🔴Чирчиқда банк ходими 13 кишининг 1,3 млрд сўм омонатини ўзлаштирган Банкка пул қўйган фуқаролар маблағлари омонат ҳисобварағига тушган, деб ўйлаган. Аммо текширувда пуллар банк кассасига кирим қилинмагани, ҳужжатларга эса сохта маълумотлар киритилгани аниқланди. Чирчиқ шаҳрида тижорат банки ходими 13 нафар фуқаронинг жами 1,3 млрд сўм омонатини ўзлаштирганликда гумонланмоқда. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълумотига кўра, банкнинг БХМ бўлими бошлиғи О.Р. фуқаролар омонат учун топширган пулларни банк кассасига кирим қилмаган. Бунинг ўрнига омонат ҳисобварақларига маблағлар қабул қилингани ҳақида сохта маълумотлар киритган. Текширувда 1,3 млрд сўм шахсий эҳтиёжлар учун сарфлаб юборилгани аниқланган. Қайси тижорат банкида бу ҳолат содир бўлгани очиқланмаган. Бу банк омонатлари билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. 2026 йил май ойида Тошкентнинг Учтепа туманида банк ходимлари фуқаронинг 500 минг долларлик омонатини қалбаки ҳужжатлар орқали ўзлаштирганликда гумон қилинган эди. Сентябрда Сергели туманида банк масъуллари мижознинг 500 минг долларлик омонатидан 300 минг долларни сохта ҳужжатлар орқали ўзлаштирганликда гумон қилинган. Июль ойида эса Қашқадарёнинг Китоб туманида банк мутахассиси юқори фоизли омонат ваъда қилиб, икки фуқародан 19 минг доллар ва 300 млн сўм олгани, аммо пулларни банкка жойлаштирмагани аниқланган. Мазкур ҳолатларда ҳам банкларнинг номлари очиқланмаган. Чирчиқдаги ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 13 нафар омонатчининг маблағлари қайтарилгани ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X