🔴Ўзбекистон газни сотганидан қарийб 4 баравар кўпроқ сотиб олаяпти Ўзбекистонда газ қазиб олиш камайяпти. Натижада мамлакат ички эҳтиёжни қоплаш учун хориждан тобора кўпроқ газ сотиб олишга мажбур бўлмоқда. Шу билан бирга, газ экспорти ҳам тўлиқ тўхтатилмаган. 2026 йилнинг январь–август ойларида Ўзбекистон хориждан газ сотиб олиш учун 1,2 млрд доллардан зиёд маблағ сарфлаган. Газ экспортидан эса 322,3 млн доллар тушган. Статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган бу рақамлар мамлакат газни сотишдан топган пулига нисбатан уни импорт қилишга қарийб 4 баравар кўп маблағ сарфлаганини кўрсатади. Ўзбекистон бир томондан Россия ва Туркманистондан газ сотиб олади, иккинчи томондан эса Хитойга газ сотишда давом этмоқда. Рақамлар орадаги фарқ тобора катталашаётганини кўрсатади. Саккиз ойда газ экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34,8 фоиз камайган, импорт эса 15,2 фоиз ошган. Айниқса, ёз ойларида ҳам катта ҳажмда газ сотиб олингани эътиборли. Масалан, июнда газ импорти учун 247 млн доллар, августда эса 206,1 млн доллар сарфланган. Яъни гап фақат совуқ ойларда аҳолига газ етказиб бериш учун қилинаётган мавсумий импорт ҳақида эмас. Бунинг асосий сабабларидан бири — мамлакатнинг ўз гази камайиб бораётгани. Январь–августда Ўзбекистонда 24,2 млрд куб метр табиий газ қазиб олинган. Бу бир йил аввалгидан 16,3 фоиз кам. Шунга қарамай, Ўзбекистон газ экспорт қилишда давом этяпти. Асосий харидор — Хитой. Хитой божхонаси маълумотларига кўра, саккиз ойда Ўзбекистондан 306 млн долларлик газ харид қилинган. Бу ҳам ўтган йилга нисбатан анча кам — 2025 йилнинг шу даврида кўрсаткич 566 млн доллардан ошган эди. Шундай қилиб, бир вақтлар минтақадаги йирик газ экспортчиларидан бири бўлган Ўзбекистонда вазият ўзгармоқда. Ўзимизда газ қазиб олиш камаяпти, хориждан харид кўпайяпти, айни пайтда экспорт ҳам давом этяпти. Бу ҳолат айниқса қиш яқинлашаётган бир пайтда аҳоли учун муҳим. Чунки газ қазиб олишдаги пасайиш ва импортга қарамликнинг ортиши ички бозорда газ таъминоти қандай бўлиши масаласини яна кун тартибига чиқаради. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X