🔴Талаба визаси билан бориб, ноқонуний қолган икки ўзбекистонлик Япониядан депортация қилинди ✔️Япония элчихонаси қочқин мақоми орқали мамлакатда қолишга уринаётганларга эслатма берди. Япония Иммиграция хизмати мамлакатда ноқонуний қолган икки нафар Ўзбекистон фуқаросини давлат маблағи ҳисобидан Ўзбекистонга депортация қилди. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 6 октябрь куни тарқатган хабарда маълум қилинди. Элчихонага кўра, ҳар икки Ўзбекистон фуқароси Японияга талаба визаси билан кирган. Бироқ виза муддати тугагач ҳам мамлакатда қолишда давом этган ва кейинчалик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган. Япония элчихонаси талаба визаси таълим олиш мақсадида берилишини ва бу виза эгасига ишлаш орқали пул топиш ҳуқуқини бермаслигини эслатди. Мамлакатда ноқонуний қолиш ёки рухсатсиз ишлаш ҳолати аниқланган шахсларга нисбатан полиция томонидан ушлаш, ҳибсга олиш, иммиграция марказига жойлаштириш ва мамлакатдан чиқариб юбориш каби чоралар қўлланиши мумкин. Элчихона маълумотига кўра, Япония томони қоидабузарлар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон ҳукуматига ҳам тақдим этади. Шу сабаб улар Ўзбекистонга қайтганидан кейин ҳам тегишли чоралар кўрилиши мумкин. Япония элчихонаси фуқароларни «Японияда ишлаш мумкин» деган ваъдаларга ишониб қолмасликка чақирган. Шунингдек, элчихона қочқин мақомини сўраш орқали Японияда узоқ вақт қолиш ёки ишлаш мумкин, деган қараш ҳам нотўғри эканини таъкидлаган. Қочқин мақоми бундай мақсадларда сўралиши мумкин эмас. Ариза рад этилган тақдирда, шахс иммиграция марказига жойлаштирилиши ёки депортация қилиниши мумкин. Элчихона қочқин мақомини олиш учун ёлғон маълумот тақдим этиш ёки сохта усуллардан фойдаланиш жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X