Uzdiplomat | Расмий канал

@uzdiplomat · news · Belarusian · active

Янгиликлар, танқидий-таҳлилий мақолалар, журналистик суриштирувлар UzDiplomat.uz — Адолат очиқликдан бошланади •facebook.com/uzdiplomat •instagram.com/uzdiplomat.uz •youtube.com/@uzdiplomat Реклама: +99893 571 72 35 Таҳририятга мурожаат— @uzdiplomat_uz

Subscribers 34.8K Subscribers, last 30 days: 34.8K → 34.8K +0 24h
Reach per post (ERR) 22.5%7.8K avg views
Posting 8.7/day last 8 hours ago
Reactions per 1K views 9.2 👍 ❤ 🤣
  1. 🔴200 млрд сўмдан ортиқ зарарни қоплаб, ҳибсдан чиққан генерал яна ИИВ тизимига қайтди Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари, генерал-майор Бекмурод Абдуллаев Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Тайинлов тўғрисидаги буйруқ 24 сентябрь куни имзоланган. ИИВ матбуот хизмати бу маълумотни Uzdiplomat мухбирига тасдиқлади. Эслатиб ўтамиз, Бекмурод Абдуллаев 2021 йил апрелидан ички ишлар вазири ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи бўлиб ишлаган. Бунгача Мудофаа вазирлиги, ИИВ ва Миллий гвардия тизимида турли юқори лавозимларда фаолият юритган. 2025 йил 3 ноябрда у вазир ўринбосари лавозимидан озод этилди. Орадан уч ой ўтиб, 2026 йил 27 январда президент Шавкат Мирзиёев ИИВ тизимидаги давлат харидларида 186 млрд сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани аниқланганини очиқлади. Шу иш доирасида Бекмурод Абдуллаев ҳамда Жазони ижро этиш департаментининг собиқ бошлиғи Рустам Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, улар қамоққа олинган эди. Кейин воқеалар кутилмаган тус олди. Апрель ойида Абдуллаев озодликка чиқди. Манбаларга кўра, у давлатга етказилган 200 млрд сўмдан ортиқ зарарни нақд пул шаклида қоплаган, шундан кейин унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси гаровга ўзгартирилган. Июль ойида иш судга оширилди. Абдуллаев Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишнинг бир қатор қисм ва бандлари бўйича айбланди. У билан бирга Рустам Турсунов ва яна 28 киши — жами 30 нафар шахс судлангани айтилган эди. Сентябрь ўрталарида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Бекмурод Абдуллаев унга қўйилган айбловлар бўйича реабилитация асосида оқлангани ҳақида маълумот тарқалди. Айрим манбалар ҳатто зарарни қоплаш учун депозитга киритилган маблағларни унга қайтариш белгиланганини ҳам ёзди. Бироқ суд жараёни ёпиқ ўтказилгани сабабли оқлов ҳукмининг мазмуни, қайси айбловлар бўйича қандай қарор қабул қилингани ва ҳукм қонуний кучга кирган-кирмагани ҳақида расмий маълумот жамоатчиликка тақдим этилмаган. Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X

  2. 🔴Сирдарёда 1,6 ГВт қувватнинг ўчиши Қозоғистонга ҳам таъсир қилди 25 сентябрь тонгида Сирдарё вилоятидаги янги иссиқлик электр станциясида қарийб 1,6 ГВт генерациянинг бир вақтда тармоқдан чиқиши нафақат Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида, балки Қозоғистонда ҳам электр таъминоти чекланишига олиб келди. Ҳодиса Марказий Осиё мамлакатлари электр тармоқларининг ўзаро қанчалик боғланганини яна бир бор кўрсатди. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса соат 05:05 да Сирдарё вилоятидаги EDF иштирокида қурилган янги станцияда синов-созлаш ишлари давомида юз берган. 1 600 МВт қувват авариявий равишда ўчган. Аварияга қарши автоматика ишга тушиб, Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида аҳоли ва қишлоқ хўжалиги сув насослари вақтинча электрсиз қолган. Соат 07:27 га келиб барча истеъмолчилар тармоққа қайта уланган. Ҳодисанинг кўламини Қозоғистоннинг миллий электр тармоғи оператори — KEGOC берган маълумот янада яққол кўрсатади. KEGOC ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистон энерготизимида соат 05:02 да 1 516 МВт генерация йўқолган. Бу Марказий Осиё бирлашган энерготизимидан Ўзбекистон томон қувват оқимининг кескин ошишига олиб келган ва натижада Қозоғистон электр тармоғидаги «Шимол–Жануб» транзити ажралиб кетган. Оқибатда Қозоғистонда истеъмолчилар учун жами 962 МВт қувват чекланган. Демак, Сирдарёдаги битта йирик генерация объектининг ўчиши амалда трансчегаравий энергетик ҳодисага айланган. «Сирдарё-2» станцияси 25 август куни, Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида янги энергетика объектларини ишга тушириш маросими доирасида расман очилган эди. Унинг аниқ белгиланган қуввати 1 573 МВт. Станция йилига 13 млрд кВт·соатгача электр энергияси ишлаб чиқариши режалаштирилган. Бироқ Энергетика вазирлигининг бугунги ахборотига қараганда, объектда ҳали ҳам синов-созлаш ишлари давом этмоқда. China Energy маълумотига кўра, станциянинг буғ турбинаси 12 июлдагина биринчи марта электр тармоғига уланган. Компания уни Марказий Осиёдаги энг йирик буғ-газ электр станцияси лойиҳаси деб атаган. Лойиҳанинг қиймати 900 млн доллар бўлиб, маблағ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан жалб қилинган. Станцияни Франциянинг EDF, Қатарнинг Nebras Power ҳамда Япониянинг Sojitz ва Kyuden компаниялари иштирокидаги консорциум қурган. IFC ҳужжатларида лойиҳа компаниясидаги улушлар ҳам кўрсатилган: EDF — 33,3%, Nebras — 33,3%, Sojitz — 19%, Kyuden — 14,3%. Электр энергиясини Ўзбекистоннинг «Миллий электр тармоқлари» компанияси 25 йиллик шартнома асосида сотиб олади. Sojitz бу лойиҳани япон компанияси инвестиция киритган Ўзбекистондаги биринчи мустақил электр ишлаб чиқарувчи — IPP лойиҳаси деб таърифлаган. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X

  3. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистон Нетаньяхунинг БМТдаги нутқи пайтида зални тарк этган давлатлар қаторида бўлди Ўзбекистон делегацияси Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи бошланиши арафасида зални тарк этган делегациялар қаторида бўлган. Қирғизистон ва Туркманистон вакиллари ҳам шу гуруҳда қайд этилган. 24 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида Нетаньяху минбарга кўтарилиши билан ўнлаб давлатлар вакиллари залдан чиқа бошлади. Reutersнинг ёзишича бу Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётларига қарши дипломатик норозилик сифатида баҳоланмоқда. Эълон қилинган рўйхатда Марказий Осиёдан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистон бор. Қозоғистон эса бу рўйхатга кирмаган. Осиё ва Туркия гуруҳида, шунингдек, Туркия, Эрон, Покистон, Афғонистон, Бангладеш, Индонезия, Малайзия, Бруней, Мальдив ороллари, Мьянма ва Шимолий Корея қайд этилган. Норозилик фақат мусулмон ва араб мамлакатлари билан чекланмаган. Рўйхатда Испания, Ирландия, Словения, Босния ва Герцеговина, Бразилия, Чили, Колумбия, Жанубий Африка, Кения каби давлатлар ҳам бор. Айни пайтда Исроил билан дипломатик муносабатларни нормаллаштирган БАА ва Баҳрайн вакиллари залда қолгани хабар қилинди. Исроил манбаларига кўра, Миср ва Иордания ўринлари ҳам бўш бўлган, аммо уларнинг ҳолати ташкиллаштирилган демаршга қўшилиш сифатида баҳоланмаган. Нетаньяху залдан чиқаётган дипломатларга кескин жавоб қайтариб, уларни «ахлоқий қўрқоқлар» деб атади. У Исроил ўзини ҳимоя қилиш орқали бошқа мамлакатларни ҳам ҳимоя қилаётганини айтди. Ўзбекистоннинг бу ҳаракати Тошкентнинг Исроил билан дипломатик муносабатларни узиши ёки ташқи сиёсатда кескин бурилиш ясаганини англатмайди. Аммо Ғазо масаласидаги сиёсий позициянинг очиқ дипломатик ишораси сифатида аҳамиятли. Ўзбекистон сўнгги йилларда Фаластин–Исроил можаросида икки давлат тамойилини қўллаб-қувватлаб, Фаластин халқининг мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқини ёқлаб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон делегациясининг Нетаньяху нутқи вақтида залда бўлмагани ёки зални тарк этгани Тошкентнинг аввалги позициясига зид эмас. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X

  4. 🔴Қозоғистон Каспийдаги фожиа қурбонлари учун мотам тутмоқда Ҳалок бўлганлардан бири Қорақалпоғистонда туғилган Бугун, 25 сентябрь Қозоғистонда умуммиллий мотам куни деб эълон қилинди. Президент Қосим-Жомарт Тоқаев тегишли фармойишни Каспий денгизида ҳарбий машғулотлар пайтида ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлгани муносабати билан имзолади. Мамлакат бўйлаб давлат байроқлари туширилди, маданий-оммавий тадбирлар бекор қилинмоқда. Фожиа 24 сентябрь куни Манғистау вилоятида, Қозоғистон Ҳарбий-денгиз кучларининг «Хазар қорғаны–2026» машғулотлари вақтида юз берган. Ўқув-жанг вазифасини бажараётган ҳарбийлар кескин ёмонлашган об-ҳаво ва кучли шамол оқибатида денгизга оқизиб кетилган. Жами 19 нафар ҳарбий сувга тушган. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, 12 нафар ҳарбийнинг ҳалок бўлгани тасдиқланган, икки нафар ҳарбий ҳали ҳам бедарак йўқолган ҳисобланмоқда. Уч киши қутқарилган, улардан бири — 19 ёшли Ақжол Темирхан оғир аҳволда шифохонада. Бугун эрталаб ҳам бедарак икки ҳарбийни қидириш-қутқариш ишлари давом этмоқда. Қурбонлардан бири Ўзбекистонда туғилган. Қозоғистон Мудофаа вазирлиги эълон қилган рўйхатда 20 ёшли Алмас Кобенов Қорақалпоғистонда туғилгани, кейинчалик Манғистау вилоятида яшагани кўрсатилган. Фожиа юзасидан Ақтау ҳарбий гарнизонида жиноят иши қўзғатилган, махсус тергов гуруҳи тузилган. Ҳодиса сабабларини аниқлаш учун ҳукумат комиссияси ҳам иш бошлади. Шу муносабат билан Ақтауда 25–27 сентябрга режалаштирилган шаҳар байрами тадбирлари ҳам бекор қилинган. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X

  5. uzdiplomat иқтибоси:🖍 «Мия ўзгармагунча, бошқа ўзгаришлар негиз тутмас!» Абдурауф Фитрат (1886–1938) Жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири, адиб, олим, публицист, драматург ва давлат арбоби. Ўзбек миллий уйғониши, замонавий таълим ва маърифат тараққиёти учун курашган зиёли. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X

  6. 🔴Taftish.uz раҳбари 10 йил 6 ойга, журналисти 4 йил 1 ойга қамалди Ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташановнинг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди Taftish.uz таҳририяти ходимлари ҳамда ДХХнинг собиқ ходимларига нисбатан ҳукм чиқарган. Ташанов келтирган маълумотга кўра, таҳририят раҳбари Ғайрат Абераев 10 йил 6 ойга, журналист Маржона Эшқувватова эса 4 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, таҳририятнинг яна икки нафар вакили ҳамда ДХХнинг собиқ ходимларига 10 йилдан ортиқ муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Хабарда қайд этилишича, судланувчиларга туҳмат, ҳақорат, фирибгарлик ва товламачилик каби айбловлар қўйилган. Бироқ қайси шахс қайси айблов бўйича айбдор деб топилгани ҳақида батафсил маълумот келтирилмаган. Суд мажлиси ёпиқ тартибда ўтказилган. Ташановнинг билдиришича, ҳукмга кўра, маҳкумлар жазони умумий тартибдаги колонияларда ўтайди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  7. 🔴Ўқитувчиларга 1 октябрь муносабати билан 1 миллион 20 минг сўмгача мукофот берилиши мумкин 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан мактаб ходимлари, жумладан, ўқитувчилар ва раҳбарлар директор жамғармаси ҳисобидан бир марталик пул мукофоти олиши мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг 823-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра, мукофот меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 75 фоизигача белгиланади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 миллион 360 минг сўм эканини ҳисобга олсак, унинг 75 фоизи 1 миллион 20 минг сўмни ташкил этади. Бироқ барча ходимларга айнан шу сумма берилиши аниқлаштирилмаган. Мукофотнинг аниқ миқдори директор жамғармасининг молиявий ҳолати ва ундаги мавжуд маблағлардан келиб чиқиб белгиланади. Яъни 1 миллион 20 минг сўм — берилиши мумкин бўлган мукофотнинг энг юқори чегараси. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  8. 🔴АҚШ ЕХҲТ кузатувчиларини сайловга таклиф қилмади ✔️Шунга ўхшаш ҳолат Ўзбекистон тарихида ҳам бўлган АҚШ ҳукумати 2026 йилги Конгрессга оралиқ сайловларни кузатиш учун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) кузатувчиларини таклиф қилмади. Бу ЕХҲТ 2002 йилдан буён АҚШда сайловларни кузата бошлаганидан бери илк бор юз бермоқда. ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ва ЕХҲТ Парламент ассамблеяси 23 сентябрь куни қўшма баёнот билан чиқиб, Вашингтон қароридан афсусда эканини билдирди. Ташкилотга кўра, АҚШнинг бу қарори ЕХҲТга аъзо давлатлар 1990 йилги Копенгаген ҳужжати доирасида олган мажбуриятларга мос келмайди. Унда давлатлар сайлов жараёнининг очиқлигини ошириш мақсадида халқаро кузатувчиларни таклиф этиши назарда тутилган. АҚШ 2002 йилдан буён ЕХҲТ кузатувчиларини мунтазам қабул қилиб келган. Шу даврда ташкилот мамлакатдаги 12 та федерал сайловни, жумладан, олтита Конгрессга оралиқ сайловни кузатган. Демак, 2026 йилги сайлов сўнгги қарийб чорак асрдаги шаклланган амалиётдан чекиниш бўлади. ДИИҲБ директори Мария Телалиан сайловни кузатиш муайян давлат ёки унинг институтларига «баҳо бериш» эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, халқаро миссия сайловчилар, сайлов органлари, номзодлар ва жамоатчиликка сайлов жараёни бўйича мустақил ва холис баҳони тақдим этади. ЕХҲТ Парламент ассамблеяси президенти Пере Жоан Понс эса АҚШнинг қарорини «шаклланган демократик амалиётдан сезиларли чекиниш» деб атади. Бу ҳолат Ўзбекистон сайловлари тарихидаги вазиятларни ҳам ёдга солади. 1999 йилги парламент сайловлари олдидан Ўзбекистон ЕХҲТ/ДИИҲБни расман таклиф қилган. Аммо ДИИҲБ мамлакатда ҳақиқий рақобатли ва плюралистик сайлов ўтказиш учун шароит етарли эмас, деган хулосага келиб, одатдаги тўлақонли кузатув миссиясини юбормаган. Унинг ўрнига сайлов кунини тизимли кузатмайдиган чекланган экспертлар миссияси ишлади. 2000 йил январдаги президент сайловида эса ДИИҲБ кузатувда иштирок этмади. 2004 йилги парламент сайловига Ўзбекистон яна ДИИҲБни таклиф қилди. Бу сафар ҳам тўлиқ эмас, чекланган кузатув миссияси юборилди. 2009 йилда ҳам Ўзбекистон ЕХҲТни таклиф қилган, бироқ ДИИҲБ сиёсий рақобат етарли эмаслиги ва аввалги тавсияларнинг аксарияти бажарилмаганини асос қилиб, узоқ ва қисқа муддатли кузатувчиларни юбормади. Фақат 14 нафар экспертдан иборат баҳолаш миссияси ишлади. Кейинги йилларда вазият ўзгарди. Масалан, 2024 йилги парламент сайловларига Ўзбекистон расман таклиф берди ва ДИИҲБ 14 нафар асосий эксперт, 26 нафар узоқ муддатли кузатувчидан иборат миссия очди, шунингдек 300 нафар қисқа муддатли кузатувчи юборишни режалаштирди. Илгари сайлов жараёни шаффофлиги масаласида бошқа давлатларга тавсиялар бериб келган Вашингтоннинг ўзи бу гал халқаро кузатувчиларсиз сайлов ўтказишни танламоқда. АҚШда Конгрессга оралиқ сайловлар 2026 йил 3 ноябрь куни бўлиб ўтади. Telegram |Instagram | You Tube I Facebook | X

  9. 🔴 Андижонда аёллар бандлигига 20 миллион доллар: 3 минг онани ишга қайтаришга нима тўсқинлик қиляпти? Андижонда хотин-қизларни иш билан таъминлаш учун алоҳида жамғарма ташкил этилиб, унга 20 миллион доллар ажратилади. Вилоятда ишлаш истагидаги 3 минг аёл бола парвариши билан банд. Уларнинг фарзандларини боғчага жойлаштириш меҳнат бозорига қайтишига шароит яратиши таъкидланди. Ҳозир Андижонда мактабгача таълим қамрови 86 фоизга етган. Тадбиркорлар яна 134 та оилавий боғча очишга тайёр. Масъулларга ўн кун ичида ушбу боғчалар бўйича тегишли битимларни расмийлаштириш масаласини ҳал қилиш топширилди. Бу ҳақида Андижонда президент раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида айтилди . Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  10. edited

    🔴«Нимага 11 йил ўқитиб, болани бир касбга ҳам, бир тилга ҳам ўргатмай чиқаряпмиз?» Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи чоғида мактаб таълими тизимини жиддий ўзгартириш, болаларни мактаб давриданоқ касбга йўналтириш зарурлигини таъкидлади. Давлат раҳбари амалдаги тизимда бола 11 йил мактабда ўқиса-да, битирганида қўлида аниқ бир касб ёки етарли даражада эгаллаган хорижий тил бўлмаслигини танқид қилди. «Нимага ўн бир йил ўқитиб, битта касбга ҳам, битта тилга ўқитмай, болани кенг океанга қўйиб юбораяпмиз? Қани масъулият?» — деди Президент. Мирзиёев ривожланган давлатларда ўқувчига кўплаб йўналишларни юзаки ўргатиш эмас, балки камроқ йўналиш бўйича пухта билим ва кўникма беришга эътибор қаратилишини мисол қилди. Давлат 11 йил давомида мактаб биноси, ўқитувчилар маоши ва таълим учун маблағ ажратади. Аммо якунда ёш олийгоҳга кира олмаса, касби бўлмаса ва ишсиз қолса, бу тизим самарадорлигига савол туғдиради. «Бизда ўн бир йил мактабга давлат бино қуриб бериб, муаллимга пул бериб, ўн бир йил ўқитиб ҳам, олийгоҳга кирмайди, ишсиз бўлади. Мактаб тизимини ўзгартириб, олийгоҳ тизимини ҳам ўзгартириб, дуал таълимга ўтказишимиз керак», — деди давлат раҳбари. Боланинг келажакда қайси соҳада ўзини кўра олиши 11-синфга келиб эмас, 7-синфдан бошлаб аниқланиши керак. Унинг фикрича, мактаб ўқитувчиси ота-она билан биргаликда ўқувчининг қобилияти ва қизиқишини баҳолаб, уни шунга мос йўналтириши лозим. «Ҳамма Беруний бўлолмайди, ҳамма Хоразмий бўлолмайди, ҳамма математик бўлолмайди. Худо берган имкониятига қараб уни касбга ўқитсак, ота-она ҳам рози, давлат ҳам рози, Президент ҳам рози, муҳит ҳам мутлақо ўзгаради», — деди Мирзиёев. Telegram |Instagram | You Tube I Facebook | X

  11. 🔴 Британия Усмоновга қарши чекловларни сақлаб қолади. ЕИ эса санкцияларни бекор қилди Буюк Британия Алишер Усмонов ва Михаил Фридманга нисбатан санкцияларни бекор қилмоқчи эмас. Bloomberg агентлиги бу ҳақда хабар берди. Агентлик маълумотига кўра, Британия бош вазири Энди Бёрнем Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Украина президенти Владимир Зеленский билан ўтказган ёпиқ учрашувда шу позицияни билдирган. У Европа Иттифоқининг икки миллиардерни санкциялар рўйхатидан чиқариш қарорига қўшилмаслигини айтган. Европа Иттифоқи 22 сентябрь куни Усмонов ва Фридманни санкциялар рўйхатидан чиқаришга келишган эди. Reuters маълумотига кўра, Усмоновга нисбатан чекловларни бекор қилишни Франция, Фридман бўйича эса Люксембург илгари сурган. Келишув доирасида рўйхатдаги қарийб 3 минг бошқа шахс ва ташкилотга нисбатан санкциялар уч йилга узайтирилган. Буюк Британия Усмонов ва Фридманга нисбатан санкцияларни 2022 йил март ойида жорий қилган. Чекловлар активларни музлатиш ва мамлакатга киришни тақиқлашни назарда тутади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  12. 🔴«Урушдан қўрқмаймиз, музокарадан ҳам қочмаймиз» ✔️Пезешкиён БМТ минбаридан Трампга жавоб берди Эрон президенти Масъуд Пезешкиён БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида АҚШ президенти Дональд Трампнинг Эронга нисбатан таҳдидларига жавоб бериб, Теҳрон босим остида таслим бўлмаслиги, бироқ тенг ҳуқуқли музокараларга тайёрлигини билдирди. Эрон урушдан қўрқмайди, аммо дипломатия эшигини ҳам ёпмаяпти. «Биз мулоқот, дипломатия ва музокараларга тайёрмиз, аммо куч тили билан эмас», деди у. Пезешкиён АҚШ президентининг БМТ минбаридан бир кун аввал айтган гапларини «зўравонлик тафаккури ва куч мантиғи» сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, Эрон ташқи босим қаршисида «тиз чўкмайди» ва ўзини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлиши шарт. Эрон президенти Теҳрон бошқа давлатларга ҳужум қилиш учун эмас, ўзига таҳдид қилинишига йўл қўймаслик учун кучли бўлишга интилаётганини айтди. Пезешкиён Эрон ядро қуроли яратиш ниятида эмаслигини яна бир бор таъкидлади. Бироқ у тинч мақсаддаги ядро технологияларидан фойдаланиш Эроннинг ҳуқуқи эканини билдирди. У бу масалада Ғарб давлатларини икки хил стандартда айблади. «Атом бомбаси Исроилда, аммо инспекторлар Эронда», деди у. Пезешкиён ядро технологияси фақат айрим давлатларнинг монополияси бўлиши мумкин эмаслигини ҳам таъкидлади. Нутқда глобал иқтисодиёт учун энг муҳим мавзулардан бири — Ҳурмуз бўғози масаласи ҳам кўтарилди. Пезешкиён Эрон ўз сувларида кема қатнови бўйича ҳуқуқларидан маҳрум қилинишига йўл қўймаслигини билдирди. Теҳрон позициясига кўра, минтақада хавфсизликни ташқи кучлар эмас, айнан минтақа давлатларининг ўзи биргаликда таъминлаши керак. «Бу минтақада ҳеч ким ёлғиз ўзи хавфсиз бўла олмайди. Ё хавфсизликни биргаликда қурамиз, ёки беқарорликни биргаликда бошдан кечирамиз», деди Эрон президенти. Пезешкиён нутқ сўзлаётган вақтда АҚШ делегацияси БМТ Бош Ассамблеяси залини тарк этган. ❗️Видео синхрон таржимаси @Dublyaj_aibot да қилинди. Telegram |Instagram | You Tube I Facebook | X

  13. 🔴«Бизнинг танловимиз очиқлик» - Саида Мирзиёева ✔️Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо бўлиш учун номзодини илгари сурди ✔️БМТ минбарида яна ўзбек тили янгради Ўзбекистон 2035–2036 йиллар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сурди. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан Ўзбекистон номидан сўзлаган нутқида маълум қилди. Саида Мирзиёеванинг нутқи ташқи сиёсат, Марказий Осиё, Афғонистон, БМТ ислоҳоти, иқтисодиёт, камбағаллик, таълим, экология, сунъий интеллект, суд тизими, аёллар ва болалар ҳуқуқлари каби кенг масалаларни қамраб олди. Унинг таъкидлашича, урушлар давом этмоқда, геосиёсий зиддиятлар кескинлашмоқда, давлатлар ўртасидаги ишонч сусайиб, тенгсизлик кучаймоқда. Шундай шароитда Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўз йўлини танлаган: «Бу — очиқлик танлови, қўшнилар билан яхши муносабатлар танлови, дунё билан мулоқот танлови». Нутқда яна бир эътиборли сиёсий тезис янгради: «Бугун дунёда давлатлардан “Сиз қайси томондасиз?” деб сўралаётганини кўряпмиз. Бу саволга Ўзбекистоннинг жавоби аниқ: биз инсоният томонидамиз». Унинг сўзларига кўра, давлатнинг қудрати фақат иқтисодий ёки ҳарбий салоҳият билан эмас, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини қай даражада ҳимоя қила олиши билан ҳам ўлчаниши керак. Нутқда Ўзбекистоннинг БМТ тизимидаги келгуси сиёсий мақсадлари ҳам очиқланди. «Бизга фақат қарор қабул қиладиган эмас, қарорларни амалга оширишга қодир БМТ керак. Бизга ҳар бир давлатнинг овози эшитиладиган БМТ керак», деди Мирзиёева. Шунингдек, Ўзбекистон келгуси йилда Қўшилмаслик ҳаракатига раисликни қабул қилиши айтилди. Тошкент бу раисликни қарама-қаршиликлар кучайган шароитда давлатлар ўртасида мулоқот учун янги майдон яратиш имконияти сифатида кўрмоқда. Яқин ўтмишда минтақа ҳал этилмаган чегаралар, сув ресурслари ва бошқа зиддиятлар билан тилга олинганини эслатиб, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари ва минтақа давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси вазиятни ўзгартирганини таъкидлади. «Биз бир-биримизга рақиб эмас, шерик сифатида қарай бошладик». Ўзбекистон позициясига кўра, афғон халқига ёрдам бериш, уларга тинч ҳаётга эришиш учун умид ва ишонч бериш зарур. «Ўзбекистон халқи ва Президенти тинчлик, бирдамлик, ишонч ва инсон қадри устувор бўлган дунё барпо этилишига ўз ҳиссасини қўшишга тайёр», деди у. БМТ минбаридаги нутқ ўзбек тилида ифода этилди. Уни батафсил видеода кўришингиз мумкин. Telegram |Instagram | You Tube I Facebook | X

  14. 🔴Ҳар бир ОТМ учун биттадан Амир Темур номли давлат стипендиясини жорий этиш таклиф қилинди Ўзбекистонда Амир Темур ва темурийлар меросини ўрганаётган талабалар учун янги давлат стипендиясини таъсис этиш таклиф қилинмоқда. Бу Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида назарда тутилган. Лойиҳага кўра, стипендия давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари, шунингдек, қўшма таълим дастурларининг охирги икки курси талабаларига мўлжалланган. Ҳар бир ОТМ учун биттадан стипендия ажратилиши режалаштирилган. Талабгорнинг битирув иши Амир Темур ва темурийлар меросига бағишланган бўлиши ёки унинг мазкур мавзуда камида иккита илмий иши мавжуд бўлиши лозим. Шунингдек, лойиҳада номли давлат стипендиялари соҳибларини бакалавриатни тугатганидан кейин бир йил ичида магистратурага танловсиз, қўшимча давлат гранти асосида қабул қилиш таклиф этилган. Мазкур тартиблар ҳозирча таклиф босқичида бўлиб, уларнинг кучга кириши қарор қабул қилинишига боғлиқ. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  15. 📄uzdiplomat иқтибоси: 🖍 “Виждон ўлар экан, демак, руҳимиз маънавий қуввати сўнади. Шунинг баробарида фикримизга қувват берувчи манба ҳам йўқолади. Мен буни ақлдан озиш деб тушунаман. Ақлдан озган кимсагина ҳаром билан ҳалолнинг фарқига бормайди. Бўғзигача, ҳатто нафаси қайтиб, жони чиққунича ҳаром ботқоғига ботаверади. Буларни шунчаки «ноҳалол одам» дейилишига қаршиман. Аввало булар «одам» деган унвонга нолойиқ. Иккинчидан, ўзбек тилида «ноҳалол»га нисбатан жуда тўғри топиб айтилган «ҳаромхўр» деган ибора бор. Бунақаларни баралла «ҳаромхўр» деявериш керак». Тоҳир Малик, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  16. 🔴Янги заводлар, иш ўринлари ва қулай қатнов... ✔️Мирзиёевнинг Андижон ташрифида нималарга урғу берилди? Президент Шавкат Мирзиёев қарийб бир ярим йиллик танаффусдан сўнг Андижонга борди. Унинг вилоятга аввалги ташрифи 2025 йил 15–16 апрель кунлари бўлган эди. 23 сентябрдаги ташрифда янги корхоналарни ишга тушириш, улар учун мутахассис тайёрлаш ва транспорт имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратилди. Бу йўналишлар бир-бирига боғлиқ, яъни корхонага малакали ишчи, ишлаб чиқариш ва савдога эса қулай транспорт керак. ✔️45 мингдан зиёд иш ўрни қандай яратилади? Ташриф доирасида 9,4 миллиард долларлик 206 та лойиҳа қамраб олинди. Шундан 2,05 миллиард долларлик 98 та лойиҳа ишга туширилди, 7,35 миллиард долларлик 108 тасининг қурилиши бошланди. Улар вилоятнинг барча 16 та шаҳар ва туманида амалга оширилади. Электр автобуслар, қуёш панеллари, мебел ва пойабзал ишлаб чиқариш, таълим, тиббиёт ҳамда энергетика лойиҳалари ҳисобига 45 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бу — лойиҳалар тўлиқ амалга ошгач кутилаётган натижа. ✔️Аэропорт — аввалги ташрифдаги вазифанинг давоми 2025 йил апрелда аэропорт реконструкциясининг биринчи босқичи битказилгани, кейинги босқичда янги терминал қурилиши айтилган эди. Бу гал президент шу қурилиш жараёнини кўздан кечирди. Терминал ишга тушгач, аэропорт соатига минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиши керак. Келгусида йиллик рейслар сонини 808 тадан 2 500 тага етказиш режалаштирилган. Президент қурилишни ўз вақтида ва сифатли якунлаш бўйича топшириқ берди. Президентнинг Андижонга ташрифи икки кунга мўлжалланган бўлиб, эртага давом этади. Бугун давлат раҳбари Андижон туманидаги «Eco Cotton» корхонаси, кичик ГЭС ускуналари ишлаб чиқариш лойиҳаси ва «Андижон–Ҳуаня» техникуми, Хўжаободдаги «ақлли» сув ҳисоблагичлар корхонаси ҳамда Олтинкўлдаги чарм-пойабзал саноат зонаси билан танишди. Ташриф дастурида қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва туризм лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳам белгиланган. Telegram |Instagram | You Tube I Facebook | X

  17. 🔴Болалар кўпайган, оромгоҳлар камайган. Бўстонлиқдаги маскан нега сотув рўйхатида? Бўстонлиқнинг Қизилсув маҳалласидаги 12 гектарли, 250 ўринли «Республика дам олиш маскани»нинг 100 фоиз давлат улуши 2026–2027 йилларда савдога чиқариладиган активлар рўйхатига киритилди. Ваҳоланки, икки йил аввал бу маскан педагоглар ва иқтидорли ўқувчилар учун ажратилган, 2025 йилда эса сараланган талабгорларнинг 12 кун бепул дам олиш тартиби белгиланган эди. Арзон оромгоҳларга эҳтиёж эса кун сайин ортиб бораяпти. 2024 йилги маълумотга кўра, болалар сони 1991 йилга нисбатан 71 фоиз кўпайган, оромгоҳлар сони икки баравар камайган. Хусусийлаштиришдан кейин болалар ва ўқитувчиларнинг бепул дам олиш имконияти сақланадими? Нега масканни ривожлантириш ўрнига сотиш танланган? Uzdiplomat ҳужжатларни ўрганиб, материал тайёрлади. Батафсил сайтда ўқинг! Telegram |Instagram | You Tube I Facebook | X

  18. edited

    🔴ЎЗБЕКИСТОНГА ҚАЙТИШ : Муҳаммад Солиҳ билан эксклюзив интервью 🎥 Тўлиқ интервьюни кўриш «Ҳеч ким интервью олмади. Олишга қўрқди». Имкон бўлса, Ватанга қайтиш. 33 йилдирки, Ўзбекистондан йироқда яшаётган Муҳаммад Солиҳнинг бугунги истаги шу. Қайтса, биринчи Хоразмга — ота-онасининг қабрини зиёрат қилишга бормоқчи. Онаси вафот этганида жанозасига кела олмаган. «Ҳеч бўлмаса дуо қилиб, қарзимизни узмоқчи эдим», дейди у. Бугун у ўзини мухолиф сиёсатчидан кўра кўпроқ ёзувчи деб билади, ҳеч кимга мухолиф эмаслигини айтади. «Ҳақиқий озодлик муҳити яратилса, мен мухолифатни нима қиламан?» — дейди Солиҳ. Айни пайтда, унинг фикрича, одамлар ўз фикрини очиқ айтишдан, ҳатто унинг исмини тилга олишдан чўчиши — Каримов давридан қолган қўрқувнинг асорати. Муҳаммад Солиҳ жамият ана шу қўрқувдан қутулиши кераклигини таъкидлайди. Uzdiplomat Муҳаммад Солиҳ билан қайтиш умиди, соғинч, адабиёт ва ўтмиш билан бугун ўртасидаги узилмаган боғлиқлик ҳақида суҳбатлашди. Батафсил ўқиш Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  19. edited

    🔴Раҳбар тазйиқ ўтказса, шикоят юқори идорага юборилади ✔️Ишдаги босим ва шилқимликка қарши янги тизим яратилмоқда Ўзбекистонда иш жойидаги руҳий босим, камситиш, шаҳвоний шилқимлик ва зўравонлик ҳақида онлайн шикоят қилиш тизими жорий этилади. Агар мурожаат ташкилотнинг мансабдор шахси хатти-ҳаракатлари устидан бўлса, у автоматик равишда юқори турувчи идорага юборилади. Бу Президентнинг 2026 йил 21 сентябрдаги қарорида белгиланди. Хужжатга биноан 2026 йил 1 декабрга қадар давлат органлари ва ташкилотлари учун «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот портали ишга туширилиши керак. У орқали мурожаатларни қабул қилиш, далилларни тўплаш, текширув ўтказиш ва хулоса тайёрлаш жараёнлари юритилади. Текширув натижалари, кўрилган чоралар ва уларга киритилган ўзгартишлар ҳақидаги маълумотлар тизимда сақланади, уларни йўқ қилишга йўл қўйилмайди. Хўш, ходимни ҳимоя қилиш учун яна нималар ўзгаради? Батафсил сайтда ўқинг! 🌐Telegram |📱Instagram | 📱 You Tube | 📱Facebook |🕊 X

  20. edited

    uzdiplomat иқтибоси: 🖍 «Етмиш йиллик аччиқ тажриба шуни кўрсатдики, агар Давлатни Ғоя бошқарса, ғоявийлик — Бош мезон бўлса, Ҳақиқат билан Ёлғоннинг фарқи қолмайди». «Қатлнома» асаридан НАБИЖОН БОҚИЙ, Ёзувчи, таржимон 🌐Telegram |📱Instagram | 📱 You Tube | 📱Facebook |🕊 X

  21. Older posts