиқиш. Халқаро молия институтлари ва хусусий инвесторлар озиқ-овқатни қайта ишлаш, совиткичларда сақлаш ва ташиш бўйича қўшма лойиҳаларга жалб қилиниши кўзда тутилмоқда. Маълумот учун,Тошкентда ўтаётган Халқаро пахта куни ҳамда денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган анжуманларда 30 дан ортиқ мамлакатдан олимлар, экспертлар, тадбиркорлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X

  7. edited

    🔴Тошкент кинотеатрларида 8 ой ичида хорижий фильмлар миллиардларни йиғди ✔️Миллий фильмлар орасида энг яхши натижани хусусий киноижодкорлар томонидан олинган «Амир Темур» кўрсатган Дистрибьютор Элдор Йўлдошев тақдим этган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда кинотеатрларга қизиқиш сезиларли ошган. 2026 йилда республика бўйича касса йиғимлари 37,2 фоизга кўпайган, томошабинлар сони эса 50,7 фоизга ўсган. Аммо бу ўсишдан асосан хорижий фильмлар фойда кўрмоқда. Йўлдошев келтирган рақамларга кўра, миллий фильмларнинг умумий кинопрокатдаги улуши бор-йўғи 6,5 фоизни ташкил этади. Хорижий контент эса бозорнинг 89,2 фоизини эгаллаган. Яъни кинотеатрга бораётган томошабин кўпайган, касса тушуми ҳам ошган, аммо бу аудиторияни миллий кино ҳали ўз томонига тўлиқ оғдира олгани йўқ. 2026 йил прокати бўйича тақдим этилган маълумотларда энг катта тушумлар хорижий фильмларга тўғри келади. «Ўргимчак-одам: Янги кун» 1 млн 359 минг доллар, «Ҳайвонлар шаҳри 2» 1 млн 196 минг доллар, «Аватар: Аланга ва кул» 982 минг доллар, «Одиссея» эса 821 минг доллар касса йиғими тўплаган. Миллий фильмлар орасида энг яхши натижани хусусий киноижодкорлар томонидан суратга олинган «Амир Темур» кўрсатган. Элдор Йўлдошев маълумотларига кўра, фильм кинотеатрларда 159 минг доллар йиғган ва 2026 йилги миллий картиналар орасида етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда «Лағмон» — 114 минг доллар ва «Фарз» — 48 минг доллар билан қайд этилган. Бироқ рақамларни солиштирганда фарқ анча катта. Миллий кинонинг энг юқори натижаси 159 минг доллар бўлса, хорижий блокбастерлар кассаси 1 млн доллардан ошиб кетган. Дистрибьютор тақдим этган маълумотларда кинобозор инфратузилмасининг асосан пойтахтда тўплангани ҳам кўринади. Мамлакат бўйича ялпи касса тушумини асосан 16 та кинотеатр шакллантиради. Унинг 83 фоизи Тошкентдаги 8 та кинотеатр ҳиссасига тўғри келади. Тошкент шаҳрининг ўзида кинотеатрлар сонини икки баробар ошириб, 20 тага етказишга эҳтиёж борлиги, ҳудудларда ҳам янги кинотеатрларга талаб мавжудлиги қайд этилган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  8. 🔴Тошкентда 300 талаба пулини тўлаган бўлсада кечаси ётоқхонадан чиқариб юборилди Тошкентда қарийб 300 нафар талаба 6 октябрь куни кечки пайт ётоқхонадан чиқарилди. Улар орасида қизлар ҳам бўлган. Талабаларнинг айтишича, кўпчилиги вилоятлардан келган ва ётоқхона учун пулни олдиндан тўлаган. Kun.uzнинг ёзишича, гап Тошкент давлат техника университети билан давлат-хусусий шериклик асосида қурилган талабалар турар жойи ҳақида кетмоқда. Талабаларга 5 октябрь куни бинони бир кун ичида бўшатиш кераклиги айтилган. Эртаси куни эса университет масъуллари, прокуратура ва ички ишлар органлари вакиллари иштирокида улар ётоқхонадан чиқарилган. Талабаларнинг таъкидлашича, ўша пайтда қаерга бориши бўйича аниқ ечим таклиф қилинмаган. «Пули борлар хостелга, Тошкентда таниши борлар танишиникига кетди. Орамизда қизлар ҳам бор. Улар тунда қаерга боради?» — дея вазиятни тасвирлаган талабалар. Жамоатчиликда савол туғилмоқда, агар бинода талабаларни яшатиш учун зарур рухсатлар бўлмаган бўлса, нега улар аввал жойлаштирилиб, пул олинган? Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳолатга изоҳ берди. Маълум қилинишича, ётоқхона ҳали расман фойдаланишга топширилмаган, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ва зарур рухсатлар олинмаган. Иссиқ сув ва иситиш тизимлари ҳам тўлиқ ишга туширилмаган. Вазирликка кўра, тадбиркор талабаларни белгиланган тартибда йўлланмасиз жойлаштирган. Бинода Техника университетидан ташқари бошқа ОТМлар талабалари ҳам яшаган. Расмий изоҳда Техника университети талабалари бўш турган бошқа ётоқхоналарга вақтинча жойлаштирилгани, бошқа ОТМ талабалари эса ўз таълим муассасаларига қайтарилгани айтилмоқда. Шунингдек, талабалардан олинган пуллар тадбиркор томонидан 100 фоиз қайтарилгани маълум қилинди. Вазирлик ва университет эса талабалар ҳужжатлари битмаган бинога жойлаштирилганидан олдиндан хабардор бўлмаганини билдирмоқда. Шу тариқа, ҳужжатлари тайёр бўлмаган ётоқхонага талабаларни ким ва қандай асосда жойлаштиргани, улардан нега пул олингани масаласи очиқ қолмоқда. Энг муҳими, бу камчиликлар талабалар жойлаштирилишидан олдин эмас, улар яшаб турган пайтда аниқланган. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X

  9. 🔴15,5 млрд сўмлик харидда яна “схема” ✔️“Навоий сув таъминоти”да маблағ сарфлашда қонунбузилиш аниқланди Рақобат қўмитаси «Навоий сув таъминоти» АЖ буюртмачилигида ўтказилган, бошланғич қиймати 15,5 млрд сўм бўлган тендерда қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади. Қўмита маълумотига кўра, текширув тадбиркорлик субъектининг мурожаати асосида ўтказилган. Ўрганиш давомида «Навоий сув таъминоти» АЖ тендерни ўтказиш жараёнида «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларига риоя қилмагани қайд этилган. Ҳолат юзасидан Рақобат қўмитасининг Махсус комиссияси компанияга нисбатан иш қўзғатган. Ишни кўриб чиқиш якунларига кўра, «Навоий сув таъминоти» АЖга молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шунингдек, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун компанияга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган. Қўмита хабарида тендерда айнан қандай қонунбузилишга йўл қўйилгани, тендер ғолиби ким бўлгани ва жарима миқдори очиқланмаган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  10. 🔴Ўзбекистон газни сотганидан қарийб 4 баравар кўпроқ сотиб олаяпти Ўзбекистонда газ қазиб олиш камайяпти. Натижада мамлакат ички эҳтиёжни қоплаш учун хориждан тобора кўпроқ газ сотиб олишга мажбур бўлмоқда. Шу билан бирга, газ экспорти ҳам тўлиқ тўхтатилмаган. 2026 йилнинг январь–август ойларида Ўзбекистон хориждан газ сотиб олиш учун 1,2 млрд доллардан зиёд маблағ сарфлаган. Газ экспортидан эса 322,3 млн доллар тушган. Статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган бу рақамлар мамлакат газни сотишдан топган пулига нисбатан уни импорт қилишга қарийб 4 баравар кўп маблағ сарфлаганини кўрсатади. Ўзбекистон бир томондан Россия ва Туркманистондан газ сотиб олади, иккинчи томондан эса Хитойга газ сотишда давом этмоқда. Рақамлар орадаги фарқ тобора катталашаётганини кўрсатади. Саккиз ойда газ экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34,8 фоиз камайган, импорт эса 15,2 фоиз ошган. Айниқса, ёз ойларида ҳам катта ҳажмда газ сотиб олингани эътиборли. Масалан, июнда газ импорти учун 247 млн доллар, августда эса 206,1 млн доллар сарфланган. Яъни гап фақат совуқ ойларда аҳолига газ етказиб бериш учун қилинаётган мавсумий импорт ҳақида эмас. Бунинг асосий сабабларидан бири — мамлакатнинг ўз гази камайиб бораётгани. Январь–августда Ўзбекистонда 24,2 млрд куб метр табиий газ қазиб олинган. Бу бир йил аввалгидан 16,3 фоиз кам. Шунга қарамай, Ўзбекистон газ экспорт қилишда давом этяпти. Асосий харидор — Хитой. Хитой божхонаси маълумотларига кўра, саккиз ойда Ўзбекистондан 306 млн долларлик газ харид қилинган. Бу ҳам ўтган йилга нисбатан анча кам — 2025 йилнинг шу даврида кўрсаткич 566 млн доллардан ошган эди. Шундай қилиб, бир вақтлар минтақадаги йирик газ экспортчиларидан бири бўлган Ўзбекистонда вазият ўзгармоқда. Ўзимизда газ қазиб олиш камаяпти, хориждан харид кўпайяпти, айни пайтда экспорт ҳам давом этяпти. Бу ҳолат айниқса қиш яқинлашаётган бир пайтда аҳоли учун муҳим. Чунки газ қазиб олишдаги пасайиш ва импортга қарамликнинг ортиши ички бозорда газ таъминоти қандай бўлиши масаласини яна кун тартибига чиқаради. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X

  11. #Real_Ozbekiston 🔴 Олти йилдан бери боғча учун ер сўраётган тадбиркорни ҳокимият эшитмади ✔️Боғча учун берилмасдан суғориладиган ер деб баҳона қилинган ҳудуд уй-жой учун расмийлаштирилгани айтилмоқда. Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Қийқим маҳалласида яшовчи Ҳамроқул Ҳотамов 2020 йилдан буён давлат-хусусий шериклик асосида болалар боғчаси ташкил этиш учун ҳокимлик захирасидаги ер майдонини олишга уринаётганини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, шу вақт ичида туман ва вилоят ҳокимлиги, Халқ қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси, Вазирлар Маҳкамаси, Сенат, сиёсий партия ва бошқа идораларга кўплаб мурожаатлар юборилган. Бироқ масала ҳал этилмаган. Мурожаатчининг асосий эътирози ер майдони тақдирига боғлиқ. У боғча қуриш учун сўралган ҳокимлик захирасидаги ер кейинчалик бошқа мақсадда, жумладан уй-жой учун расмийлаштирилганини даъво қилмоқда. Ҳотамовнинг айтишича, айрим идораларнинг аввалги жавобларида мазкур ерни ҳатто аукционга чиқариш мумкин эмаслиги билдирилган. Шунга қарамай, кейинчалик ушбу ерга хусусий уй-жой бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилгани юзасидан у эътироз билдирмоқда. Мурожаатчи Қийқим маҳалласида мактабгача таълим билан қамров даражаси ҳам расмий рақамлардан анча паст эканини таъкидлайди. Унинг фикрича, ҳудудда боғчага эҳтиёж юқори бўлган бир пайтда ижтимоий мақсад учун сўралган ернинг бошқа мақсадга берилиши алоҳида текширилиши керак. Ҳотамов, шунингдек, мазкур ҳолат бўйича прокуратура етарлича текширув ўтказмаганини, фуқаролик суди қарори эса ижро этилмай қолганини айтмоқда. У ер майдонининг қандай асосда бошқа шахсга расмийлаштирилгани, кадастр ҳужжатларининг қонунийлиги, маҳалладаги мактабгача таълим қамрови ҳақидаги расмий рақамлар ҳамда масъул мансабдорларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини сўрамоқда. ❗️«Реал Ўзбекистон» лойиҳасида иштирок этинг! Ўз ҳудудингизга оид янгиликлар, сурат ва лавҳаларни телеграмдан @uzdiplomat_uz га жўнатинг! Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X

  12. 🔴Рақобат кучайган бозорда UzAuto бўлиб тўлашга ўтмоқда ✔️Аввал харидорлар навбат кутарди, энди автомобиллар... Ўзбекистон автомобиль бозорида бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг улуши ошиб бораётган бир пайтда йиллаб бозор монополи бўлган UzAuto Motors Cobalt ва Damas’ни банклар иштирокисиз бўлиб тўлашга сотишни бошлади. 7 октябрдан жорий этилган шартларга кўра, Cobalt учун 50 фоиз бошланғич тўлов қилиниб, қолган маблағ 24 ой давомида ойига 3 млн 252 минг сўмдан тўланади. Damas учун бошланғич тўлов 30 фоиз, қолган қисмини тўлаш муддати эса 30 ой бўлиб, ойлик тўлов 2 млн 173 минг 640 сўмдан бошланади. Компания маълумотига кўра, бу ҳисоб-китоблар бошланғич комплектацияларга тегишли. Танланган комплектацияга қараб тўловлар ўзгаради, дастурга ажратилган автомобиллар сони эса чекланган. Эслатиб ўтамиз, 2023 йил августда Lacetti, Cobalt ва Damas учун савдо қайта очилганда автосалонларда катта навбатлар кузатилган. Компания 4–5 август кунлари 50 мингдан ортиқ шартнома тузилганини билдириб, бир суткадан сўнг ушбу моделларга шартнома беришни тўхтатган эди. 2024 йилда ҳам Cobalt шартномалари белгиланган сана ва соатда очилган. Масалан, 21 июнь соат 10:00 да 25 мингта автомобиль учун онлайн шартнома бериш бошланган. Харидор пулни етти календарь кун ичида тўлаши, акс ҳолда шартнома бекор қилиниши белгиланган. Маълумот учун, Ўзбекистон автомобиль бизнеси ассоциацияси маълумотига кўра, 2026 йил январь–июль ойларида UzAuto Motors’нинг бозор улуши ўтган йилнинг шу давридаги 81,5 фоиздан 74,6 фоизга тушган. Айни пайтда ADM’нинг улуши 11,3 фоиздан 12,8 фоизга, BYD’ники эса 5,6 фоиздан 10 фоизга ошган. Шу даврда мамлакатда 210,8 мингта автомобиль сотилган. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 3,6 фоиз кам. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X

  13. edited

    uzdiplomat иқтибоси: 🖍 «Биз ёшлар манфатига зид ишлар, ёки уларнинг ҳаётини ривожлантириши мумкин бўлган лойиҳаларни ўрганамиз. Бунда ёшларни ишга жойлаштириш, муаммоларини ҳал қилиш, ўқишига кўмаклашиш, умуман, барча муаммолари ўрганилади ва ҳал қилинади. Яъни, ёшлар сиёсати ўзи қандай бўлиши керак деган гапнинг исботини кўрсатиб беришимиз керак». Алишер Саъдуллаев, Ёшлар ишлари агентлиги директори Июль, 2020 йил Каналга уланиш:✏️ https://t.me/uzdiplomat

  14. 🔴 Янги нашр:“Эрта уйғонган одам” Самарқандда ёзувчи ва журналист Каримберди Тўрамуроднинг “Эрта уйғонган одам” биографик китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Бир тақдир. Муҳожирликда ўтган ўнлаб йиллар. Ўз юртида исталмаган шахсга айланиш истироби. Соғинч, адолатсизлик ҳисси ва курашнинг қалам орқали қоғозга кўчиши. “Эрта уйғонган одам” ана шу кечинмалар ҳақида. Аммо китобни фақат Муҳаммад Солиҳнинг таржимаи ҳоли деб ўқиш камлик қилади. Унда бир инсон тақдири билан бирга бутун бир давр — 1980-йилларнинг иккинчи ярмидаги қайта қуриш, миллий уйғониш, жамиятда эркин фикрга эҳтиёжнинг кучайиши ва 1990-йиллар бошидаги сиёсий жараёнлар ҳам жонланади. Китобнинг биринчи қисми Муҳаммад Солиҳнинг Ватандаги 1949–1993 йиллардаги ҳаётига бағишланган. Муаллиф уни аввало шоир сифатида кўрсатади. Кейин эса адабиёт майдонидан сиёсатга ўтиб бораётган, жамиятдаги ўзгаришларни эртароқ ҳис қилган шахс сифатида тасвирлайди. Китоб номи ҳам бежиз танланмаган. Муаллиф уни Муҳаммад Солиҳнинг “Ҳали пайдо бўлмади жануб…” деб бошланувчи шеъридаги руҳдан олганини ёзади. У бу ном орқали ҳали тонг отмай туриб уйғонган, атрофидагилар ҳали англаб улгурмаган ўзгаришларни олдиндан сезган одам образини яратади. Асарнинг энг қизиқ жиҳати ҳам шу ерда: китоб қаҳрамонини фақат сиёсатчи сифатида эмас, адабиёт орқали сиёсатга етиб келган инсон сифатида кўрсатади. 1980-йиллар охиридаги муҳитни тасвирлаган саҳифаларда бир вақтлар Муҳаммад Солиҳга тош эмас, гул берилгани ҳақидаги эпизод бор. 1988 йилдаги суратлар, Ёзувчилар уюшмасидаги муҳит, Ленин сурати ўрнига Чўлпон портретининг осилиши — булар китобда оддий детал бўлиб қолмайди. Улар жамиятдаги кайфиятнинг ўзгараётганидан дарак берувчи белгиларга айланади. Кейин адабиётнинг ўрнини сиёсат эгаллай бошлайди. “Бирлик” ҳаракати, “Эрк” партиясининг тузилиши, парламентдаги жараёнлар, Мустақиллик декларацияси атрофидаги баҳслар — буларнинг барчаси Муҳаммад Солиҳ ҳаёти билан боғлиқ ҳолда ҳикоя қилинади. Китобда 1990 йилда Олий Кенгашда кечган жараёнлар ҳам алоҳида ўрин тутади. Шу нуқтадан бошлаб “Эрта уйғонган одам” бир инсон ҳақидаги биографиядан чиқиб, хотира ва сиёсий тарих ўртасидаги асарга айланади. Чунки 1990-йиллар Ўзбекистон тарихида ҳалигача кўп савол қолдирган давр. Кимлар сиёсатга кирди? Кимлар четга сурилди? Қайси фикрлар қабул қилинди, қайсилари хавф сифатида кўрилди? Нега кечагина жамоатчилик олдида турган инсон кейинчалик ўз юртига қайта олмайдиган сиёсий муҳожирга айланди? Муҳаммад Солиҳ 1993 йилда Ўзбекистонни тарк этган. Шундан бери у мамлакатга қайтмаган. Китобнинг иккинчи қисми айнан шу нуқтадан бошланади — Ватандан ташқаридаги ҳаёт, хавф, таъқиб, сиёсий фаолият ва қайтиш истаги билан яшаган йиллар ҳақида. Муаллифнинг ўзи иккинчи китобни “хавф-хатарга тўла муҳожирликдаги ҳаёт” деб таърифлайди. Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий қарашларига қўшилиш ёки қўшилмаслик мумкин. Унинг фаолияти ва қарорларига нисбатан турли баҳолар ҳам бўлиши табиий. Аммо бир инсоннинг ўттиз йилдан ортиқ вақт ўз мамлакатидан ташқарида яшашга мажбур бўлгани — алоҳида тарих. “Эрта уйғонган одам” ўқувчини айнан шу тарих билан юзлаштиради. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  15. 🔴Газ етиб бормаган ҳудудларда электр учун базавий меъёр 350 кВт·соатга оширилиши мумкин Иситиш мавсумида газлашмаган ёки табиий газ етиб бормаган ҳудудларда яшовчи аҳоли учун электр энергияси истеъмолининг базавий меъёрини амалдаги 200 киловатт-соатдан 350 киловатт-соатга ошириш таклифи маъқулланди. Бу масала аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларига бағишланган муҳокамада кўриб чиқилди. Шунингдек, декабрь ойида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратиш масаласини кўриб чиқиш таклиф қилинди. Ижтимоий реестрга кирмаган, аммо ёрдамга муҳтож оилаларнинг электр энергияси, газ, кўмир ва коммунал хизматлар харажатларини қоплаш имкониятини кенгайтириш ҳам режалаштирилмоқда. Бунинг учун оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган даромад мезонини 1 миллион 430 минг сўмгача ошириш таклиф этилди. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ўзгариш орқали ижтимоий қўллаб-қувватлаш қамрови қўшимча 166 минг оилага кенгайиши мумкин. Бундан ташқари, электр энергияси ва газ бўйича базавий меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган қисм харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаб бериш муддатини 2028 йил 1 апрелгача узайтириш таклиф қилинди. Бу механизм орқали бир йилда 470 минг оилани қамраб олиш режалаштирилмоқда. Шароити оғир маҳаллалардаги яна 3 мингта хонадонни иссиқлик жиҳатидан ҳимоялаш, шунингдек, уларни энергия тежовчи ускуналар билан таъминлаш ишлари ҳам давом эттирилади. Давлат раҳбари Ҳукуматга ижтимоий ёрдам учун зарур маблағларни ўз вақтида йўналтириш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлашда манзиллиликни таъминлаш ҳамда ажратилаётган ёрдам ҳар бир оилага етиб бориши устидан назоратни кучайтириш вазифасини топширди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  16. 🔴«Лукойл» Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришни режалаштирмоқда Президент Шавкат Мирзиёев бугун Россиянинг «Лукойл» компанияси асосчиси Вагит Алекперовни қабул қилди. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда компаниянинг Ўзбекистон энергетика тармоғидаги лойиҳалари, янги конларни қидириш ва ўзлаштириш ҳамда нефть маҳсулотларини чакана сотиш тармоғини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган. Алекперов амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берган. Компаниянинг мамлакатдаги фаолиятини кенгайтириш режалари ҳам муҳокама қилинган. Расмий хабарда янги лойиҳаларнинг қиймати, аниқ манзиллари ва ишга тушириш муддатлари очиқланмаган. Маълумот учун, «Лукойл» Ўзбекистонда 2004 йилдан буён фаолият юритади. Унинг асосий лойиҳалари — Бухоро вилоятидаги «Қандим–Ҳаузак–Шоди» ва Қашқадарёдаги «Жануби-Ғарбий Ҳисор». Улар маҳсулот тақсимотига оид битимлар асосида амалга оширилади, ҳамкор эса «Ўзбекнефтгаз» ҳисобланади. Энг йирик объектлардан бири — 2018 йил апрелда ишга туширилган Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси. Унинг лойиҳавий қуввати йилига 8,1 млрд куб метр газни қайта ишлашга мўлжалланган. Мажмуада газ тозаланиб, товар гази, газ конденсати ва олтингугурт олинади. «Қандим–Ҳаузак–Шоди» лойиҳаси консорциумида «Лукойл»нинг улуши 90 фоиз, «Ўзбекнефтгаз»ники 10 фоиз. Компания маълумотига кўра, мазкур битим 2046 йилгача амал қилади. Нефть маҳсулотлари чакана савдосини кенгайтириш аввал ҳам муҳокама қилинган. Мирзиёев ва Алекперовнинг 2025 йил 30 январдаги учрашувида ҳам янги конлар, инфратузилмани модернизация қилиш ва чакана савдо тармоғини ривожлантириш масалалари кўрилган эди. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X

  17. edited

    🔴«Биз кўп гўшт еяпмиз». Қозоғистон қўй ва эчки гўштининг асосий харидори Ўзбекистон ✔️Гўшт импортига қарийб 100 млн доллар кўпроқ сарфладик. Ўзимизда етиштириш-чи? Қозоғистон хорижга сотаётган қўй ва эчки гўштининг қарийб 98 фоизи Ўзбекистонга келяпти. Тўққиз ойда барча давлатлардан гўшт маҳсулотлари харидига 780,4 млн доллар сарфланган. Чорвачиликка имтиёзлар бериляпти, аммо маҳаллий ишлаб чиқариш биринчи ярим йилликда атиги 0,9 фоизга ўсган. Озуқа етишмаслиги, қарздорлик ва тўхтаб қолган корхоналар соҳани ортга тортмоқда. Кўпроқ импорт гўштни арзонлаштирадими? Берилаётган ёрдам нега ҳали ички талабни қоплашга етмаяпти? 👉 Батафсил — Uzdiplomat.uz сайтида. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X

  18. 🔴Ўзбекистоннинг савдо дефицити қарийб икки баравар ошди ✔️Ўзбекистон четга сотаётганидан 1,5 баравар кўп товар сотиб олмоқда Ўзбекистоннинг ташқи савдосидаги фарқ кескин ошди. Яъни мамлакат хорижга сотган маҳсулотларидан кўра, четдан анча кўп товар сотиб олмоқда. Йилнинг дастлабки тўққиз ойида савдо дефицити 11,7 млрд долларга етган. Оддий қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг импорт учун сарфлаган пули экспортдан олган даромадидан 11,7 млрд долларга кўп бўлган. Бу кўрсаткич бир йил аввалги даврга нисбатан қарийб икки баравар ошган. Бунга асосий сабаблардан бири — импортнинг тез ўсиши. Ўзбекистон четдан кўпроқ машина, транспорт воситалари, ускуналар ва бошқа товарлар сотиб олмоқда. Шу билан бирга, экспортнинг пасайиши асосан олтин савдоси камайгани билан боғлиқ. Агар олтинни ҳисобга олмасак, Ўзбекистоннинг бошқа маҳсулотлар экспорти ўсган. Яна бир муҳим жиҳат — Хитой Ўзбекистон учун энг катта савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда. Мамлакатга келаётган товарларнинг қарийб учдан бир қисми Хитой ҳиссасига тўғри келади. Энергетикада ҳам қизиқ ҳолат бор: Ўзбекистон газ экспорт қилади, аммо шу билан бир вақтда газни четдан ҳам катта ҳажмда сотиб олади. Ижобий томони шундаки, хизматлар экспорти, жумладан туризмдан тушадиган даромад ва тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ўсмоқда. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  19. edited

    🔴 Икки раислик ва депутатлик: Одилжон Тожиевга яна бир вазифа берилди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси бошқаруви раиси Одилжон Тожиев Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси этиб сайланди. Шу тариқа, Тожиевнинг амалдаги депутатлик ва медиа соҳасидаги раҳбарлик фаолиятига яна бир жамоатчилик ваколати қўшилди. Тожиев айни пайтда Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси ҳисобланади. Бу маълумот парламентнинг расмий сайтида ҳам қайд этилган. Жамоатчилик кенгаши йиғилишида агентликнинг 2026 йилнинг 9 ойидаги фаолияти, давлат активларини хусусийлаштиришнинг янги механизмлари ҳамда «Е-аукцион» платформасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган. Маълумотларга кўра, йилнинг дастлабки 9 ойида 26 трлн сўмлик хусусийлаштириш амалга оширилган, умумий қиймати 53,2 трлн сўмлик активлар ва ер участкалари савдога чиқарилган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  20. 🔴Бирлашган Араб Амирликларидан Ўзбекистонга Интерпол қидирувидаги олти киши экстрадиция қилинди ✔️Бир йил ичида БААдан қидирувда бўлган жами 16 нафар шахс қайтарилган Бирлашган Араб Амирликларидан турли жиноятларни содир этганликда гумон қилиниб, Интерпол орқали халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистоннинг олти нафар фуқароси экстрадиция қилинди. ИИВ маълумотига кўра, уларни қайтариш Ўзбекистон ва БАА Интерпол Миллий марказий бюролари ҳамда икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамкорлигида амалга оширилган. Қайд этилишича, жорий йил бошидан буён ИИВ Интерпол Миллий марказий бюроси ташаббуси билан БААдан Ўзбекистонга қидирувда бўлган жами 16 нафар шахс экстрадиция қилинган. Ўзбекистон Интерпол бюроси хорижда яшириниб юрган қидирувдаги шахсларни аниқлаш ва уларни мамлакатга қайтариш бўйича ишлар давом эттирилаётганини билдирган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  21. Older posts