🔴Телефон импорти 25 фоизга ошди, унга сарфланган валюта эса 2,5 баравар кўпайди ✔️Телефонлар асосан Хитой ва Вьетнамдан олиб келинмоқда 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга 2 млн 354,9 минг дона мобил телефон олиб кирилди. Уларнинг умумий импорт қиймати 477 млн долларни ташкил этди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, телефонлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 477,5 минг донага ёки 25,4 фоизга кўпайган. Бироқ қиёслаганда энг катта ўсиш телефонлар сонида эмас, улар учун сарфланган маблағда кўринади. 2025 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистон қарийб 1,9 млн дона телефонни 194,4 млн долларга импорт қилган эди. Демак, бир йилда импорт ҳажми дона ҳисобида чоракка ошган бўлса, унинг доллардаги қиймати 145 фоизга — қарийб 2,5 бараварга ошган. Шундан келиб чиқиб, 2025 йилнинг биринчи ярмида бир импорт қилинган телефонга ўртача 104 доллар, 2026 йилда эса 203 доллар статистик қиймат тўғри келмоқда. Яъни бир дона қурилманинг ўртача импорт қиймати деярли икки баравар ошган. Бу импорт таркибида қимматроқ моделлар улуши ошган бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Импортнинг асосий қисми ҳамон икки давлат ҳиссасига тўғри келмоқда. 2026 йил январь–июнда Хитойдан 1 млн 812,9 минг, Вьетнамдан 462 минг телефон келтирилган. Бу икки мамлакат жами импортнинг 96,6 фоизини таъминлаган. Хитойнинг ўзига қарийб 77 фоиз тўғри келади. 2025 йилнинг шу даврида Хитойдан 1,42 млн, Вьетнамдан 375,1 минг телефон олиб кирилган, БАА эса 64,2 минг қурилма билан асосий етказиб берувчилар қаторида бўлган. 2026 йилда эса Хитой ва Вьетнамдан кейин Ҳиндистон — 39,6 минг, Жанубий Корея — 28,8 минг телефон билан кейинги ўринларни эгаллаган. Оддий ҳисобда, йилнинг биринчи олти ойида Ўзбекистонга ҳар куни ўртача 13 мингта мобил телефон олиб кирилган. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X