🔴«Лукойл» Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришни режалаштирмоқда Президент Шавкат Мирзиёев бугун Россиянинг «Лукойл» компанияси асосчиси Вагит Алекперовни қабул қилди. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда компаниянинг Ўзбекистон энергетика тармоғидаги лойиҳалари, янги конларни қидириш ва ўзлаштириш ҳамда нефть маҳсулотларини чакана сотиш тармоғини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган. Алекперов амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берган. Компаниянинг мамлакатдаги фаолиятини кенгайтириш режалари ҳам муҳокама қилинган. Расмий хабарда янги лойиҳаларнинг қиймати, аниқ манзиллари ва ишга тушириш муддатлари очиқланмаган. Маълумот учун, «Лукойл» Ўзбекистонда 2004 йилдан буён фаолият юритади. Унинг асосий лойиҳалари — Бухоро вилоятидаги «Қандим–Ҳаузак–Шоди» ва Қашқадарёдаги «Жануби-Ғарбий Ҳисор». Улар маҳсулот тақсимотига оид битимлар асосида амалга оширилади, ҳамкор эса «Ўзбекнефтгаз» ҳисобланади. Энг йирик объектлардан бири — 2018 йил апрелда ишга туширилган Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси. Унинг лойиҳавий қуввати йилига 8,1 млрд куб метр газни қайта ишлашга мўлжалланган. Мажмуада газ тозаланиб, товар гази, газ конденсати ва олтингугурт олинади. «Қандим–Ҳаузак–Шоди» лойиҳаси консорциумида «Лукойл»нинг улуши 90 фоиз, «Ўзбекнефтгаз»ники 10 фоиз. Компания маълумотига кўра, мазкур битим 2046 йилгача амал қилади. Нефть маҳсулотлари чакана савдосини кенгайтириш аввал ҳам муҳокама қилинган. Мирзиёев ва Алекперовнинг 2025 йил 30 январдаги учрашувида ҳам янги конлар, инфратузилмани модернизация қилиш ва чакана савдо тармоғини ривожлантириш масалалари кўрилган эди. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X