🔴Россия мигрантларни иш берувчига «боғлайдиган» янги тизим жорий этмоқчи ✔️Бу ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ҳам дахл этади Россия 2027 йилдан меҳнат мигрантларини ишга жалб қилиш тартибини жиддий ўзгартиришни режалаштирмоқда. Россия Ички ишлар вазирлиги тайёрлаган қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон каби визасиз режим амал қиладиган давлатлар фуқаролари учун мақсадли ташкилий ёллаш тизими жорий этилиши мумкин. Эксперимент 2027 йил 1 январдан 2030 йил охиригача давом этиши ва Москва ҳамда Москва вилоятидан ташқари Россия ҳудудларида амал қилиши кўзда тутилган. Ҳозирча бу тартиб кучга кирмаган — гап қонун лойиҳаси ҳақида кетмоқда. Янги тизим бўйича мигрант Россияга бориб, кейин мустақил равишда иш қидириш ўрнига, олдиндан муайян иш берувчи ва вакансияга бириктирилиши мумкин. Хорижлик ишчилар махсус реестрга киритилиб, уларнинг иш берувчиси, касби ва ишлайдиган ҳудуди қайд этилади. Агар мигрант белгиланган иш берувчида эмас, бошқа жойда ёки бошқа ҳудудда ишласа, у реестрдан чиқарилиши ва мамлакатни тарк этиши талаб қилиниши мумкин. Россия ИИВ ҳисоб-китобларига кўра, 2027–2030 йилларда янги механизм орқали 1,7 миллиондан ортиқ хорижлик ишчи жалб қилиниши мумкин. Уларнинг катта қисми Россия билан визасиз режимга эга МДҲ давлатлари фуқаролари бўлиши кутилмоқда. Янги механизм миграция устидан назоратни ҳам кучайтиради. Иш берувчилар ва хорижлик ходимлар учун алоҳида электрон реестрлар яратилиши, мигрантларга махсус идентификация карталари берилиши режалаштирилган. Шунингдек, Россияга келишдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш, биометрик маълумотларни тақдим этиш ва шахсни идентификация қилиш жараёнларини кучайтириш таклиф этилмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари мигрантнинг битта иш берувчига қаттиқ боғланиши унинг меҳнат ҳуқуқларини чеклаши мумкинлигидан хавотирда. Масалан, иш ҳақи кечиктирилса ёки меҳнат шароити ёмонлашса, ходимнинг бошқа иш жойига ўтиши қийинлашиши мумкин. Айрим бизнес вакиллари эса бундай қаттиқ чекловлар мигрантларни норасмий меҳнат бозорига ўтишга ундаши мумкинлигини таъкидламоқда. Россия, шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон билан ташкилий меҳнат миграцияси бўйича амалдаги келишувларни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X