🔴Сирдарёда 1,6 ГВт қувватнинг ўчиши Қозоғистонга ҳам таъсир қилди 25 сентябрь тонгида Сирдарё вилоятидаги янги иссиқлик электр станциясида қарийб 1,6 ГВт генерациянинг бир вақтда тармоқдан чиқиши нафақат Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида, балки Қозоғистонда ҳам электр таъминоти чекланишига олиб келди. Ҳодиса Марказий Осиё мамлакатлари электр тармоқларининг ўзаро қанчалик боғланганини яна бир бор кўрсатди. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса соат 05:05 да Сирдарё вилоятидаги EDF иштирокида қурилган янги станцияда синов-созлаш ишлари давомида юз берган. 1 600 МВт қувват авариявий равишда ўчган. Аварияга қарши автоматика ишга тушиб, Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида аҳоли ва қишлоқ хўжалиги сув насослари вақтинча электрсиз қолган. Соат 07:27 га келиб барча истеъмолчилар тармоққа қайта уланган. Ҳодисанинг кўламини Қозоғистоннинг миллий электр тармоғи оператори — KEGOC берган маълумот янада яққол кўрсатади. KEGOC ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистон энерготизимида соат 05:02 да 1 516 МВт генерация йўқолган. Бу Марказий Осиё бирлашган энерготизимидан Ўзбекистон томон қувват оқимининг кескин ошишига олиб келган ва натижада Қозоғистон электр тармоғидаги «Шимол–Жануб» транзити ажралиб кетган. Оқибатда Қозоғистонда истеъмолчилар учун жами 962 МВт қувват чекланган. Демак, Сирдарёдаги битта йирик генерация объектининг ўчиши амалда трансчегаравий энергетик ҳодисага айланган. «Сирдарё-2» станцияси 25 август куни, Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида янги энергетика объектларини ишга тушириш маросими доирасида расман очилган эди. Унинг аниқ белгиланган қуввати 1 573 МВт. Станция йилига 13 млрд кВт·соатгача электр энергияси ишлаб чиқариши режалаштирилган. Бироқ Энергетика вазирлигининг бугунги ахборотига қараганда, объектда ҳали ҳам синов-созлаш ишлари давом этмоқда. China Energy маълумотига кўра, станциянинг буғ турбинаси 12 июлдагина биринчи марта электр тармоғига уланган. Компания уни Марказий Осиёдаги энг йирик буғ-газ электр станцияси лойиҳаси деб атаган. Лойиҳанинг қиймати 900 млн доллар бўлиб, маблағ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан жалб қилинган. Станцияни Франциянинг EDF, Қатарнинг Nebras Power ҳамда Япониянинг Sojitz ва Kyuden компаниялари иштирокидаги консорциум қурган. IFC ҳужжатларида лойиҳа компаниясидаги улушлар ҳам кўрсатилган: EDF — 33,3%, Nebras — 33,3%, Sojitz — 19%, Kyuden — 14,3%. Электр энергиясини Ўзбекистоннинг «Миллий электр тармоқлари» компанияси 25 йиллик шартнома асосида сотиб олади. Sojitz бу лойиҳани япон компанияси инвестиция киритган Ўзбекистондаги биринчи мустақил электр ишлаб чиқарувчи — IPP лойиҳаси деб таърифлаган. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X