🔴 Янги нашр:“Эрта уйғонган одам” Самарқандда ёзувчи ва журналист Каримберди Тўрамуроднинг “Эрта уйғонган одам” биографик китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Бир тақдир. Муҳожирликда ўтган ўнлаб йиллар. Ўз юртида исталмаган шахсга айланиш истироби. Соғинч, адолатсизлик ҳисси ва курашнинг қалам орқали қоғозга кўчиши. “Эрта уйғонган одам” ана шу кечинмалар ҳақида. Аммо китобни фақат Муҳаммад Солиҳнинг таржимаи ҳоли деб ўқиш камлик қилади. Унда бир инсон тақдири билан бирга бутун бир давр — 1980-йилларнинг иккинчи ярмидаги қайта қуриш, миллий уйғониш, жамиятда эркин фикрга эҳтиёжнинг кучайиши ва 1990-йиллар бошидаги сиёсий жараёнлар ҳам жонланади. Китобнинг биринчи қисми Муҳаммад Солиҳнинг Ватандаги 1949–1993 йиллардаги ҳаётига бағишланган. Муаллиф уни аввало шоир сифатида кўрсатади. Кейин эса адабиёт майдонидан сиёсатга ўтиб бораётган, жамиятдаги ўзгаришларни эртароқ ҳис қилган шахс сифатида тасвирлайди. Китоб номи ҳам бежиз танланмаган. Муаллиф уни Муҳаммад Солиҳнинг “Ҳали пайдо бўлмади жануб…” деб бошланувчи шеъридаги руҳдан олганини ёзади. У бу ном орқали ҳали тонг отмай туриб уйғонган, атрофидагилар ҳали англаб улгурмаган ўзгаришларни олдиндан сезган одам образини яратади. Асарнинг энг қизиқ жиҳати ҳам шу ерда: китоб қаҳрамонини фақат сиёсатчи сифатида эмас, адабиёт орқали сиёсатга етиб келган инсон сифатида кўрсатади. 1980-йиллар охиридаги муҳитни тасвирлаган саҳифаларда бир вақтлар Муҳаммад Солиҳга тош эмас, гул берилгани ҳақидаги эпизод бор. 1988 йилдаги суратлар, Ёзувчилар уюшмасидаги муҳит, Ленин сурати ўрнига Чўлпон портретининг осилиши — булар китобда оддий детал бўлиб қолмайди. Улар жамиятдаги кайфиятнинг ўзгараётганидан дарак берувчи белгиларга айланади. Кейин адабиётнинг ўрнини сиёсат эгаллай бошлайди. “Бирлик” ҳаракати, “Эрк” партиясининг тузилиши, парламентдаги жараёнлар, Мустақиллик декларацияси атрофидаги баҳслар — буларнинг барчаси Муҳаммад Солиҳ ҳаёти билан боғлиқ ҳолда ҳикоя қилинади. Китобда 1990 йилда Олий Кенгашда кечган жараёнлар ҳам алоҳида ўрин тутади. Шу нуқтадан бошлаб “Эрта уйғонган одам” бир инсон ҳақидаги биографиядан чиқиб, хотира ва сиёсий тарих ўртасидаги асарга айланади. Чунки 1990-йиллар Ўзбекистон тарихида ҳалигача кўп савол қолдирган давр. Кимлар сиёсатга кирди? Кимлар четга сурилди? Қайси фикрлар қабул қилинди, қайсилари хавф сифатида кўрилди? Нега кечагина жамоатчилик олдида турган инсон кейинчалик ўз юртига қайта олмайдиган сиёсий муҳожирга айланди? Муҳаммад Солиҳ 1993 йилда Ўзбекистонни тарк этган. Шундан бери у мамлакатга қайтмаган. Китобнинг иккинчи қисми айнан шу нуқтадан бошланади — Ватандан ташқаридаги ҳаёт, хавф, таъқиб, сиёсий фаолият ва қайтиш истаги билан яшаган йиллар ҳақида. Муаллифнинг ўзи иккинчи китобни “хавф-хатарга тўла муҳожирликдаги ҳаёт” деб таърифлайди. Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий қарашларига қўшилиш ёки қўшилмаслик мумкин. Унинг фаолияти ва қарорларига нисбатан турли баҳолар ҳам бўлиши табиий. Аммо бир инсоннинг ўттиз йилдан ортиқ вақт ўз мамлакатидан ташқарида яшашга мажбур бўлгани — алоҳида тарих. “Эрта уйғонган одам” ўқувчини айнан шу тарих билан юзлаштиради. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X