Роғун ГЭСи қурилишида сув сиғими ёрилиб, ишчилар сув оқими остида қолгани айтилмоқда Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСининг туннелларидан бирида техник сув тўпланадиган сиғим ёрилиб, сув ишчилар устига оқиб тушган. Расмийлар ҳеч ким жароҳат олмаганини билдирмоқда, ОАВ эса беш нафардан ортиқ ишчи жабрлангани ҳақида хабар берган. «Азия-Плюс» нашрининг хабарига кўра, ҳодиса 21 октябрь куни соат 16:15 атрофида, туннелда цементлаш ишлари олиб борилаётган пайтда содир бўлган. Тожикистоннинг саноат ва тоғ-кон ишлари хавфсизлигини назорат қилувчи давлат хизмати маълумотича, юқоридаги сув сиғими ёрилиб, пастдаги сиғимни ҳам шикастлаган. Натижада ҳар иккисидаги сув ишчилар турган жойга оқиб тушган. Ўша пайтда у ерда Sino Hydro субпудратчи компанияси ходимлари ишлаётган бўлган. Идора ишчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгани ва улар ишга қайтганини билдирган. Ҳодиса сабабларини ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X