«Қатлнома» муаллифи Набижон Боқийга уй берилди Ёзувчи ва таржимон Набижон Боқийга давлат томонидан уй ажратилди. Адиб уй калитини топшириш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига чақирилган ва ҳоким Шавкат Умрзоқов Президент совғасини унга топширган. Ёзувчининг шу пайтгача ўз уйи бўлмаган, сўнгги вақтларда саломатлиги билан боғлиқ муаммоларга ҳам дуч келганди. Набижон Боқий, аввало, Абдулла Қодирийнинг қатағон қилинишига бағишланган «Қатлнома» асари билан танилган. Ҳужжатларга асосланган ушбу қиссада буюк адибнинг фожиали тақдири орқали 1930-йилларда ўзбек зиёлиларига қарши амалга оширилган қатағонлар ёритилади. Асар Қодирийнинг ҳибсга олиниши, унга қўйилган айбловлар ва қатл этилиши билан боғлиқ воқеаларни очиб беради. Адиб 1956 йил 7 ноябрда Фарғона вилояти Бағдод туманидаги Чуваланчи қишлоғида туғилган. 1984 йили Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Унинг «Бир муҳаббат қиссаси», «Гулзамира», «Чингиз афандига мактублар», «Анвар пошонинг васияти» каби асарлари нашр этилган. Набижон Боқий таржимон сифатида ҳам фаолият юритган. Жумладан, Роберт Луис Стивенсоннинг «Меросхўр» ва «Катриона» романларини ўзбек тилига ўгирган. Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохоновнинг «Чўққида қолган овчининг оҳи зори» китобини эса Е. Хўжамбердиев билан ҳамкорликда таржима қилган. Гарчи Набижон Боқий 1996 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган бўлса-да, унинг Туркистон тарихи, мухториятчилар ва муҳожиратдаги истиқлолчилар ҳақидаги кескин ҳужжатли асарлари, мақолалари узоқ вақт давомида йирик давлат нашриётларида чоп этилишида расмий ва норасмий тўсиқларга учраб турган. Унинг айрим асарлари дастлаб Ўзбекистондан ташқарида (масалан, Туркияда) нашр этилишига тўғри келган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
Uzdiplomat | Расмий канал
Янгиликлар, танқидий-таҳлилий мақолалар, журналистик суриштирувлар UzDiplomat.uz — Адолат очиқликдан бошланади •facebook.com/uzdiplomat •instagram.com/uzdiplomat.uz •youtube.com/@uzdiplomat Реклама: +99893 571 72 35 Таҳририятга мурожаат— @uzdiplomat_uz
-
edited -
Суд Ҳарбий прокуратурадан 15 миллион сўм ундириш ҳақида қарор чиқарди «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Ҳарбий прокуратурага қарши киритган даъвоси суд томонидан қисман қаноатлантирилганини маълум қилди. Унинг билдиришича, фуқаролик ишлари бўйича Миробод суди Ҳарбий прокуратура, собиқ ҳарбий прокурор Холбоев ва терговчи Муҳитдиновга нисбатан шаън ва қадр-қимматни ҳимоя қилиш, етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги даъвосини кўриб чиққан. Ташановнинг айтишича, суд Ҳарбий прокуратурадан унинг фойдасига 5 миллион сўм маънавий ва 10 миллион сўм моддий зарар ундиришни белгилаган. Ҳуқуқ ҳимоячиси товон миқдоридан кўра, адолат қарор топиши муҳимлигини таъкидлаган. «Менга маънавий зарарнинг қийматидан кўра адолатнинг қарор топиши муҳимроқ», — деб ёзган Ташанов. «Бизнинг вазифамиз қонун устуворлиги ва адолат тантанасига оммани ишонтириш. Эркини англаган элни ҳеч ким оёғости қилолмайди», — деган ҳуқуқ ҳимоячиси. Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 28 февралда Ҳарбий прокуратура Ташановга нисбатан ёлғон ахборот тарқатиш айблови билан маъмурий иш қўзғатган. Иш унинг қийноқлар ҳақидаги ижтимоий тармоқ постлари ва «Озодлик»ка берган интервьюси билан боғлиқ бўлган. 1 апрелда жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати йўқлиги сабаб ишни тугатган. Шундан сўнг у етказилган зарарни қоплашни сўраб фуқаролик судига мурожаат қилган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
Наманганда боғча тарбияланувчисига жинсий зўравонлик қилгани айтилган қоровул қамоққа олинди Наманган вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотларидан бирида беш ёшли болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани ҳақидаги хабар юзасидан жиноят иши тергов қилинмоқда. Гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ахборотига кўра, ҳодиса 2026 йил 18 сентябрда содир бўлган. Хабар келиб тушгач, Учқўрғон тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходимлари боланинг хонадонига бориб, вазиятни баҳолаган. Дастлабки баҳолашда бола юқори хавф даражасида экани аниқланган. Марказ ички ишлар органлари ва тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда боланинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдидларни бартараф этиш чораларини кўрган. Ҳозир бола ота-онаси қарамоғида. Унга ва онасига психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда. Қонун боғча раҳбарияти зиммасига ҳам мажбурият юклайди 2025 йил 15 майдан кучга кирган «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 44-моддасига кўра, таълим муассасаларида зўравонликнинг олдини олиш учун масъул шахслар тайинланиши керак. Раҳбарият эса зўравонликка имкон берувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиши, болалар учун хавфсиз муҳитни таъминлаши шарт. Қонуннинг 27-моддаси зўравонликдан жабрланган ёки шундай хавф остидаги болалар ҳақидаги фактлар аниқланганда ваколатли органлар ва ички ишлар органларига дарҳол хабар беришни талаб қилади. Шу нуқтаи назардан, мазкур ҳолатда муассасада болалар назорати қандай ташкил этилгани, хавф ҳақида аввал сигналлар бўлган-бўлмагани ва масъуллар қачон хабардор бўлганини ҳам ўрганиш зарур. Бу саволлар гумонланувчининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш билан бирга, бошқа болалар хавфсизлигини таъминлаш учун ҳам аҳамиятли. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
Мудофаа вазирига икки ўринбосар тайинланди Мудофаа вазирлиги раҳбариятида янги тайинловлар амалга оширилди. Қаҳрамонжон Зоидов мудофаа вазирининг қуролланиш ва қуроллантириш бўйича ўринбосари этиб тайинланди. У аввал Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг Қуруқликдаги қўшинлар институтига раҳбарлик қилган. Зоидовнинг мазкур институт бошлиғи лавозимига тайинлангани 2025 йил июлида эълон қилинган эди. Адлия полковниги Жахонгир Муратов мудофаа вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Жахонгир Дилшатович Муратов 1986 йил 21 декабрда Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида туғилган. 2010 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Нурафшон ва Бекобод шаҳарлари, кейинчалик Тошкентнинг Чилонзор тумани прокурори лавозимларида ишлаган. 2024 йил январда «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴Озиқ-овқат бир йилда 6,3 фоизга қимматлашди, энергия нархлари эса инфляцияни тезлаштирди Ўзбекистонда 2026 йил июнида озиқ-овқат нархлари ўтган йилнинг шу ойига нисбатан ўртача 6,3 фоизга ошди. Умумий йиллик инфляция эса майдаги 5,5 фоиздан июнда 6,4 фоизга кўтарилди. Бу ҳақда Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати шарҳида маълум қилинган. Май ойида озиқ-овқатнинг йиллик қимматлашуви 6,7 фоиз бўлган. Июнда бозорларга мавсумий мевалар кўпроқ чиқиши нархлар ўсишини бироз секинлаштирган. Шунга қарамай, кўрсаткич 2025 йил охиридаги 5,5 фоиздан юқори сақланиб қолган. Умумий инфляциянинг тезлашишига энергия нархлари ва тарифлари ошиши таъсир қилган. Электр энергияси ва тармоқ гази тарифлари кўтарилгач, хизматларнинг йиллик қимматлашуви майдаги 6,1 фоиздан июнда 7,1 фоизга етган. Кўмир ва автомобиллар учун метан қимматлашиши, бензин ҳамда пропан нархлари ўсишининг тезлашиши эса ноозиқ-овқат товарлари нархларига таъсир қилган. Ушбу гуруҳда йиллик қимматлашув майдаги 3,7 фоиздан июнда 5,9 фоизга кўтарилган. Марказий банк ҳисобига кўра, шу даврда ўртача иш ҳақи нархлар ошишини ҳисобга олганда ҳам 10,8 фоизга ўсган. Яъни ўртача маошга аввалгига қараганда кўпроқ маҳсулот ва хизмат сотиб олиш мумкин бўлган. Аммо бу ҳамманинг рўзғори бирдек енгиллашди, дегани эмас. Маоши ўзгармаган оилалар озиқ-овқат, электр, газ ва ёнилғи учун кўпроқ пул сарфлашга мажбур бўлган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-


🔴Фарғонада пулли автотураргоҳлар очилади ✔️ Рўйхатда «Ёшлар боғи» ҳам бор Фарғона вилоятининг 13 та шаҳар ва туманида пулли автотураргоҳлар ташкил этилади. Бунинг учун жами 37 766 квадрат метр — қарийб 3,78 гектар майдон белгиланган. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 22 сентябрь куни тегишли қарорни имзолади. Рўйхатда Қўқондаги «Ёшлар боғи», «Наврўз тантаналар саройи» ва Турон кўчаси бор. Ушбу уч манзил учун жами 2 140 квадрат метр майдон ажратилган. Қанчаси боғга тўғри келиши ва автотураргоҳ унинг қайси қисмида бўлиши ҳужжатда кўрсатилмаган. Фурқатдаги «Дўстлик сити» мажмуасида 2 200 квадрат метр, Учкўприкдаги «Бобошбек» савдо комплексида 5 000 квадрат метр майдон автотураргоҳ учун белгиланган. «Дўстлик сити» лойиҳасида истироҳат боғи ҳам кўзда тутилган, аммо автотураргоҳ боғ қисмида қурилиши тасдиқланмаган. Энг катта майдонлар Ёзёвондаги «Юқори сойбўйи» ва «Ёзёвон» маҳаллаларида — жами 9 270 квадрат метр, Қўштепадаги «Қўмтепа» маҳалласида — 7 776 квадрат метр ажратилган. Шунингдек, Қува, Қувасой, Олтиариқ, Сўх, Бағдод, Фарғона, Данғара ва Бувайдада ҳам пулли автотураргоҳлар ташкил этишга рухсат берилган. Автотураргоҳларни шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ишлатади. Машиналарнинг кириш-чиқиши автоматлаштирилган тизим орқали назорат қилинади. Тўлов миқдори қарорда белгиланмаган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴Миллий сертификат имтиҳонларига жойлар чекланди ✔️Агентлик сабабини тушунтирди Энди миллий сертификат имтиҳонларига рўйхатдан ўтиш ҳудудлардаги мавжуд ўринлар сонига қараб амалга оширилади. Ижтимоий тармоқларда лимитлар норозилик ва саволларга сабаб бўлгач, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги изоҳ берди. Агентликнинг билдиришича, бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 июлдаги 411-сон қарори билан киритилган. Унга кўра, имтиҳон ўтказиладиган жойлар, саналар ва ҳар бир ҳудуддаги ўринлар сони олдиндан белгиланади. 2026 йилнинг сентябрь–декабрь ойларига жами 496 303 та ўрин белгиланган. Шундан: — сентябрга — 125 753 та; — октябрга — 129 535 та; — ноябрга — 112 335 та; — декабрга — 128 680 та. Шу даврда математика, кимё, география, биология, физика, она тили ва адабиёт ҳамда тарихдан икки мартадан, ҳуқуқшуносликдан бир марта имтиҳон ўтказиш режалаштирилган. Жами — 15 та имтиҳон. Ўтган йилнинг шу ойларида 11 та имтиҳонда 255 217 нафар талабгор қатнашган. Агентлик лимитлар юқори балл оладиганлар сонини сунъий камайтириш учун қўйилмаганини таъкидламоқда. Расмий изоҳга кўра, мақсад — бинолар, техника ва ходимлар имкониятига қараб имтиҳонларни сифатли ўтказиш, ҳудудлардаги юкламани тақсимлаш ва натижаларни вақтида эълон қилиш. Сертификатлар масаласи бу йил олийгоҳларга қабул пайтида ҳам баҳсларга сабаб бўлди. Барча фанлардан сертификати бор 13 минг нафар абитуриент кириш тестларидан тўлиқ озод қилинган. Ўтган йили бундай абитуриентлар сони 678 нафар эди. Қабулда ўртача ўтиш баллари ҳам кўтарилган. Грант бўйича 121,8 баллдан 134,6 баллга, контракт бўйича эса 84,9 баллдан 93,7 баллга етган. Айрим йўналишларда максимал балл олганлар сони ажратилган ўринлардан анча ошиб кетган. Олий таълим вазири Қўнғиротбой Шариповнинг маълум қилишича, дипломатия йўналишида 550 та ўрин учун 3 200 нафар абитуриент 189 балл тўплаган. Яъни ҳар бир ўринга қарийб олтитадан энг юқори балл олган талабгор тўғри келган. Шундан сўнг вазирлик сертификат эгаларига максимал балл бериш механизмини қайта кўриб чиқиш масаласи ўрганилаётганини билдирган эди. Жой тугаб қолса, талабгор нима қилади? Агентлик муносабатида бу саволга аниқ жавоб берилмаган. Хусусан, ўринлар тўлса қўшимча жой очиладими, бошқа ҳудудда имтиҳон топшириш мумкинми ёки кейинги санани кутиш керакми — булар тушунтирилмаган. Шунингдек, қарийб ярим миллион ўриннинг қайси фан ва ҳудудларга қанчадан тақсимлангани ҳам мазкур изоҳда келтирилмаган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-



🔴Саида Мирзиёева БМТ Бош котиби билан учрашди ✔️У Бош Ассамблеяда ҳам нутқ сўзлаши кутилмоқда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Нью-Йоркда, БМТ қароргоҳида ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди. Мулоқотда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Мирзиёева халқаро вазият мураккаблашган бир пайтда Гутерришнинг фаолияти ва хавфсизлик масалаларида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди. Ташриф доирасида Саида Мирзиёеванинг БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида нутқ сўзлаши ҳам кутилмоқда. Унинг чиқиши Нью-Йорк вақти билан 23 сентябрга тўғри келиши режалаштирилган. Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги таълим, тиббиёт, камбағалликни қисқартириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишларини қамраб олади. 2025 йилдаги расмий маълумотга кўра, 2021–2025 йилларга мўлжалланган дастур доирасида умумий қиймати 293 миллион доллардан зиёд бўлган 166 та қўшма лойиҳа амалга оширилаётган эди. 2025 йил октябрида эса томонлар 2026–2030 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурини имзолаган. У БМТнинг 25 та агентлиги, жамғармаси ва дастури иштирокида аҳоли бандлиги, ижтимоий ҳимоя, тиббиёт ва таълимни яхшилашга қаратилган. Оролбўйида иш ўринларини кўпайтириш ва тоза сувдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор белгиланган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
edited
📄uzdiplomat иқтибоси: 🖍 «Халқаро қидирувда бўлганларни ота-онаси бизга мурожаат қилишсин, биз улар турган давлат раҳбарлари билан музокара олиб бориб, уларни ўзимиз ватанимизга қайтариб келамиз. Бундай кишилар олдин қамаларди, аммо энди ҳаммаси бошқача бўлди. Мен кафилман, уларнинг бирортаси қамалмайди. Ҳатто Суриядаги урушда қатнашганларга ҳам ёрдам берамиз, улар ҳам бизнинг фарзандларимиз». Апрель, 2018 йил. Азиз Тошпўлатов, Ўзбекистон Ички ишлар вазири (У 2017 йил ноябридан 2019 йил июнигача Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган) Каналга уланиш:✏️ https://t.me/uzdiplomat
-
🔴Бухоронинг тарихий марказида скутер ва электросамокатлар ҳаракати чекланади Бухорода 1 октябрдан тарихий марказнинг айрим қисмларида қонунчилик талабларига жавоб бермайдиган йўловчи ташиш ва шахсий ҳаракатланиш воситалари ҳаракати чекланади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинди. Чеклов Арк қўрғонидан Пойи Калон ансамбли ва Ҳақиқат кўчаси орқали Лаби Ҳовузгача бўлган ҳудудни қамраб олади. Қарорда электроскутер, рикша, мопед, тўрт ғилдиракли велосипед, электросамокат ва картинглар санаб ўтилган. Шунингдек, ушбу ҳудудда от ва туяда ҳаракатланишни чеклаш ҳам белгиланган. Ҳужжатга кўра, тарихий марказда бундай воситаларнинг кўпайиши ва тартибсиз ҳаракатланиши пиёдалар ҳамда сайёҳлар хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Пиёдалар жароҳат олган ҳолатлар ҳам қайд этилган. Энди белгиланган ҳудудда пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланишига устуворлик берилади. Кириш ва чиқиш жойларига йўл белгилари ва огоҳлантирувчи кўрсаткичлар ўрнатилади. У ерда фаолият юритаётган тадбиркорлар чекловлар ҳақида олдиндан хабардор қилинади. Бундай хизматларни кўрсатувчиларга «Янги Ўзбекистон» ёки «Боқий Бухоро» боғлари каби махсус ҳудудларда белгиланган тартибда ишлаш имконияти тушунтирилади. Чеклов бутун шаҳарга татбиқ этилмайди. Қарорда кўрсатилган тарихий ҳудудда қонунчилик талабларига мувофиқ бўлмаган воситалар ҳаракатини тартибга солиш назарда тутилган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-


🔴Янги аэропортлар, пулли йўллар ва тезюрар поездлар... ✔️Транспорт соҳасида нималар ўзгаради? Ўзбекистонда янги аэропортлар қуриш, пулли автомобиль йўлларини очиш ва темир йўлларда кўпроқ поезд қатновини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни ушбу лойиҳаларнинг бориши билан танишди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати. Тошкент ва Бухорода умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларлик янги аэропортлар барпо этилмоқда. Янги Тошкент халқаро аэропорти биринчи босқичда йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиши мўлжалланган Ҳозир ҳудуд қурилишга тайёрланиб, муҳандислик тармоқлари кўчирилмоқда. Бухорода аэродром инфратузилмаси қуриляпти. Йўловчи терминалини қуриб, бошқарадиган хусусий шерик эса халқаро тендер орқали танланади. Урганч, Наманган ва Андижон аэропортларини ҳам янгилаш кўзда тутилган. Мақсад — кўпроқ йўловчини қабул қилиш ва хизмат сифатини яхшилаш. Автомобиль йўллари бўйича ҳам бир нечта йирик лойиҳа бор. Августда 2,2 миллиард долларлик Тошкент — Самарқанд пулли йўли қурилишига старт берилган, Урганч — Хива ўртасидаги илк пулли йўл эса ишга туширилган. Энди Тошкент — Андижон ва Тошкент — Бўстонлиқ пулли йўллари учун инвесторларни аниқлаш ва амалий ишларни бошлаш масалалари кўриб чиқилди. Темир йўллардаги асосий муаммо — айрим участкалар катта юклама билан ишлаётгани. Юк ташиш кўпайиши ва янги тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилиши билан мавжуд тармоққа талаб яна ортади. Шу сабабли Ангрен — Поп, Тошғузор — Бойсун — Қумқўрғон, Тошкент — Самарқанд ва бошқа йўналишларни янгилаш таклиф қилинди. Бу ишларга 200 миллион доллар йўналтирилса, участкаларнинг поезд ўтказиш имкониятини 25–30 фоизга ошириш мумкинлиги айтилди. Тошкент — Самарқанд ўртасида тезюрар поездлар учун алоҳида темир йўл қуриш ва «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўли лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистон маҳсулотларини хорижга етказиш учун денгиз портларига чиқиш имкониятлари ҳам кенгайтирилмоқда. Жумладан, Грузиянинг Поти портида логистика маркази ташкил этиш бўйича битим имзоланган. Каспий ва Қора денгиздаги бошқа портларда ҳам Ўзбекистон иштирокида юкларни сақлаш ва ташиш инфратузилмасини яратиш устида иш олиб борилмоқда. Мамлакат ичида эса Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент, Андижон, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида 17 та логистика маркази ва терминал ташкил этиш режалаштирилган. Тақдимотда юк ташиш соҳасида ҳисобга олинмайдиган иқтисодий фаолият улуши ҳали ҳам 42 фоиздан юқори экани қайд этилди. Буни қисқартириш учун ташувчиларнинг ягона реестрини тузиш, электрон йўл варақасини жорий қилиш ва юк ташиш буюртмаларини қабул қиладиган онлайн хизмат яратиш таклиф этилди. Президент лойиҳаларнинг муддати, маблағ манбалари ва кутилаётган натижаларини аниқ белгилаш бўйича топшириқлар берди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
Россияда сайловлар якунланди: «Единая Россия» етакчи, Қодиров 99,85 фоиз овоз олди Россияда 18–20 сентябрь кунлари Давлат Думасининг тўққизинчи чақириқ депутатлари, шунингдек, қатор ҳудудлар раҳбарлари ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтди. Дастлабки натижаларга кўра, парламент сайловида «Единая Россия» партияси етакчилик қилмоқда. Участка комиссиялари баённомаларининг 95,45 фоизи ҳисобланган пайтда «Единая Россия» 57,82 фоиз, КПРФ 13,8 фоиз, ЛДПР 8,99 фоиз, «Новые люди» эса 7,96 фоиз овоз тўплаган. «Справедливая Россия»нинг натижаси 4,96 фоизни ташкил этиб, ўша пайтда партия беш фоизлик тўсиқдан пастда турган. Бу рақамлар якуний натижалар эмас. Ҳудудий сайловларда эътибор тортган натижалардан бири Чеченистонда қайд этилди. Россия Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, барча баённомалар ҳисоблаб чиқилгач, амалдаги раҳбар Рамзан Қодиров 99,85 фоиз овоз билан қайта сайланган. Унинг рақиблари — «Справедливая Россия» номзоди Исмоил Денилханов ва КПРФ номзоди Халид Накаевнинг ҳар бири 0,05 фоиздан овоз олган. Қодиров Чеченистонни 2007 йилдан буён бошқариб келади ва Россиядаги амалдаги ҳудуд раҳбарлари орасида энг узоқ вақт лавозимда қолган раҳбар ҳисобланади. У 2016 йилги тўғридан-тўғри сайловда 97,94 фоиз, 2021 йилда эса қарийб 99,7 фоиз овоз олган эди, деб ёзади РБК. 49 ёшли Қодиров аввал бир неча бор лавозимдан кетиш истагини билдирган. Жумладан, 2025 йил май ойида у ўзини вазифасидан озод қилишни сўраётганини айтганди. Шунга қарамай, бу йил яна сайловда иштирок этди. Аввалроқ, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Владимир Путинга мактуб йўллаб, Давлат Думаси сайловлари муваффақиятли ўтказилгани билан табриклагани хабар қилинди. Президент матбуот хизматига кўра, Мирзиёев сайловчилар иштироки ва овоз бериш натижаларини Россия раҳбарияти олиб бораётган сиёсатга ишонч ва қўллаб-қувватлаш ифодаси сифатида баҳолаган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴Ўзбекистонликлар Хитойга кўпроқ, БАА ва Россияга камроқ бормоқда Ўзбекистонликларнинг хорижга туристик сафарлари кўпайган, аммо ўсиш суръати секинлашган. Айрим йўналишларда сезиларли ўсиш кузатилса, бошқаларида сафарлар сони камайган. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январь–август ойларида 5,3 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда чет элга чиққан. Бу ўтган йилнинг шу давридан 109,9 минг нафарга кўп. Қиёслаш учун, 2025 йилнинг дастлабки саккиз ойида қарийб 5,2 миллионлик кўрсаткич қайд этилган ва йиллик ўсиш 26,8 фоизни ташкил қилганди. Бу йил эса эълон қилинган рақамлар асосида ҳисоблаганда, ўсиш тахминан 2,1 фоизга тенг. Сафарларнинг асосий қисми ҳамон қўшни давлатларга тўғри келмоқда. Қирғизистонга 2 миллион 427,5 минг, Қозоғистонга 955,8 минг, Тожикистонга 876,7 минг нафар ўзбекистонлик борган. Уч мамлакатнинг умумий улуши қарийб 80 фоиз бўлиб, ҳар бешта сафарнинг тўрттаси шу йўналишларга тўғри келади. Ўтган йилга нисбатан Қирғизистонга сафарлар кўпайган, Қозоғистон бўйича кўрсаткич деярли ўзгармаган. Тожикистонга борувчилар эса тахминан 1,3 фоизга камайган. Ўнталикда энг тез ўсиш Хитой йўналишида кузатилган. Ушбу мамлакатга сафарлар 27,6 мингдан 52 мингга етган — қарийб 89 фоизга кўпайган. Шу тариқа Хитой рейтингда ўнинчи ўриндан саккизинчи ўринга кўтарилган. Туркияга сафарлар 16,8 фоизга ўсиб, 212,3 мингга, Саудия Арабистонига эса 11,1 фоизга кўпайиб, 184,2 мингга етган. Вьетнамга борувчилар сони ҳам 17,3 фоизга ошиб, 33,4 мингни ташкил этган. БААда эса тескари манзара: сафарлар 94,2 мингдан 56,9 мингга тушган — қарийб 40 фоизлик пасайиш. Россияга сафарлар 312,7 мингдан 257,6 мингга, яъни 17,6 фоизга камайган. Миср йўналишида ҳам 12,8 фоизлик қисқариш кузатилиб, кўрсаткич 39,6 мингни ташкил этган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴Яна банк ходимлари пул ўғирлади ✔️Тошкентда мижознинг омонатдаги 300 минг доллари ўзлаштирилган ✔️Депортамент банк номини ошкор этмаган Тошкентда тижорат банкларидан бирининг масъул шахслари мижоз омонатининг 300 минг АҚШ долларини қалбаки ҳужжатлар орқали ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълумотига кўра, Сергели тумани бўлими ўтказган терговга қадар текширувда фуқаро И.М. банкка 500 минг доллар омонат қўйгани, масъуллар эса унинг номидан қалбаки ариза ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириб, маблағнинг 300 минг долларини талон-торож қилгани аниқланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167 ва 228-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда. Хабарда банк номи ва маблағнинг қайтарилган-қайтарилмагани очиқланмаган. Бу омонатлар ўзлаштирилиши билан боғлиқ кейинги вақтлардаги биринчи хабар эмас. 2026 йил 13 майда Учтепа туманида банк масъуллари мижознинг 500 минг долларлик омонатини қалбаки ҳужжатлар орқали ўзлаштиргани юзасидан жиноят иши очилгани хабар қилинганди. 2025 йил октябрда эса «Микрокредитбанк»нинг Тўрткўл банк хизматлари марказида 17 омонатчига тегишли 9 млрд 577 млн сўм ўзлаштирилгани ҳақида маълумот берилган. Ўша хабарга кўра, 14 ходимга оид иш судга юборилган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
edited 🔴 Сиёсий айбловлар билан мамлакатни тарк этганлар Ўзбекистонга қайтадими? Сиёсий қочқинлар — реабилитация — Ўзбекистон. 🎥 Тўлиқ видео Uzdiplomat сайти айни шу мавзуни кўтарди. Бунга «Озодлик» радиосининг собиқ бошловчиси, журналист Сарвар Усмон ва сенатор Қудратилла Рафиқов ўртасидаги суҳбат сабаб бўлди. Улар мулоқот давомида сиёсий айбловлар билан хорижда юрган шахсларнинг Ўзбекистонга қайтиши масаласини муҳокама қилишган. Қудратилла Рафиқов Шавкат Мирзиёевни 40 йилдан бери билишини айтиб, буни аввалги маъмуриятдан қолган оғриқли сиёсий мерос, деб атаган. Учрашув тафсилотларини билиш учун журналист Сарвар Усмонни суҳбатга таклиф қилдик. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
🔴 Қозоғистон Россия гази харидини оширмоқда. Ўзбекистонда ҳам импортга эҳтиёж ортмоқда Қозоғистон ички талабни қоплаш учун Россиядан газ харидини кўпайтиришни режалаштирмоқда. Ўзбекистон эса маҳаллий қазиб чиқариш қисқараётган бир пайтда газ импортига тобора кўпроқ маблағ сарфламоқда. Икки давлат учун ҳам асосий масала — аҳоли ва иқтисодиётни газ билан таъминлаш. Бироқ Россия таъминотига боғлиқлик ташқи сиёсий хатарларни ҳам ошириши мумкин. Батафсил… Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
📄uzdiplomat иқтибоси: 🖍 ««Ўрта Чирчиқ туманига борганимизда ёши катта бир онахон аёл олдимга келиб: «Яқинроқ келиб мени ҳидланг, мен орқали бутун аёлларни... Биздан гўнгнинг ҳиди келяпти. Тезак ёқяпмиз. Хоҳлаган хонадонингизга киринг, кўринг», – деди». Қутбиддин Бурхонов, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Октябрь, 2020 йил. Каналга уланиш:✏️ https://t.me/uzdiplomat
-
Madad Invest Bank’нинг собиқ йирик акциядори Мўминжон Йўлдашев халқаро қидирувга берилди Фарғоналик тадбиркор, Madad Invest Bank’нинг собиқ йирик акциядори ва кузатув кенгаши раиси Мўминжон Йўлдашев Ўзбекистон сўрови асосида Интерпол орқали қидирилмоқда. Унинг маълумотлари Интерполнинг «қизил билдиришнома» — Red Notice базасига киритилган. Қидирувга асос сифатида Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш айблови кўрсатилган. Жиноят ишининг тафсилотлари ва эҳтимолий зарар миқдори келтирилмаган. Йўлдашев қурилиш ва тўқимачилик соҳаларидаги бизнеслари билан танилган. UzInvestigations’нинг 2022 йилги ҳисоботида у Madad Invest Bank’нинг йирик акциядори ва кенгаш раиси, «Қувасой таъмир қурилиш» корхонаси асосчиси ҳамда «Баҳодир Лоғон Текстиль» раҳбарияти вакили сифатида қайд этилган. Жаҳон банкининг 2019 йил 8 июлдаги расмий қарорига кўра, Йўлдашев ва унинг назоратидаги корхоналар банк молиялаштирадиган лойиҳаларда иштирок этишдан камида тўрт йилга четлатилган. Бунга Сирдарё вилоятидаги сув таъминоти лойиҳаси доирасида қурилиш тендерида қатнашган рақобатчи компания вакилига таҳдид қилиб, уни таклифини қайтариб олишга мажбурлашга уриниш асос бўлган. Ҳужжатда Йўлдашев белгиланган муддатда айблов ва тавсия этилган санкцияга эътироз тақдим этмагани кўрсатилган. Чекловни бекор қилиш фақат тўрт йил ўтишига эмас, ишбилармонлик ҳалоллиги ва қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича шартлар бажарилишига ҳам боғланган. Ушбу қарорнинг ҳозирги жиноят иши билан боғлиқлиги ҳақида маълумот берилмаган. Маълумот учун, Интерполнинг «қизил билдиришномаси» шахсни топиш ва экстрадиция масаласи ҳал этилгунча вақтинча ушлаш ҳақидаги сўровдир. У халқаро ҳибс ордери ёки шахснинг айбдорлигини тасдиқловчи суд ҳукми ҳисобланмайди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
Москвада портлашлар, нефть заводида ёнғин: Зеленский зарбалар ҳақида гапирди Украина президенти Владимир Зеленский 20 сентябрь куни тунда Москва ҳудудида Россия нефть саноатининг муҳим корхонаси ва логистика объекти нишонга олинганини маълум қилди. «Булар — уруш машинасини таъминлаб турган миллиардлаб долларлар», — деди у. Зеленскийнинг айтишича, операцияда FP-1, RZ-100, «Паляниця», «Лютий», «Фламинго» ва «Пеликан» каби узоқ масофага зарба берувчи тизимлар қўлланган. Бироқ қайси қурол айнан қайси объектга йўналтирилгани очиқланмаган. Украина Бош штаби маълумотига кўра, зарбалардан бири Москванинг Капотня ҳудудидаги «Газпром нефть» компаниясига қарашли нефтьни қайта ишлаш заводига берилган. Украина томони корхонанинг бирламчи қайта ишлаш ва бошқа технологик қурилмалари шикастлангани, ёнғин чиққанини билдирган. Kyiv Post нашри логистика объекти Москва вилояти Раменское округидаги Софьино омбор мажмуаси эканини ёзган. Унинг зарар кўлами мустақил манбаларда ҳозирча тасдиқланмаган. Москва мэри Сергей Собянин бир нечта дрон нефть заводи ҳудудига етиб борганини тасдиқлаган. Reuters мухбирлари ҳам портлаш овозларини эшитиб, завод томондан тутун кўтарилганини кузатган. Корхонага етказилган зарарнинг аниқ ҳажми ҳозирча маълум эмас. Москва вилояти губернатори Андрей Воробьёв ҳужумларда икки киши ҳалок бўлганини билдирган. Унинг маълумотига кўра, Раменское округидаги кўп қаватли уйдан 400 киши, жумладан, 70 бола эвакуация қилинган. Зеленский Воронеж вилоятидаги яна бир объектга ҳам зарба берилганини айтган. У Москвани урушни тугатишга чақириб, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича кескинликни пасайтириш таклифлари мавжудлигини таъкидлаган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
-
edited
🔴1,18 млн долларлик «улуш»: «Ўзагролизинг» собиқ раҳбари 6 йилга қамалган ✔️У эски комбайнларни қайта таъмирлаб, янги техника сифатида Ўзбекистонга етказиб беришга келишгани айтилмоқда «Ўзагролизинг» АЖ собиқ бошқарув раиси Нодир Отажонов Хитойдан пахта териш комбайнларини импорт қилиш билан боғлиқ иш бўйича 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бу ҳақда суд ҳужжатлари билан танишган Kun.uz хабар берди. У билан бирга «Inter Agromash» МЧЖ таъсисчиси Хайдар Абдушукуров ҳам 5 йилга қамалган. Нашрнинг ёзишича, ҳар иккиси айбловларни тан олмаган. Суд ҳужжатига кўра, Отажонов Хитой компанияси билан аввал ишлатилган 100 та комбайнни қайта таъмирлаб, янги техника сифатида Ўзбекистонга етказиб беришга келишган. Уч қаторли машиналар икки қаторли кўринишга келтирилиб, ҳар бири 80 минг доллардан импорт қилиниши режалаштирилган. Отажонов 8 млн долларлик шартнома тузилишини таъминлаш эвазига 15 фоиз «улуш» олишга келишгани қайд этилган. Суд ҳужжатида у 2024 йил август–октябрда жами 1 млн 180 минг доллар олгани ва пулларни дўстининг уйида сақлагани айтилган. Комбайнлар «Inter Agromash» орқали импорт қилиниб, фермерларга лизинг асосида етказилган. Дастлабки шартномада 35 та техниканинг ҳар бирини 1 млрд 650 млн сўмдан сотиш белгиланган. Ишлатилган машиналарни янги деб расмийлаштириш орқали 7,5 млрд сўм божхона тўловларидан бўйин товлангани кўрсатилган. Фермерларга етказилган 29 та комбайндан фойдаланиш жараёнида техникалар янги эмаслиги маълум бўлган. Айрим фермерлар уларни қайтаришни сўраган, тўланган аванслар қайтарилган ёки бошқа лизинг тўловларига йўналтирилган. Кейинчалик навбатдаги олтита комбайн божхонада текширилганда, идентификация рақамлари қалбаки экани, машиналар аслида 2019–2021 йилларда ишлаб чиқарилиб, қайта таъмирлангани аниқланган. Отажонов судда комбайнлар учун давлат маблағларидан тўлов қилинмаганини, божхона расмийлаштирувига алоқаси йўқлигини билдириб, оқлов сўраган. Унинг айтишича, Хитой компанияси янги техника етказиб бериш мажбуриятини бузган ва зарарни қоплашга рози бўлган. У терговда босим ўтказилгани, ўғлини жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилингач, ҳужжатларга имзо қўйганини ҳам айтган. Суд эса айбловлар гувоҳлар кўрсатмалари, экспертизалар ва бошқа далиллар билан тасдиқланган, деб топган. Юнусобод туман суди 2025 йил 28 октябрда ҳар иккисини Ўзбекистон манфаатларига хилоф битимлар тузиш ва божхона қонунчилигини бузишда айбли деб топган. Қамоқ жазосидан ташқари, уларнинг ҳар бирига 206 млн 250 минг сўмдан жарима белгиланган. Отажонов «Ўзагролизинг» тизимида муайян лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ҳам 3 йилга маҳрум қилинган. Иш доирасида 100 та комбайнни мусодара қилиш белгиланган. 2026 йил июнда апелляция суди кўчмас мулклардан бирини давлат фойдасига ўтказиш қисмини бекор қилган, асосий жазоларни ўзгартирмаган. Отажонов «Ўзагролизинг»ни 2020–2025 йилларда бошқарган. У 2024 йил августда «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
- Older posts