🔴Тошкентда ҳаво яна ифлосланди ✔️Корхоналарга чиқиндиларни икки баравар камайтириш айтилди Тошкентда нафас олаётган ҳавомиз саломатлик учун зарарли даражада қолмоқда. 29 октябрь соат 09:00 даги IQAir маълумотига кўра, пойтахтда ҳаво сифати индекси 188 ни ташкил этган. Бу — «носоғлом» даража саналади. IQAir рейтингида Тошкент ҳавоси ифлосланган йирик шаҳарлар орасида тўртинчи ўринда кўрсатилган. Ундан олдин Лоҳур, Деҳли ва Қоҳира жойлашган. Пойтахт ҳавосидаги майда PM2.5 заррачалари миқдори эса бир куб метрда 108 микрограммга етган. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳам 28 октябрь кечқурун Тошкент ҳавосини «носоғлом» деб баҳолаган. Қўмитага кўра, шамолнинг сустлиги, ёғингарчилик йўқлиги ва тунги ҳарорат инверсияси туфайли шаҳардан чиқадиган чанг ва зарарли моддалар ҳавода тўпланиб қолмоқда. Содда айтганда, об-ҳаво шароити ифлос ҳавонинг тарқалиб кетишига тўсқинлик қиляпти. Вазиятни яхшилаш мақсадида Тошкент ва унга яқин ҳудудлардаги 7 та иссиқлик электр станцияси ҳамда 131 та йирик корхонага ҳавога чиқариладиган чиқиндиларни икки баравар камайтириш зарурлиги ҳақида огоҳлантириш берилган. Яна 30 та йирик қурилиш ташкилотидан чанг кўтарилишини камайтириш чораларини кўриш талаб қилинган. Ҳокимликларга асосий кўчалар ва йўл четларидаги қум-чангни тозалаш, фаввораларни ишлатиш топширилган. Корхоналардан чиқаётган зарарли моддалар миқдорини махсус кўчма лаборатория текширмоқда. Қўмита бундай пайтда, айниқса, болалар, кексалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, юрак ёки нафас йўллари касаллиги бор кишиларга кўчада узоқ қолмасликни, очиқ ҳавода жисмоний зўриқишни чеклашни тавсия қилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X